Россия-Украина уруши: Иқтисодий сусайиш, доллар сакраши ва мигрантлар кўчиши

Қирғизистон ўзининг энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлигидан жиддий хавотирда.

Мустақиллигининг дастлабки кунларидан Россияни ўзининг асосий стратегик ҳамкори деб, халқаро хавфсизлик ва барқарорлик масалаларида эса деярли ҳомийси билган Қирғизистон ўзининг энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлигидан жиддий хавотирда. Бу ҳақда Германияда Халқаро энергетика анжуманида иштирок этаётган Қирғизистон ташқи ишлар вазири Руслан Қазақбаев “Немис тўлқини” (DW) нашрига берган интервьюсида айтди.

Қазақбаев немис журналистининг Украинадаги урушнинг Қирғизистон иқтисодиёти учун эҳтимолий оқибатлари ҳақидаги саволларига жавоб берар экан, Россия билан Қирғизистон ўртасидаги ўзаро алоқалар ҳақида фикрлари билан ўртоқлашди. Вазир мамлакатда озиқ-овқат нархларининг жиддий ўзгаргани (ўсиши) ҳақида маълум қилар экан, бу масалалар келажаги ҳақидаги тахминлар яхши эмаслигини ҳам айтди.

“Эртага қўшниларимиздан, асосан Россиядан импорт қилинадиган энергия ташувчилар нархи қандай ўзгаришини билмаймиз (Қирғизистон ёқилғи-мойлаш ашёларининг 90 фоизини Россиядан олади. – таҳр.). Мана шундай оғир даврда иқтисодиётимизни диверсификация қилиш учун барча имкониятларни ишга соляпмиз”, деди Қазақбаев.

Шунга қарамай, унинг айтишича, мутахассисларнинг башоратларига кўра бу йил Қирғизистон иқтисодиёти 5-10 фоизга тушиши мумкин.

Россиянинг Украинага қарши бошлаган уруши пандемия билан боғлиқ чекловлар туфайли ортга кетган иқтисодиёти энди изига туша бошлаган Қирғизистон учун янги муаммоларни келтириб чиқарди.

Туяни шамол учирса…

Вазирнинг фикрича, Россияга қарши киритилаётган иқтисодий санкциялар туфайли бу давлат иқтисодиётининг таназзулга юз тутиши у ерга Қирғизистондан борган меҳнат муҳожирлари учун қийинчиликлар туғдириши мумкин. Лекин Қазақбаев бу вазиятдан “ҳалокатли ўзгаришларни кутмаслигини» ҳам маълум қилди. Шу билан бирга Россияда ишлаётган қирғизистонликларнинг бир қисми аллақачон уйига қайтиш истагида эканини қўшимча қилди. Мигрантларнинг бир қисми эса, бошқа давлатларга бориб ишлаш ҳақида бош қотирмоқдалар.

“Агар санкциялар туфайли Россиянинг иқтисодиёти қулайдиган бўлса, бизнинг меҳнат муҳожирларимиз ҳам маълум қийинчиликларга дучор бўлиши мумкин”, – деди Қазақбаев. – “Биринчи галда бу иш ўринларига тегишли, чунки биз [Россияда] доимий равишда корхоналарнинг ёпилаётгани ҳақида эшитяпмиз”.

Маълумки, Россия-Украина уруши ва у билан боғлиқ санкциялар туфайли февральнинг охири ва март ойида Қирғизистонда АҚШ долларининг курси 100 сўмдан ортиб, Россия рублининг курси кескин тушиб кетди. Бишкекда 1 Россия рубли 60-70 қирғиз тийинига тенглашиб қолди. Бунинг оқибатида Россиядаги меҳнат муҳожирларидан келаётган пулнинг баракаси ўчди. 31 мартдан бошлаб, аксинча долларнинг қадри тушиб, Россия рублининг нархи кўтарила бошлади. Бугун, 1 апрель куни АҚШ долларининг қиймати 82 сўмгача тушган бўлса, Россия рубли деярли сўмга тенглашиб қолди.

Чет эл валюталарининг, асосан долларнинг бундай сакраши одамларда хавотир уйғотиб, мамлакат иқтисодиётига жиддий салбий таъсир қилмоқда.

Россияда бугунги кунда 1 миллиондан ортиқ қирғизистонлик ишлайди. Улар йилига Қирғизистонга қарийб 2-3 млрд. доллар пул жўнатишади. Бу мамлакат иқтисодиёти ва ижтимоий соҳасига ўта сезиларли таъсир кўрсатгани сабаб, Қирғизистон ҳукумати бу масалани ҳамиша диққат эътиборидан четда қолдирмай келади. Чунки меҳнат муҳожирларининг оммавий равишда юртларига қайтиши бусиз ҳам ишсизлик кучайиб турган давлат учун ўта жиддий муаммолар туғдириши мумкин.

Қирғизистон ҳукумати эҳтимоллиги кучайиб бораётган иқтисодий инқирознинг олдини олиш учун бир қатор чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Жумладан, Миллий банк доимий равишда валюта бозорида барқарорликни сақлаб қолиш учун молиявий интервенциялар ўтказиб турибди. Яъни, валюта бозоридаги аҳволга қараб, доллар ёки қирғиз сўмини сотувга чиқариб туради.

Махсус қабул қилинган чора тадбирлар режасини амалга ошириш учун бюджетдан 126 миллиард сўм (1,5 млн. АҚШ доллари атрофида) ажратилади. Бунинг вазиятга қанчалик сезиларли даражада таъсир қилиши ҳозирча ноъмалум, бироқ иқтисодий қуввати унча юқори бўлмаган Қирғизистон учун бу маблағ жиддий ҳаражат.

Россиядан нимани кутиш мумкин?

Россия аскарлари Украина ҳудудига бостириб киргандан буён ўтган деярли 40 кун давомида Қирғизистон бу урушга имкон қадар холис муносабат билдириб келмоқда. Гарчи Бишкекда вақти-вақти билан бу урушга ва Россияга қарши намойишлар бўлиб турган бўлсада, расмийлар Россияни ошкора қоралагани ботинганлари йўқ. Шу билан бирга бу урушни оқлашга ёки қўллашга ҳам ишора йўқ.

Буни расмийлар Қирғизистоннинг ҳар икки урушаётган давлат билан бирдай дўстона муносабатда экани билан изоҳлаб келмоқда. Бу ҳақда бир неча марта расмий баёнотлар берилди. Қирғизистон халқаро сиёсат майдонида ўзининг халқаро ҳуқуқ нормаларига содиқ эканини кўрсатишга интилиб келади. Лекин иқтисодиёти асосан Россия билан боғлиқ бўлгани сабаб унга қарши халқаро иқтисодий чораларга қўшила олмайди.

Уруш эса яқин орада тугайдиганга ўхшамаяпти.

Шундай вазиятда Қирғизистон раҳбарияти Россия Федерациясини 2022 йилда навбатдаги «миграция амнистияси»ни ўтказиш имкониятини кўриб чиқишга чақирмоқда. Бу ҳақда мамлакат парламенти раиси Талант Мамитов Россия парламентининг Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенко билан учрашувда маълум қилди. Учрашув 29 март куни Алмати шаҳрида (Қозоғистон) МДҲга аъзо давлатларнинг Парламентлараро Ассамблеяси Кенгаши йиғилиши доирасида бўлиб ўтди.

Жумладан, гап қирғизистонликларнинг Россияга автомобиль ва темир йўллар орқали киришига қўйилган чекловларни бекор қилиш ҳамда Қирғизистон фуқаролари учун миграция талабларини енгиллаштириш масалалари ҳақида бормоқда.

Валентина Матвиенконинг маълум қилишича, Россия қирғизистонлик талабаларни Россия олий ўқув юртларида бюджет асосида ўқитиш ва қирғизистонлик меҳнат муҳожирларини Россия Федерациясининг «қора рўйхати»дан чиқариш бўйича таклифлар муҳокама қилиш учун рус ҳукуматига юборилган.

Расмий маълумотларга кўра, бугунги кунда 76 мингга яқин Қирғизистон фуқаросига турли сабабларга кўра Россияга кириш тақиқланган. Лекин мутахассисларнинг айтишича, «қора рўйхат»га киритилганлар сони бундан ҳам кўп ва уларнинг кўпчилиги нима сабабдан бу рўйхатга тушиб қолганини билмайди.

Россия-Украина уруши билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш ва олдини олиш мақсадида Қирғизистон ҳукумати Озиқ-овқат хавфсизлиги кенгашини тузган. Кенгашга Вазирлар маҳкамаси раҳбари Ақилбек Жапаров раҳбарлик қилади.

Бунгача республика ҳукумати асосий озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни тартибга солиш мақсадида давлат заҳирасини очиб, ундан катта кўламда ун, ёғ ва шакарни савдога чиқарган. Кучли иқтисодий босимга дош бериш учун Россия ҳукумати ана шу ва дон маҳсулотларни 30 июнга қадар четга чиқаришни тўхтатишга қарор қилган.

Куни кеча рус ҳукумати Евроосиё давлатларига дон маҳсулотларини жўнатишни тиклаш ҳақида қарор қабул қилди. Унга кўра талабгор давлатга дон (буғдой, арпа, маккажўхори ва ҳ.к.) жўнатиш учун Россия қишлоқ жўжалиги вазирлиги рухсат бериши керак. Яъни, Евроосиё давлатлари ҳукуматлари энди дон импорт қилиш учун Россия ҳукуматига эмас, оддий бир вазирлик қарорига тобе қилиб қўйилди.

Абдумўмин Мамараимов, Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг