Таъзия: Ҳамиша миллат, юрт қайғусига шерик эди…
Таниқли журналист, моҳир таржимон ва ёзувчи Ёқубжон Хўжамбердиев оламдан ўтди.
Ўзбекистон ва Қирғизистондаги ўзбекзабон ижодкорлар орасида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлган забардаст журналист, халқимиз тақдири учун чин дилдан куйган, унинг турли йилларда йўлиққан дардларига дармон излаган, бу йўлда дармону андармон бўлиб келган самимий дўстимиз, устозимиз, маслакдошимиз ва акамиз Ёқубжон Хўжамбердиев 2022 йилнинг 28 февралида Тошкентда, оғир хасталикдан сўнг оламдан ўтди.
Ёқубжон ака 1947 йилнинг 15 мартида Қирғизистон Республикаси, Ўш вилоятининг (ҳозирги Жалолобод вилояти) Сузоқ қишлоғида туғилган. Мактабни битириб, Тошкент Давлат университети журналистика факультетининг (ҳозирда Ўзбекистон Миллий Университети) кечки бўлимида ўқийди. Қўлида ҳунари борлиги асқотиб, дастлаб қурилишда ишлайди. Кейинчалик Университетнинг ҳарбий кафедрасида ҳайдовчи, лаборант бўлиб хизмат қилади.
Учинчи курсдан бошлаб, яъни 1972-1974 йилларда “Тошкент Оқшоми”,”Совет Ўзбекистони”, “Ўзбекистон Маданияти” газеталарида мусаҳҳиҳга ёрдамчи, мусаҳҳиҳ бўлиб ишлайди. 1975 йили ўқишни тамомлагач, “Қишлоқ ҳақиқати” газетасига мухбир бўлиб ишга ўтади. 1981 йилда “Ўзбекистон Маданияти” газетаси қайта ташкил этилиб, “Ўзбекистон адабиёти ва санъти” номи билан чиқа бошлаганда ёш журналист бир русийзабон публицистнинг иккита мақоласини таржима қилиб беради. Таржимадан қониққан газета муҳаррири, ёзувчи Асқад Мухтор Хўжамбердиевни газетага ишга таклиф қилади.
Шу тариқа узоқ йиллар давомида шу газетада мухбир, бўлим бошлиғи, сайёр мухбир вазифаларида ишлаб қолади. Кейинчалик “Ёшлик” ва “Саодат” журналларида бўлим бошлиғи, бош муҳаррир ўринбосари лавозимларида машхур адибларимиз Эркин Воҳидов, Ҳалима Худойбердиевалар билан ёнма-ён ишлаш бахтига муяссар бўлади.
Кейинроқ, 1992-1996 йилларда Тошкентда чоп этилган “Ватан” газетасига бош муҳаррирлик қилди.
Бу орада шоир ва ёзувчи сифатида ҳам самарали ижод қилиб ургурди.
Ёқубжон Хўжамбердиевнинг 1981-87 йилларда “Зарурат”, “Ой тўлган тунлар” шеърий, “Уйда тинчи бўлсин, йигитнинг” номли публицистик мақолалар тўпламлари чоп этилган.
Ўзбек халқи бошига тушган бўхтонлардан иборат “Ўзбек иши” деб номланган жиноий иш кирдикорларини ўрганиб, 1990 йилда, собиқ СССР ҳали тарқалмай туриб, ўзбекларга нисбатан турли бўҳтонлар ҳамон янграб турган бир пайтда Ёқубжон Хўжамбердиевнинг “Ўзбеклар иши” номли публицистик мақолалар тўплами 45 минг нусҳада чоп этилади.
Бу китобда муаллиф ҳақиқий ўзбеклар иши, яъни ўзбек халқининг оғир меҳнат остида кечираётган турмуши ҳақида ҳикоя қилади.
Ёқубжон Хўжамбердиев 1990 йилда Қирғизистоннинг жанубида рўй берган этник тўқнашувлар сабаблари ва оқибатлари ҳақида ёзган мақолалари билан ҳам кенг танилган эди. Таржимонлик соҳасида ҳам яхшигина тажрибага эга бўлган адиб 1998 йилда Набижон Боқий билан биргаликда Чингиз Айтматов ва Мухтор Шохонов қаламига мансуб «Чўққида қолган овчининг оҳи-зори» асарини ўзбек тилига ўгирган.
Кейинги йилларда ёзувчининг “Ойнинг ёруғ кунлари”, “Қалдирғочлар баҳорда келади” каби қиссалари ва “Сузоқнома” тарихий-бадиий асари китоб бўлиб чиқди.
Ёқубжон Хўжамбердиев кўп йиллардан буён Қирғизистон диёридан чиққан буюк, миллатпарвар аллома, довюрак қўмондон, Маршал Алихонтўра Соғунийнинг ҳаётини ўрганиб келарди. Соғунийнинг Ўрта Осиёда Ислом динини мустаҳкамлаш ва Туркистон халқлари озодлиги учун курашда тутган мислсиз ўрни ҳақидаги материалларни ўрганиб, кўплаган мақолалар ёзди.
Ана шу изланишлари натижаси ўлароқ ёзувчи аввалига 2014 йилда “Соғуний соғинчи” номли қиссасини чоп эттирди. 2018 йилда эса муаллифнинг “Соғуний” деб номланган кенг кўламдаги роман-маноқиби дунё юзини кўрди.
Устоз анча ёшга бориб, соғлиги ночорлаб қолган бўлишига қарамай, ҳамон сафда бўлиб, меҳнат қилишдан чарчамади. “Оқбура” сайтининг иш бошлашида ҳам бош-қош бўлиб, унинг ишида ўзининг ўткир мақолалари билан иштирок этиб келаётган эди. Ҳар бир ишда ўз фикри билан ўртоқлашиб, жўяли маслаҳатларини аямас эди.
Ёқубжон ака табиатан камтар, камгап, лекин ҳақ гапни айтиш мавриди келганда ҳар биз сўзи ўз ўрнини топиб борадиган даража аниқ-тиниқ гапирадиган инсон эди. Меҳрибон ота, садоқатли эр ва ишончли дўст бўлган Ёқубжон ака Хўжамбердиевнинг ёрқин хотираси ҳамиша биз билан қолади. Унинг оила-аъзоларига, барча яқинларига чуқур таъзия изҳор қилиб, уларга сабр тилаймиз.
Агар орамизда бўлганида яна бор-йўғи икки ҳафтадан сўнг Ёқубжон ака Хўжамбердиевнинг 75 ёшини биргалашиб нишонлаган бўлардик. Афсус…
“Оқбура” сайти ташкилотчилари ва ижодий жамоаси,
Дўстлари ва сафдошлари.