Қуштарбек Кимсанов: Донг таратиш учун шеърлар ёзмайман…

Ўшлик эл ардоғидаги шоир, серқирра ижодкорнинг кўплаб асарлари ўзбек тилига ҳам ўгирилган.

“Барча дўстларингни, меҳмонларингни йиғиб олиб, фақат мақтов эшитиш жуда ноқулай бўлар экан”, – деди Қуштарбек Кимсанов 21 апрель куни Ўшда бўлиб ўтган тадбирда.

Тўқтўғул Сатилғанов номидаги Ўш вилоят кутубхонасининг мажлислар залида шоир, ёзувчи, таржимон, публицист Қуштарбек Кимсановнинг ижодига бағишланган адабий анжуман бўлиб ўтди. Унга шоирнинг барча жабҳаларда фаолият кўрсаётган дўстлари, Қирғизистон миллий ёзувчилар уюшмасининг Ўш вилоят бўлими аъзолари, адабиётшунос устозлар ва қирғиз тили, журналистика факультети ўқитувчилари, ўқувчилар қатнашдилар.

Ижодкор дўстлари даврасида

Тадбирни Қирғизистон миллий ёзувчилар уюшмасининг Ўш вилоят бўлими раиси Улуғбек Омукеев олиб борди. Талаба ёшлар ва ўқувчилар томонидан шоир қаламига мансуб шеърлар ўқилди. Унинг шеърларига басталанган қўшиқлар куйланди. Шоирнинг ҳар жабҳада бирга хизмат қилган қаламдошларидан Зинақан Пасанова, Турғунбай Алдақуловлар тадбир сабабчисига узоқ умр, ижодий парвозлар тиладилар. Жумладан, “Адабий ахборот” журналининг бош муҳаррири Барно Исоқова шоирга совға сифатида таржима қилган шеърларини ўзбек тилида ўқиб берди.

Ўш Давлат Университетининг катта ўқитувчиси, шоирнинг ҳам устози, Асилбек Айтмамбетов шоирнинг назмда ҳам, насрда ҳам баракали ижод қилганини эътироф этар экан, сатрлари бир ҳарф билан бошланган асарларига алоҳида урғу берди. Мувашшаҳларини ўқиб бериб, маъносини ечган ўқувчиларга шоирнинг китобидан эсдалик учун совға қилди.

Қуштарбек Кимсановнинг шу кунгача 20 дан ортиқ китоблари нашрдан чиққан бўлиб, улар орасида 2007 йили ”Менинг дунёим” номли 104 саҳифалик ўзбек тилидаги китоби нашр қилинган.

Қуштарбек дастлаб турли газеталарнинг муҳаррири сифатида танилиб, сўнг Ўш шаҳар таълим бошқармаси бошлиғи сифатида фаолият кўрсатган. Таълим ва тарбиядаги мавжуд муаммоларни бартараф қилиш йўлида ҳам амалий, ҳам назарий хизмат қилди.

Муаммолар ҳақида ҳикоя, эртак тарзида ёзиб, инсоннинг маънавий дунёсига таъсир ўтказса, амалдаги ишлари, яъни тўғридан тўғри амали юзасидан мактаб шароитини ўрганиб, яхшилаши, ўқувчиларни китоб ўқитишга қилган даъватлари, шаҳар миқёсида ўтказган тадбирлари жуда кўп.

Ҳозирги кунда ҳам Қуштарбек босмахона директори сифатида янги-янги китобларнинг дунёга келиши учун яхши ишларни амалга оширмоқда.

Сокина, Оқбура, Ўш.

Расмлар муаллифники

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг