Боласини айиққа ташлаб берган аёл мажбурий даволашга жўнатилади

Тергов давомида аёлнинг руҳий хаста экани сабабли судда қатнашишга лаёқатли эмаслиги аниқланган.  

Шу йилнинг 28 январида Тошкент ҳайвонот боғида ўз қизини айиқ вольерига ташлаб юборган аёлга нисбатан “Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш” моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган эди. Тергов хулосасига кўра аёлни мажбурий равишда даволашга жўнатиш масаласини ҳал этиш учун Тошкент шаҳар судига юбориш ҳақида қарор қабул қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокурорининг матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.

Судга оид психиатрия ва психология комплекс экспертизалари натижаларига кўра, аёлнинг руҳий хаста экани аниқланган. Шу сабабдан у тергов ва судда тўғри кўрсатмалар беришга лаёқатли эмас деб топилган.

Эслатиб ўтамиз, 31 ёшли З.Т. Тошкент шаҳар ҳайвонот боғида одамларнинг кўз ўнгида ўзининг 3 ёшли қизалоғини 5 метрлик баландликдан айиқнинг қафаси ҳисобланган ҳудудга ташлаб юборган. Шукрки, “Зузу” лақабли кавказ қўнғир айиғи аёл каби вахшийлик қилмаган ва қизни ҳидлаб кўрган холос.

Ҳайвонот боғи ходимлари зудлик билан айиқни алдаб нарига чақириб олишган ва қизни қутқариб қолишган. Бахтга қарши, қизалоқ 5 метр баландликдан ташлаб юборилгани оқибатида жиддий тан жароҳати олган. Жумладан, боши ёрилиб, мияси чайқалган. Унга тез тиббий ёрдам кўрсатилиб, касалхонага ётқизилган ва энди ҳаёти хавф остида эмас.

Бошқармадаги суҳбат давомида аёлнинг Тошкентдаги олий ўқув юртларидан бирида ўқитувчи бўлиб ишлаши маълум бўлган. Аёл турмуш ўртоғининг оилавий келишмовчиликлар сабабли ишлаш учун Россияга кетиб қолгани боис руҳий тушкунликка тушиб қолганини айтган. У эри билан ажрашиш арафасида бўлган.

Кейинроқ ҳайвонот боғи ходимлари касалхонага бориб, қизчанинг ҳолидан хабар олишган. Ҳайвонот боғи раҳбарияти эса қизалоққа бутун умри давомида у ерга бепул кириш ҳуқуқини берганини маълум қилган.

Оқбура, Бишкек.

Суратда: «Зузу» лақабли айиқ (интернетдан олинди).

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг