Юристлар: Болот Темиров айбдор эмас, уни жазога тортиш муддати эса ўтиб кетган

Куч тизимлари раҳбарларининг кирдикорларини фош қилиб келаётган журналистга босим кучайди.

Кеча, 21 апрель куни Бишкек шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Тергов хизмати журналист, Temirov LIVE YouTube канали муаллифи Болот Темировга нисбатан қўзғатилган янги жиноий ишлар бўйича маълумотларни ёйинлади.

Унга кўра, Болот Темиров 1996 йили Россия фуқаролигини олиб, 2008 йили қирғиз паспортини ноқонуний олиш учун паспорт берувчи идорага “қалбаки ҳарбий хизматга алоқадорлиги ҳақидаги қоғоз ва вақтинчалик гувоҳномани” топширган.

Шунингдек, тергов хизмати Темиров “қалбаки ҳужжатлар асосида олган паспорти билан” Қирғизистон чегарасини 50 мартадан кўпроқ ноқонуний кесиб ўтганини иддао қилган.

Болот Темиров ким?

Таниқли журналист Болот Темиров 1979 йили Қирғизистонда туғилиб, 1 синфгача Ўшда яшаган. Ундан кейин ота-онаси билан Москвага кўчиб кетган. Россияда ўқишни тамомлагандан кейин, 2006 йили Қирғизистонга қайтган.

Ўша йили Темиров Қирғизистон Миллий телерадиокомпаниясида, кейинроқ эса “5 канал” телекомпаниясида ишлаган. Шунингдек, у 2010 йилгача собиқ президент Қурманбек Бакиевнинг матбуот хизматида фаолият олиб борган.

Темиров 2018 йили Factcheck.kg сайтига асос солган. Ҳозирда у Temirov LIVE нашриётига раҳбарлик қилади.

Журналисттик суриштирувлари сабабли Темировни бунгача бир неча бор ҳибсга олишган, ҳатто калтаклаб ҳам кетишган. Унинг ўзи ва ҳамкасблари милиция тарқатган маълумотларни ана шундай босим ўтказишларнинг бири деб ҳисоблашади.

Милицияда билимли юристлар йўқми?

Журналистнинг адвокатлари, унга «чегарани ноқонуний кесиб ўтиш» ва “ҳужжатларни сохталаштириш” моддалари бўйича қўйилган айбларни “аҳмоқона” деб атайди. Юристларнинг мурожаатини Болот Темиров 20 апрел куни Фейсбукдаги саҳифасида эълон қилган.

“Терговга кўра, Болот Темиров қалбаки ҳарбий ҳужжат ва фуқаро паспорти йўқолган пайтда берилувчи вақтинчалик гувоҳнома қўлланган. Бироқ, бу ҳужжатлар тегишли идоралар тарафидан берилган бўлса, улар қандай қалбаки бўлади?”, дея савол остига олади адвокатлар.

Шунингдек, юристлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг, Темиров 14 йилдан бери чегарани ноқонуний кесиб ўтган дея айбловларини ҳам танқид қилган. Сабаби, журналист Қирғизистонга чегара назорат пунктлари орқали қайтиб келгани маълум.

Одатда, “давлат чегарасидан ноқонуний ўтиш” деб, агар фуқаро давлатга чегара назорат пунктларидан бошқа йўллар билан кирса, шунингдек чегарани қалбаки ёки бошқа шахснинг ҳужжати билан кесиб ўтган тақдирдагина айтилади.

Адвокатлар Болот Темировнинг паспорти ҳақиқатан ҳам қалбаки бўлса, у ҳолда жиноий иш унга ҳужжатларни берган масъул одамларга нисбатан қўзғатилиши кераклигини урғулашади.

“Темиров бу жиноятнинг субъекти бўлолмайди. Сабаби, у паспорт берувчи ёки унга қалбаки ҳарбий ҳужжат ва вақтинчалик гувоҳнома берган ҳарбий идора ходими эмас”, дейишади юристлар.

Бу икки жиноий ишдан ташқари Темировга нисбатан жорий йилнинг январ ойида “гиёҳванд моддаларни ноқонуний сақлаш” бўйича судгача бўлган суриштирув ҳам бошланган. Тергов маълумотларига кўра, журналистнинг уйида ўтказилган тинтув чоғида гўёки у ердан гиёҳванд модда топилган.

Борди-ю, Болот Темировга қўйилган янги айбловлар жўяли бўлсин дейлик. Лекин шундай бўлган ҳолатда ҳам уни жавобгарликка тортишга асос йўқ. Адвокатлар журналистни жавобгарликка тортиш учун қонунда кўрсатилган муддат ўтиб кетганини қўшимча қилишади.

Темировга қўйилаётган “давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш” моддаси бўйича энг кўп жазо – икки йилгача қамоқ жазоси. Бу “унча оғир бўлмаган жиноят” турига киради. Жиноят кодексининг 58 моддасига биноан, “унча оғир бўлмаган жиноятлар” учун даъво муддати уч йил.

“Қалбаки ҳужжат тайёрлаш” моддаси учун эса беш йилдан саккиз йилгача қамоқ жазоси кўзда тутилган. Бу “оғир жиноятлар” турига киради. Қонунга мувофиқ, “оғир жиноятлар” учун даъво муддати етти йилни ташкил этади. Тергов берган маълумотга кўра, Темиров Қирғизистон паспортини 14 йил аввал, 2008 йили олган.

Бишкекдаги “Медиа Полиси Институти” нодавлат ташкилоти журналистлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш билан шуғулланади. Ташкилот юристи Ақмат Алагушев журналист Болот Темировга қўйилган айбловлар билан ҳали танишмаганини, лекин бу ҳақда аниқ фикрини  айта олади.

“… Бир нарсани ишонч билан айта олман. Бу ерда Болот Темировни обрўсизлантириш ҳаракати бўлмоқда”, дейди медиа юрист.

Болот Темиров нима дейди?

Темиров ўзига нисбатан қўзғатилган жиноий ишларни, Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев билан боғлиқ журналистик суриштирувлари билан боғлиқ эканини айтади.

У журналистлар билан суҳбатда, паспортини Қирғизистонда туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома асосида олганини маълум қилган. Шунингдек у, соғлиги тўғри келмагани туфайли армияда хизмат қилмай, ҳарбий билет олганини қўшимча қилган.

“Мен Ўзганда туғилиб, улғайганман. Буни туғилганим тўғрисидаги гувоҳнома ҳам тасдиқлайди. Шунинг учун мен қирғиз фуқаролигини олишга ҳақлиман”, дейди Темиров.

У Россия фуқароси ҳам эканини тасдиқлаб, бунга қонун йўл беришини урғулайди.

“…Қирғизистонда ҳар учинчи одамнинг ўрис паспорти бор. Бу (унга нисбатан очилган жиноий ишлар. – таҳр.) очиқдан-очиқ босим деб ҳисоблайман. Ташиев ҳақида суриштирув чиқарсак, эртаси куниёқ жиноий иш очишди”, дейди Темиров.

Жорий йилнинг 18 апрелида Temirov LIVE канали Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев фарзандларининг давлат тендерларида иштироки бўйича текширувни эълон қилган эди.

Шоҳруҳ Соипов, Оқбура, Бишкек.

Сурат интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг