Қирғизистон-Ўзбекистон: Дўстлик ва ҳамкорлик алоқалари кенгаймоқда

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов расмий ташриф билан Ўш шаҳрига келди.

Қирғизистон Вазирлар маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаров Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповни аэропртда кутиб олди ва расмий учрашувлар чоғида бош вазирлар икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилдилар.

Ўзбекистоннинг Қирғизистон учун ишончли қўшни, стратегик шерик ва қардош давлат эканини алоҳида таъкидлар экан, Ақилбек Жапаров қатор соҳаларда икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга интилишини маълум қилди.

“Боткен вилоятининг Самарқандек ва Марғун қишлоқларида мактаблар қурилиши, Бобур номидаги Ўш давлат академик ўзбек мусиқали драма театри биноси реконструкция қилингани учун Ўзбекистон Республикаси раҳбариятига миннатдорчилик билдираман. Қардош Ўзбекистон томонининг ушбу қарорлари халқларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларни яққол тасдиқлайди”, – деди Ақилбек Жапаров.

Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ўз навбатида самимий қабул учун миннатдорчилик билдирди. У икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш муҳимлигини таъкидлаб, икки давлат ўртасида саноат ҳамкорлиги фаол ривожланаётгани, энергетика, транспорт ва логистика соҳаларида салмоқли қўшма лойиҳалар амалга оширилаётгани, лойиҳаларни молиялаштириш учун Ўзбекистон-Қирғизистон тараққиёт жамғармаси маблағлари ишга туширилганини таъкидлади.

Томонлар икки томонлама товар айирбошлаш кўламини 2 млрд. АҚШ долларга етказиш учун ҳаракат қилаверишлари хусусида келишиб олдилар. Икки давлат ўртасидаги алоқалар кучайтирилиб, Ўзбекистон ёрдамида Қирғизистон ҳудудида енгил машина ва қишлоқ хўжалиги техникасини йиғувчи корхоналар ва мой ишлаб чиқарувчи ишхоналар қурилиши кун тартибига қўйилди.

Томонлар энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт, чегаравий савдо соҳаларида икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар ва муҳим қарорлар қабул қилдилар.

Жумладан, Эргаштом – Даровутқўрғон – Учқўрғон автомагистрали, Қизилқия шаҳрида чегара савдо-логистика маркази қурилиши, шунингдек, Ўзбекистон-Қирғизистон тараққиёт жамғармасининг салоҳияти қўшма инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишнинг ўзига хос жиҳатлари муҳокама қилинди. Бу мақсадлар учун Ўзбекистон-Қирғизистон тараққиёт жамғармаси салоҳиятидан фойдаланиш мумкинлиги айтилди.

Учрашув иштирокчилари савдо-иқтисодий ва сармоявий соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштиришга қизиқиш билдириб, бунга тайёр эканини қайд этдилар.

Шу билан бирга бош вазирлар Қирғизистон ҳамда Ўзбекистоннинг чегарадош вилоятлари ҳокимлари кенгашининг тўртинчи йиғилишида қатнашишди. Икки давлат вилоятлари ҳокимларига ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш борасида аниқ кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Бундан ташқари, Ақилбек Жапаров ҳамда Абдулла Арипов Боткен вилоятининг Лайлак тумани Марғум қишлоғидаги умумий таълим мактабининг очилишига видео алоқа тизими орқали масофадан иштирок этишди. Мактабни икки давлат таълим вазирлари очдилар. Ушбу 330 ўқувчига мўлжалланган мактаб қурилиши ўтган йилнинг июлида бошланиб, унга Ўзбекистон 3,5 миллион АҚШ доллари ажратган.

Икки давлат ҳукумат вакиллари Бобур номидаги Ўш драма театрида олиб борилаётган реконструкция ишлари билан ҳам танишдилар. Бу ишларга Ўзбекистон 5 млн. АҚШ доллари ажратиб, бутун ишни ўзбек усталари олиб боришмоқда. Бутунлай янгиланган бинонинг ишга тушиши жорий йилнинг июль ойларига режалаштирилмоқда.

Умида Мирзабоева, Оқбура, Ўш.

Расмлар интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг