Россия-Украина уруши: Қирғизистон ҳукумати шакар ва ёғнинг ҳаммага етишини айтмоқда

Асосий маҳсулотлар тақчиллигининг олдини олиш мақсадида давлат заҳирасининг қопқоғи очилди.

Россия ва Украина ўртасидаги урушнинг акс-садоси ўлароқ Қирғизистонда озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи кескин ошиб бораётган пайтда президент Садир Жапаров давлат заҳирасидан 1000 тонна шакар ва 500 тонна ўсимлик ёғини чиқариш бўйича топшириқ берди.

Фавқулодда вазиятлар вазири Бўўбек Ажикеевнинг матбуот анжуманида ишонтириб айтишича, аҳолининг озиқ-овқат тақчиллигидан хавотир бўлишига асос йўқ. Ажикеев давлат моддий захирасида ун, шакар ва ўсимлик мойи «ҳар доимгидек тўла» эканлигини айтди.

Нархларнинг ўсиши бўйича вазиятга баҳо берар экан, вазир улгуржи сотувчиларда етарли миқдорда шакар захираси бор эканини, лекин унинг чакана сотувчиларда йўқ эканини маълум қилди. Бу аҳоли ўртасида «тушунмовчиликни келтириб чиқармоқда”, – деди вазир.

Бугунги кунда бир килограмм шакарнинг баҳоси 100 сўмга етди. Россия ва Украина ўртасидаги уруш бошланиши арафасида бир кило шакар 60 сўм атрофида эди. Ўтган 20 кун ичида ўсимлик мойининг нархи ҳам қарийб икки баробарга ўсган. Қирғизистонда нархларнинг ошиши одатда АҚШ доллари курсининг кўтарилиши билан тушунтирилади. Бугун 1 АҚШ долларининг нархи 105 сўмга етди. 20 кун аввал 1 доллар 85 сўм атрофида эди.

Қирғизистон давлати мустақиллигининг 30 йилида биринчи бор Давлат моддий захираси ўзининг озиқ-овқат захирасини тўла тўлдирганини айтган вазир “аҳоли ўртасида ташвишланиш учун ҳеч қандай асос бўлмаслиги керак”лигини билдирди.

“Муҳим маҳсулотлар нархини оширишга қаратилган ҳар қандай уринишлар биз томондан бутунлай бостирилади», деди Ажикеев.

Сўнгги кунларда давлат Монополияга қарши тартибга солиш хизмати энг муҳим саналган озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг «асоссиз» ошиши ва аҳоли орасида ваҳимали шов-шувнинг олдини олиш мақсадида Бишкек шаҳридаги йирик бозорлардаги савдогарлар ўртасида тушунтириш ишларини олиб бормоқда.

Шу пайтнинг ўзида пойтахтдаги «Глобус» ва «Фрунзе» каби йирик гипермаркетларда озиқ-овқат маҳсулотларини сотишга чекловлар жорий этилган. Масалан, бир кишига бир кунда фақат бир кило шакар сотилиши айтилган. Лекин кимнинг бир кунда неча бор ва қанча маҳсулот сотиб олаётганини қандай назорат қилиниши ҳақида маълумот йўқ.

Куни кеча Россия ҳукумати ун ва мой маҳсулотлари ҳамда шакарни мамлакат ташқарисига чиқаришни чеклаш ҳақида қарор қабул қилди. АҚШ, Европа Иттифоқи давлатлари ва бошқа йирик ўлкаларнинг Россияга қарши киритаётган санкциялари сони ва кўлами бўйича рекорд даражага етди. Россия ҳукумати санкциялардан қўрқмаслигини даъво қилиб келмоқда ва шу пайтнинг ўзида мамлакат ичида бирин-кети турли чекловлар киритишга мажбур бўляпти.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг