Ўзбекистон президенти Қирғизистоннинг қувончига шерик эканини маълум қилди

Мирзиёев Жапаровни “Қумтўр” олтин кони бўйича эришган ютуғи билан табриклади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев телефон орқали мулоқотда Қирғизистон раҳбари Садир Жапаровни “Центерра Голд” компанияси билан олиб борилган музокаралар натижасида эришилган ютуғи билан табриклади. Ўз навбатида Жапаров ҳамкасбига ушбу қўллови ҳамда Қирғизистон ҳудудида қуриб берилган мактаблар ва Бобур номли Ўш ўзбек мусиқали академик театрини реконструкция қилиш бўйича кўрсатаётган ёрдами учун ўзбек халқига миннатдорчилик билдирди.

Икки президент мулоқотидан сўнг маълум бўлдики, жорий йилнинг май ойи охирларида Шавкат Мирзиёевнинг Евроосиё иқтисодий анжуманида иштирок этиш учун расмий ташриф билан Бишкекка келиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, “Центерра Голд” компанияси билан Қирғизистон ўртасида келишмовчиликни бартараф этиш бўйича имзоланган битимга кўра, “Қумтўр” олтин ишлаб чиқариш корхонаси тўла давлат тасарруфига ўтадиган бўлди. Садир Жапаров жонли эфирда халққа мурожаат қилар экан, келишувни “тарихий бурилиш” деб атади.

“…Бу шуни англатадики, биз 2021-йилнинг 15-майидан бошлаб барча соф даромад, аниқроқ айтганда 323 миллион АҚШ долларидан ортиқ маблағ бизнинг мулкимиз эканини расман эълон қилишимиз мумкин”, — деди Жапаров.

Бундан ташқари, “Центерра Голд” Қирғизистонга ўтган йилнинг дастлабки уч чораги учун дивидендлар тўлаб берадиган бўлди. Унинг умумий миқдори таҳминан 11 миллион АҚШ долларига тенг.

“Яна бир ютуқ шундаки, “Центерра Голд” Қирғизистонга 50 миллион АҚШ доллари миқдорида бир марталик тўлов ҳам тўлайди. Биз “Қумтор” конини рекультивация қилиш жамғармаси устидан тўлиқ назоратни ҳам қайтариб олдик…», – дея қўшимча қилди Жапаров. Бу Қирғизистонга яна қўшимча 53 млн. доллар маблағ олиб келади деган гап.

“Центерра Голд” билан имзоланган ушбу “ажралиш” шартномасига биноан энди Қирғизистон “Қумтўр” кони ва корхонасини тўлиқ бошқариш ва унга тўлалигича эгалик қилиш ҳуқуқига эга. Битим Қирғизистон Республикаси, “Центерра Голд” ва унинг асосий акциядори бўлган “Қирғизолтин” давлат корхонаси ўртасидаги барча низоларни ҳал қилади. Бошқача айтганда, битим томонларнинг ўзаро даъволарини узил-кесил бекор қилиб, ўртадаги барча суд жараёнларини тугатишни назарда тутади.

“Центерра” ҳам Қирғизистон ҳукумати билан шундай келишувга эришилганини расман тасдиқлади. Компания маълумотларига кўра, “Қирғизолтин” ўзининг “Центерра Голд”даги 26 фоизлик улушидан воз кечади ва қиймати 972 миллион долларга тенг бўлган акциялар компания тасарруфига ўтади.

“Центерра Голд” билан имзоланган ва кейин бир неча бор ўзгартирилган битим Қирғизистон учун нақадар адолатсиз бўлгани кўп йиллардан буён айтилиб келади. Лекин битимни ўзгартириш ва “Қумтўр”ни давлатга қайтариб олиш бўйича ҳаракатлар натижа бермаган.

Мана шу иш билан боғлиқ ҳолда қамоқда ўтириб чиққан Садир Жапаров ҳокимиятга келгач, олтин кони билан боғлиқ коррупцион тизимлар ошкор этилган ва айбдор шахслар ҳибсга олинган.

“Сиёсий жиҳатдан олиб қараганда, Садир Жапаровни машҳур қилган, уни қамоқдан чиқарган, бугунги кунда уни президент қилган ҳам шу “Қумтўр”. Шунинг учун ҳам президент ушбу қадамга бормаса бўлмас эди. У тўғри иш қилди, деб ўйлайман…”, – дейди сиёсий таҳлилчи Нуркан Патиев.

Қирғизистон ҳукумати 2021-йил май ойида “Центерра Голд” томонидан бошқариладиган “Қумтўр” конини ўз назоратига олган. Бунга компаниянинг атроф-муҳитга жиддий зарар етказгани ва йирик миқдорда солиқ тўлашдан қочгани сабаб бўлган. Компания бу айбловларни рад этиб, Қирғизистон ҳукумати устидан Стокгольмдаги Халқаро арбитражга ва Нью-Йоркдаги банкротлик судига ариза билан мурожаат қилган.

“Қумтўр”ни ўзлаштириш тарихи 1978 йилга бориб тақалади. Ўшанда бу конни собиқ совет геологлари топишган. Ўн бир йилдан кейин уни ўзлаштириш лойиҳаси тузилади. Аммо фойдаланишни кейинга қолдиришади. Баъзи маълумотларда бунга лойиҳанинг ўта  қимматлиги сабаб бўлган дейилса, айрим манбаларда бу иш экологияга жиддий зарар келтирмаслик учун тўхтатилгани таъкидланади.

Умида Мирзабоева, Оқбура.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг