Урушда ғолиблар бўлмайди: Бўлажак журналистлар тинчлик тарафдори

Ёш журналистлар ўз нашрларининг янги сонини тинчлик мавзусига бағишлашга қарор қилдилар.

Ўш шаҳридаги 8-гимназия мактаби қошида фаолият олиб бораётган ёш журналистларнинг “Зафар” газетасининг ўқувчилардан иборат ижодкорлари нашрнинг бош мавзуси сифатида энг олий неъмат – тинчлик ҳақида ёзишни мақсад қилиб олдилар.

Тўгарак раҳбари, журналист Барно Исақованинг айтишича, мазкур тўгарак мактаб ўқувчиларидан ташкил топган. Ёш журналистлар мактаб нашри ҳисобланган “Зафар” газетасининг ҳар сонини бир мавзу асосида тайёрлайдилар. Жумладан, газетанинг февраль ойидаги нашри буюк сўз султони Алишер Навоий, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳамда таниқли шоир ва драматург Муғанний ижодига бағишланган эди.

Газета икки ойда бир маротаба нашрдан чиқади. Ўқувчилар бир ой давомида назарий билимлар олишиб, иккинчи ойда амалиёт сифатида “Зафар”ни тайёрлайдилар. Ҳозирча нашр фақат мактаб ичкарисида тарқатилиб, ўқилмоқда.

Журналист Шавкат Умаров машғулот ўтмоқда

“Май ойида чиқадиган сонда давлатимиз бош Қомуси қабул қилинган кун ва Ғалаба кунлари муносабати билан тинчлик мавзусини биринчи ўринга қўймоқчимиз. Дунё қалқиб турган бугунги куннинг энг долзарб мавзуси – тинчликдир. Унга жамики одамизод эҳтиёжманддир. Урушда ғолиблар бўлмайди”, – дейди Барно Исақова.

Гимназия-мактаби директори Зулфия Қодированинг айтишича, ушбу ёш журналистлар тўгараги 30 йиллик тарихга эга. 1992 йиллардан бошлаб “Зафар” ёш журналистлар газетаси чиқа бошлаган. Уни ўқувчилар билан билан биргаликда устозлари Озодбек Охунов, Лутфилло Раҳмонов, Даврон Абдуғафуров каби ижодкорлар бош бўлиб нашрга тайёрлаганлар.

«Мана, уч йилдирки, яна бир журналистимиз Барно Исақова билан бирга ўқувчиларимиз журналистиканинг олтин қоидаларини ўрганишмоқда” – дейди мактаб директори.

Мактабнинг медиа бўйича масъул ўқитувчиси Халида Музаеванинг маълум қилишича, ўқувчилар олти йўналиш бўйича, буюк инсонлар тарихи, ўқитувчиларнинг дарсга ижодий ёндашувлари, ижодкор ўқувчилар, олимпиада ва турли танловлар ғолиблари тўғрисида, ўтказилаётган шаҳар ва мактаб бўйича тадбирлар ҳақида маълумотлар ёзишяпти.

“Газетада эълон қилинадиган табиат, фасллар ҳақидаги эссе ва шеърлар, яхшилик, одоб тўғрисида ҳикоялар ҳам ўқувчиларни бефарқ қолдирмаяпти. Тўгарак ишлари тўғрисида барча ижтимоий тармоқларда эълонлар бериб борамиз”, дейди Музаева.

«Интимоқ» телеканалига ташриф. Ёш ижодкорлар журналист Умида Мирзабоева билан

Тўгарак аъзоларидан Оятилло Жўраев ўтган йили “Интимоқ” (Аҳиллик) телерадиокомпаниясига малака оширгани бориб, “Мунаввар кун” дастурида эфирга чиққанини севинч билан гапириб берди. Яна бир ёш журналист Муслима Хасанова шу дастурнинг бошқа чиқишини бошловчи сифатида олиб борганини ҳаяжон билан эслайди.

“Шаҳардаги малакали журналистлар ёш ижодкорлар билан учрашиб, ўз тажрибаларини ўртоқлашади. Жумладан, Хосият Бекмирзаева, Умида Мирзабоева, Шавкат Умаров, Фарҳод Матқасимов каби ўз касбининг усталари ҳар икки ойда улар учун вақт ажратадилар”, – дейди тўгарак раҳбари Барно Исақова.

Шу кунгача ёш журналистлар шаҳар миқёсидаги медиафорумга, телерадиокомпанияларга, вилоят босмахонаси, театрларга бориб, янги маълумотлар ёзиб келишган.

Газета А4 форматда, 8 саҳифада, оқ-қора нусхада 40-50 ададда, Барно Исақова раҳбарлигидаги “Ахборот” масъулияти чекланган жамият ҳисобидан нашр қилинади ва бепул тарқатилади.

“Шу ўринда мактаб маъмуриятига ҳам айтилган талабни қайтариб ўтмоқчиман: ўқувчилар учун ҳануз техник ускуналар етишмайди… Келгусидаги режаларимиз, газетамизни мактабдан ташқаридаги ёшларимизга ҳам тарқатишдан иборат. Мактабни битириб кетган ёш журналистларимизни ишга жалб этиш ҳам режамизда бор”, дейди Исақова.

Сокина, Оқбура, Ўш шаҳри.

Суратлар муаллифники

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг