Депутат Алимжонов дипломининг сохта эмаслигини исботлай олишини айтди

Фарҳод Алимжонов бугунги Қирғизистон парламентидаги ўзбек миллатига мансуб ягона депутат.

Қирғизистон парламентининг депутат Фарҳод Алимжоновнинг дипломи сохта экани ҳақидаги хабар жамоатчиликда, айниқса унинг сайловчилари ва курсдошлари орасида норозилик уйғотди. Бу хабарни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) маълум қилиб, масалани қараб муҳокама қилиш учун Марказий сайлов комиссиясига (МСК) мурожаат қилган. Агар МСК депутатнинг олий маълумотли эканини тасдиқловчи дипломини чинданам қалбаки деб топса, Алимжановни депутатлик мандатидан маҳрум қилиши мумкин. Чунки қонунга кўра, парламент депутати олий маълумотли бўлиши шарт.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Жўғўрқу Кенешнинг уч депутати сохта диплом ва қўш фуқароликда гумонланаётганини маълум қилганди.

Фарҳодбек Алимжонов республика парламентига ўтган йилнинг ноябрь ойида “Альянс” партияси сафида сайланиб келган. У Қирғизистонда истиқомат қилаётган миллиондан ортиқ ўзбекларнинг парламентдаги ягона вакили.

Фарҳодбек Алимжонов Ўш давлат университети ва республика президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тамомлаганаи ҳақида дипломлари бор. Бу ҳужжатларнинг сохталиги ҳақидаги маълумотни рад этар экан, ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида қуйидагиларни ёзган:

«1) Ўш Давлат университетининг иқтисод факультетини тамомлаб, 2016-йилда бакалавр даражасини олдим. Диссертациям ҳимояси чоғида ўқитувчилар билан диссертациям мавзуси атрофида жуда самарали муҳокама бўлиб ўтди, ЎДУ ўқитувчилари менинг ҳимоямни ҳалигача эслаб қолишган. ⠀

2) 2018-йилда Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тамомлаганман. Қирғизистон Республикаси “Давлат ва муниципал бошқарув” йўналиши бўйича магистрлик даражасини олдим. ⠀

Ёзув остига барча тегишли ҳужжатларнинг расмларини – дипломлар ва бошқа материалларни илова қилган. Тарқалган маълумотга вазмингина реакция қилган депутат, мухлисларига «Аллоҳ тутган рўзаларимизни, амалларимизни қабул қилсин!» – деб тилак билдирган.

Пост остига депутатнинг ҳозирда юқори лавозимларда ишлаб келаётган курсдошлари ўз фикрларини қолдиришган. Жумладан, Ўш шаҳар кенгаши депутати Назима Алмазбек қизи Фарход Алимжоновнинг курсдоши бўлганини тасдиқлаган. “Ўш садоси” давлат газетасининг муҳаррири Соҳиба Шакирова эса ўша университетда дарс берганини, ва 2010-йилнинг нотинч кунлари кўплаб талабаларнинг ишлаш учун Россияга кетиб қолишига, ўқишни тўхтатишга, оиласидан узоқлашишга мажбур бўлишганига гувоҳ бўлганини ёзади.

“Ундай одамлар учун қирғиз қонунчилиги 10 йилгача муддатда ўқишини қайта тиклашга рухсат беради. Энг асосийси – университет тарқалмаган [бу маълумотни текшириб олиш мумкин]. Унда ўша йили берилган дипломларнинг ҳаммасини сохта деб кўрсатиш керак, расмийлар ўша йил дипломларининг ҳаммаси уйдирма десин”, деб ёзади Шакирова.

“Фарҳод Алимжоновнинг дипломи ҳақиқий эканига шубҳа йўқ, МСК ва бошқа бировга ноқулай раҳбарлар керак эмас”, дея фикр билдирган Суйунбек Мирзаканов депутатга босим ўтказилаётганига ишора қилиб. – “чунки улар халқ манфаати йўлида ўз фикрларини очиқ билдира олади”.

Депутат ўзига иши юзасидан босим ўтказишга уриниш бўлаётгани борасидаги саволни жавобсиз қолдирди. Бироқ агар Марказий сайлов комиссияси уни мандатидан ажратса, судга мурожаат қилишини маълум қилди.

“[Судда енгиб чиқиш учун] бизда етарли ҳужжатлар ва гувоҳлар бор”, деди Фарҳод Алимжонов мухбиримиз билан суҳбатда.

Шуни айтиш керакки, бир пайтлар сохта диплом сотиб олиш Қирғизистонда жудаям осон бўлгани сабаб жуда кенг тарқалган кўриниш. Мустақилликнинг дастлабки йиллари мамлакатда 160дан ортиқ олий ўқув юртлари ва уларнинг филиаллари очилган бўлиб, уларнинг фаолиятини назорат қилиш жуда суст бўлган. Натижада қалбаки диплом билан давлат хизматини эгаллаб турган, ёки депутат мандатига эга бўлганлар ҳалигача учраб туради.

Йил бошида икки депутатнинг дипломи сохта экани аниқланиб, мандатидан маҳрум қилишгач ва бундай ҳолатлар кўпайиб кетаётгани сабаб МХДҚ жорий йилнинг январида барча амалдорлар ҳамда депутатларнинг дипломларини текширишни бошлади. Хавфсизлик хизмати мурожаатига жавобан бир ой ичида 9 киши дипломи сохта эканини тан олган, 16 киши эса шу сабабга кўра эгаллаган лавозимидан бўшаш ҳақида ариза берган.

Соҳибжон Мамиров, Оқбура.

Расмлар депутатнинг Фейсбукдаги саҳифасидан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг