Рамазон ойидаги отишма: Боткенда қирғизистонлик чегарачи ярадор бўлди
Тожикистон чегарачиларининг кутилмаганда Қирғизистон томонга ўт очгани айтилмоқда.
Кеча, 12 апрель куни кечки соат тўққиздан ўтганда Қирғизистоннинг Боткен вилоятидаги қирғиз-тожик чегарасида яна отишма юз берди. Қирғизистон чегара хизмати берган маълумотга кўра, соат 21.17 чамасида Тожикистон чегарачилари Лайлак туманининг Радар-1 деган жойини кучайтириш учун келган Қирғизистон чегарачиларига қарата ўқ отишган. Отишма натижасида Қирғизистон томондан бир чегарачи яраланган.
Зудлик билан олиб борилган музокаралар натижасида отишма тўхтатилган. Лекин кейинроқ, тунги 11ларда қўшнилар яна Қирғизистон чегарачилари томон ўт очиб, отишма яна янгиланган.
Бунгача Тожикистон чегарачиларининг Қирғизистон қишлоқларига миномётлардан ўт очгани ҳақида айтилмоқда.
Чегарадаги отишмалардан ва турли жанжаллардан безор бўлган аҳоли воқеа жойидаги уйларини ташлаб чиқа бошлаган. Ярим тунга яқин чегарада тинчлик ўрнатилгач, улар уйига қайтишган. Ҳозир икки томон бутун чегара бўйлаб тўла барқарорликни ўрнатиш бўйича музокаралар олиб боришмоқда.
“Бундан ташқари тожик томоннинг жанжал бўлган жойга янги куч ва воситаларни тортиб келгани қайд этилган… Қирғизистон Чегара хизмати вазиятни барқарорлаштириш учун барча чораларни кўрмоқда”, дейилади расмий маълумотда.
Президентнинг Боткен вилоятидаги вакили Абдикарим Алимбаевнинг 24.kg сайтига берган маълумотга кўра, бир неча бор ўтказилган музокаралар натижасига кўра яқин орада икки вилоят раҳбарларининг куч хизматлари вакиллари иштирокида учрашуви ўтказилиши режалаштирилди.
Оқбура, Бишкек.
Сурат интернетдан олинди