Рамазон шукуҳи: Рўзадорларга янги ва мазали таомлар

Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида ҳар йили Рамазон ойида “Ифтор” бозори ишлай бошлайди.

Рамазон ойининг бошланиши билан Қирғизистоннинг жанубий пойтахтида ўзгача бир бозор ишлай бошлади.

Ўн йилдан ортибдики, Ўш шаҳрининг “Шаҳид тепа” мавзесида ҳар йили Рамазон ойида махсус “Ифтор” бозори очилади. Бозор Қурманжан датқа (аввалги Андижон кўчаси) ва 8-март кўчалари бўйлаб узун йўлак бўйлаб ташкил қилинади ва тушдан сўнг соат 16:00 лардан бошлаб, ифтор вақтигача давом этади.

Савдо ярмарка тарзида уюштирилиб, бозорчада рўзадорларда талаб юқори бўлган озиқ-овқатлар: турли миллий таомлар, қази ва сут қуйиб пиширилган ўпка, мева-чевалар, сабзавотлар ва ширинликлар сотилади. Сут маҳсулотлари, табиий ичимликлар ҳам бор.

Бозорчанинг бошқалардан фарқи, юздан ортиқ ранг-баранг маҳсулотлар уй шароитида янги пиширилган ҳолда, юқори сифатли, жуда маъзали қилиб тайёрланади. Уларнинг барчасининг ҳалол усуллар билан тайёрланганига алоҳида урғу берилади.

Айрим таомлар бозорчанинг ўзида ҳам тайёрланяпти. Бозорда, айниқса аср намозидан сўнг харидор жуда ҳам кўп бўлади. Улар орасида нафақат шаҳар аҳолиси, балки чор-атрофдаги туман, қишлоқлардан ҳам одамлар жуда кўп.

Харидорлар бозорчанинг жуда қулайлигини айтишади. Айниқса ишлаётган аёллар учун бу жуда қўл келади. Сабаби, ифторликка ва саҳарликка турли-туман таомлар қўйишни истаган аёллар бунга улгурмайдилар. Шу сабабли асосий таомни уйда пиширсалар ҳам, бошқаларини шу ердан янги-янги сотиб олиш мумкин.

Бозорчиларнинг айтишича, аввалги йиллари санитария ва эпидемиология хизмати ходимлари маҳсулотлар сифати ёки бошқа баҳоналар билан, милиция ходимлари эса йўл ҳаракатига ҳалақит бераётганини иддао қилиб, бозорчани ёпишга уринишган. Бироқ бозордагилар бу масалаларда имкон қадар тартибга риоя қиладилар. Масалан, сотувчилар махсус оқ халатларда, эгаллаган жойлари эса на пиёда ва на транспорт воситаларига ҳалақит бермайди.

Савдогарлардан бири, турли салатлар қилиб сотаётган Хафизахон Миркомилованинг айтишича, бу бозорда аввалига 4 киши савдо қилиб бошланган эди, ҳозирда уларнинг сони юз нафарга яқинлаб қолди.

Ўш шаҳар турғуни, харидор Абдуқаҳҳор Усманов эса, овқатлар жудда мазали ва янги эканини, Рамазон ойининг неъмати шу бозорчада ҳам кўринаётганини эътироф этди.

Хосият Бекмирзаева, Оқбура, Ўш.

Суратлар муаллифники

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг