Қирғизистонлик Ушу усталари Москвадан 15 медаль билан қайтишди
Шарқ жанговар санъати бўйича турнирда дунёнинг 15 мамлакатидан келган мингга яқин спортчи қатнашди.
Россиянинг пойтахти Москва шаҳрида 22-28 февраль кунлари ўтган анъанавий «Москва ушу юлдузлари» Халқаро турнирида Қирғиз Республикаси Анъанавий ушу Федерацияси вице-президенти, жаҳон чемпиони, халқаро даражадаги спорт устаси Наталья Нешерет раҳбарлигидаги спортчилар ҳам иштирок этишди. Республика терма командаси таркибида 8 спортчи қатнашиб, умумий ҳисобда 15 медални қўлга киритишди.
Евроосиё минтақасидаги энг йирик ҳисобланган ушу саройида еттинчи бор ўтказилаётган турнирда қирғизистонлик ушучилар беш олтин медаль олишиб, беш бора Қирғизистон гимни янгратиб, давлат байроғини кўтаришга эришдилар. Қирғизистонлик спортчилар 7 кумуш ва 3 бронза медалини қўлга киритдилар.
Умумий ғалабага алоҳида ҳисса қўшган спортчилар орасида жаҳон чемпиони, спорт устаси, ушбу турнирда яккакураш санъатининг «Багуа» ва Дуйлянь йўналишларида чемпион бўлган Элес Кокумбек қизи, стандарт тайцзи йўналишида чемпион бўлган Жанболот Қозубеков ва Дуйлянь йўналишида чемпионлик шохсупасига кўтарилган Айсалқин Ташматоваларни санаб ўтиш мумкин.
Ёш спортчилардан спорт устаси номига номзод, халқаро турнирларда биринчи бор чиқаётган Эрбол Турдумбетов бянь қуроли билан мураккаб курашда бронза медалини олишга сазовор бўлди.
Пандемия шароитида биринчи бор ўтказилган ушбу турнирда дунёнинг Чехия, Ҳиндистон, Латвия, Руминия, Миср, Россия, Литва, Беларусь, Германия, Қозоғистон каби 15 мамлакатидан келган мингга яқин спортчи иштирок этди. Улар шарқ яккакурашининг турли услуб ва йўналишларида беллашдилар. Қирғизистонлик спортчилар ушунинг анъанавий ва замонавий услубларида: сунси, багуа, синъи, тайцзи, бургут панжаси ва жануб услубларида ҳам ўз маҳоратларини намойиш қилдилар. Уларнинг жанговар қуролларнинг цзянь қиличи, дао шамшири, бянь, қўш қилич, елпиғич каби турларида чиқишлари кўпчиликда ёрқин таассурот қолдирди.
Спортчилар ўзларининг бу ғалабалари билан «А» тоифасидаги мусобақалардаги мавқеларини мустаҳкамлаб, олдинда турган ушу бўйича Осиё ва Жаҳон чемпионатларида қатнашишлари учун замин тайёрлаб қўйдилар.
Қирғизистон анъанавий ушу Федерацияси спортчилари «MWS 2022» турнирига Қирғизистон спортнинг нолимпия турлари бўйича дирекцияси ҳамда «Сейтек» болалар ва ўсмирлар Миллий маркази томонидан жўнатилдилар ва уйларига ана шундай шараф ва ёруғ юз билан қайтдилар.
Оқбура, Бишкек.
Суратлар Қирғиз Республикасининг Анъанавий ушу бўйича федерацияси томонидан тақдим этилди