Элчихона олдида. Бишкекда фаоллар қўшни Тожикистонга қарши намойишга чиқишди
Икки давлат ўртасидаги доимий музокараларга қарамай, чегарада қурбонлар бўлиб турибди.
Пайшанба, 14 апрель куни Тожикистоннинг Қирғизистон пойтахти Бишкекдаги элчихонаси олдида норозилик намойиши ўтказилди. Иштирокчиларнинг қўлларида давлат байроғи ва чегарадаги қуролли тўқнашувлар пайтида қурбон бўлган тинч аҳоли вакилларининг, жумладан 2021 йилнинг апрелида бўлиб ўтган қонли тўқнашув пайтида ҳалок бўлган 12 ёшли қизалоқнинг расмлари бор эди.
Эслатиб ўтамиз, 12 апрель куни Қирғизистоннинг Боткен вилоятидаги қирғиз-тожик чегарасида навбатдаги отишма юз берди. Қирғизистон чегара хизмати берган маълумотга кўра, соат 21.17 чамасида Тожикистон чегарачилари Лайлак туманининг Радар-1 деган жойини кучайтириш учун келган Қирғизистон чегарачиларига қарата ўқ отишган. Бунгача Тожикистон чегарачиларининг Қирғизистон қишлоқларига миномётлардан ўт очгани ҳақида ҳам айтилган.
Отишмада олти нафар қирғизистонлик яралангани маълум. Улардан 4 нафари жарроҳлик бўлимига ётқизилган. Улар орасида 23 ёшли аскар сони ва товонидан яраланган, бошқа аскарнинг тиззаси чиқиб кетган.
Тожикистон томон ўз йўқотишлари ҳақидаги маълумотларни ошкор қилмаган эди. Кеча расмийлар ўша отишмада оғир яраланган тожик чегарачиси, Хатлон вилоятида туғилган 27 ёшли сержант Зоир Сайидумаровнинг касалхонада вафот этганини тасдиқладилар. Аввалроқ Озоди радиоси манбалари отишма натижасида Сайидумаровнинг қорин ва кўкрак қисмидан ўқ жароҳатлари олгани ҳақида хабар беришган эди.
Дўсти тумани раиси Даврон Нишонзоданинг “Озодлик” радиосига айтишича, Зоир Сайидумаров 2020 йилнинг баҳорида ҳарбий хизматга чақирилган бўлиб, хизмат муддати деярли якунланиб қолган эди.
Қўлбола тайёрланган плакатларда “Раҳмон – қотил”, “Раҳмон Қирғизистонга тажовуз қилишни тўхтат!” каби ёзувлар. Намойишчилар Тожикистон президенти Эмомали Раҳмонни чегарадаги вазиятни кескинлаштирганликда айблаб, нутқлар сўзлашди.
Намойишчилар олдига элчихонадан ҳеч ким чиққани йўқ, кейин ҳам элчихона бунга расмий муносабат билдирганича йўқ.
Намойишчиларни кузатиб турган милиция ходимлари плакатлардаги шиорларни «тажовузкор» деб атаб, унинг муаллифларига ушбу ҳаракатлар учун қонуний жавобгарлик қаралганини эслатишган.
Бир кун аввал Қирғизистон президенти президент Садир Жапаров қирғиз-тожик чегарасидаги сўнгги тўқнашувларни тилга олиб, ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида фуқароларни қўшни давлат ҳақида турли [номақбул] маълумотларни ёзишдан қайтарган.
«… Журналистларга, ўзини блогер деб ҳисоблайдиган фуқароларимизга бир илтимосим бор. Қўшни давлатлар билан бўлган низоларда маълумот тарқатишни ва уларнинг раҳбарларини ҳақорат қилишни бас қилинг. Бу одоб-ахлоқ қоидаларига тўғри келмайди. Бу билан вазиятни оғирлаштирасиз ва икки халқ ўртасида норозиликни қўзғатасиз”, деб ёзган президент.
Жапаров чегарада 30 йилдан бери ҳал этилмаган муаммолар борлигини тан олиб, уларни ҳал қилиш “жуда эҳтиёткорлик ва узоқни кўришни ҳамда вақт талаб қилинишини” эслатган. “Худо хоҳласа, президентлик муддатим тугагунча бу масалани ҳал этиш ниятидаман», – деб ёзган Садир Жапаров.
Бугунги кунда чегарада вазият барқарор. Отишма пайтида Лайлак ва Боткен туманларидан эвакуация қилинган аҳоли ўз уйига қайтмоқда. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди. Вазирлик берган маълумотга кўра, мустақил равишда қариндошларининг уйларига кўчиб ўтган 18 кишилик аҳолининг деярли ярми уйларига қайтиб келишган. Бундан ташқари Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан эвакуация қилинган 500 дан ортиқ фуқаро ҳам ўз уйларига қайтган.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди