Қирғизистон ва Ўзбекистон тадбиркорларининг алоқалари мустаҳкамланмоқда
Тез орада Қирғизистон ҳудудида кўплаб қўшма корхоналар ва бозор расталари очилади.
Қирғизистон-Ўзбекистон аграсаноат соҳаси тадбиркорлари ўртасида 750 минг АҚШ доллари ўлчамида битим тузилиб, 22-февраль куни Жалолобод вилоятида бўлиб ўтган бизнес анжуманда имзоланди. Бу ҳақда Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги туризм ва савдо ишлари бўйича биринчи вакили Дилноза Топволдиева билдирди.
Дилноза Топволдиеванинг маълумотига кўра, Ўзбекистоннинг Наманган вилоятидан 13 кишилик тадбиркорлардан иборат делегация ташриф буюрди. Анжуманда Қирғизистондан йигирмага яқин ишбилармон қатнашди. Асосан қуруқ ва ҳўл мевалар, асал ҳамда гўшт маҳсулотлари бўйича шартномаларни тузилди.
Тадбирни USAIDнинг “Агросавдо” лойиҳаси асосида “Датқа Холдинг” компанияси ташкил этди. “Датқа Холдинг” Ўш шаҳридаги бир нечта савдо ташкилотларини бирлаштирган компания бўлиб, асосан савдо-сотиқ ишлари билан шуғулланади.
Узоқдаги қариндошдан яқиндаги қўшнинг яхши
Аталган учрашув қардош ҳалқлар вакиллари ўртасидаги биринчи учрашув эмас. Бундан аввалроқ худди шундай савдо экспортчиларининг учрашуви 4-февраль куни Бишкекда, кейинроқ Ўшда ўтказилган эди. Бишкекдаги учрашувда қўшни Ўзбекистондан 12 нафар тадбиркор иштирок этган. Учрашувда 5та компания билан йирик миқдордаги шартномалар имзоланган. Бу ҳақда Ўзбекистон экспортчилар уюшмасида экспорт-импорт бўйича раис ўринбосари Махсуд Пардаев билдирди.
“Биз Қирғизистон бозорини яхшилаб ўрганиб чиқдик. Бир йилга яқин вақт давомида 7-8та лойиҳани “Датқа холдинг” компанияси билан амалга оширдик. Қирғизистон бозорига киришдан аввал савдо алоқаларини кимлар билан тузишни ўйлаб, ушбу холдингни танладик. Уларнинг ишбилармонлиги, шу кунгача эришган ютуқларини ўрганиб чиқиб, шу қарорга келдик”, – дейди Махсуд Пардаев.
Махсуд Пардаевнинг сўзларига кўра, Қирғизистон билан савдо алоқаларини тиклашдан мақсад, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган турли хилдаги товар махсулотларини чегарадош бўлган шу давлатга экспорт қилиш. Чунки яқин қўшни бўлгани учун бу ерга товарлар тез, сифатли ва арзон ҳолда етиб келади.
Қирғизистон тадбиркорлар ташкилотининг Ўш, Жалолобод, Боткен вилоятлари бўйича ҳудудий вакили Шавкат Муҳаммаджановнинг маълум қилишича, аввалроқ Бишкекда ўтган учрашувда IT технология, текстиль саноати, қурилиш хом-ашёлари савдоси ва айирбошлаш борасида шартномалар имзоланган.
Шу кунгача Ўзбекистон билан Қирғизистоннинг жанубий ҳудудида турли савдо алоқалари уюштирилган эди. Ўзбек тадбиркорлари пойтахт Бишкекка ҳам қизиқиш билдиргани боис, улар шу ерга таклиф этилди. Меҳмонлар Марказий Осиёдаги энг йирик бозорлардан бири бўлган “Дордой”ни, унинг савдо мажмуаларини айланиб, ўрганиб кетишди.
Дилноза Топволдиеванинг сўзларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар билан 12 лойиҳа амалга ошиш арафасида турибди. Ундан 5таси тўқимачилик соҳасига боғлиқ бўлиб, ўзбекистон ишбилармонлари ўзлари завод қуриб, тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқаришмоқчи. Иккита ўйинчоқ заводини қуриш режалаштирилмоқда. Бундан ташқари Фарғонадаги йирик пайафзал ишлаб чиқариш корхонаси ҳам Ўшда ўз филиалини очмоқчи.
Ташриф натижаларига кўра, Ўш шаҳридаги “Таатан” савдо марказидан 2200 квадрат метр жойга ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар учун жой ажратилди. У ерга қўшни республиканинг барча вилоятларидан товар, хом-ашё олиб келинади ва ҳар бир вилоят ўзига ажратилган ҳудудда савдо ишларини олиб боради.
“Савдо марказига келсангиз, бевосита Ўзбекистон савдо марказларида юргандай бўласиз. Чунки у ерда нима ишлаб чиқарилса ҳаммаси: мебель, тўқимачилик маҳсулотлари, пайафзал ва шунга ўхшаш маҳсулотлар сотилади”, – деди Топволдиева.
Унинг таъкидлашича, савдо маркази жорий йилнинг май ойларида фойдаланишга топширилади.
Қирғизистондан Ўзбекистонга нималар экспорт бўлади?
Шу кунгача Қирғизистондан қўшни Ўзбекистонга картошка ва кўмир экспорт қилинади. Қуруқ мевалардан писта, ёнғоқ, туршак жанубий ҳудудда яхши етиштирилади, аммо қадоқлаш яхши йўлга қўйилмагани учун, буни Ўзбекистон томон амалга оширмоқда. Қадоқланган қуруқ мевалар Ўзбекистон бренди остида Европага чиқарилмоқда.
“Картошка ва кўмирни улгуржи Ўзбекистонга экспорт қилиб юборсак, ўз-ўзидан юртимизда ушбу махсулотлар нарҳи кўтарилиб кетади. Шунинг учун бозорни ўрганиб, бизда етиштирилган картошканинг ярмини ўз бозоримизга қолдирсак, қолган ярмини экспортга чиқарамиз”, – дейди “Датқа холдинг” компанияси вакили.
Қирғизистон тадбиркорлар ташкилотининг ҳудудий вакили Шавкат Муҳаммаджановнинг сўзларига кўра, эндиликда Ўзбекистонга гўшт ва сут маҳсулотлари ҳам етказиб берилади.
“Қирғизистоннинг экологияси, суви тоза бўлгани туфайли, сут маҳсулотларимизга Ўзбекистонда талаб юқори бўлмоқда. Юртимизда ишлаб чиқарилаётган сут маҳсулотлари экологик жиҳатдан тоза ҳисобланиб, сертификатланган”, – дейди у.
Шавкат Мухаммаджановнинг сўзларига кўра, Қирғизистон тадбиркорлар уюшмаси, “Датқа холдинг” компанияси, Ўзбекистон экспортчилар уюшмаси, бизнесни ривожлантириш ассоциацияси билан меморандум имзоланганидан сўнг, кўп лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Унинг таъкидлашича, икки давлат томонидан 2021 йилнинг 3 ноябрида ташкил этилган Қирғиз-Ўзбек тараққиёт фонди капитали 50 миллион доллардан иборат бўлиб, ундан ҳар икки давлат тадбиркорлари фойдаланишса бўлади. Қирғиз-Ўзбек тараққиёт фонди икки давлат ҳукуматлари ўртасида 2021-йил 11-март куни Тошкент шаҳрида имзоланган битим асосида ташкил этилган.
Жамғарманинг иши ҳар икки давлат ҳудудида рўйхатдан ўтган ва фаолият юритаётган тадбиркорларни қўллаш ва Қирғизистон иқтисодиётининг устувор тармоқларида ўзини ўзи таъминловчи лойиҳаларни молиялаштиришга қаратилган. Жамғармадан агросаноат мажмуаси, тикувчилик ва тўқимачилик саноати, ишлаб чиқариш, кон-металлургия саноати, транспорт, уй-жой қурилиши, савдо, тадбиркорликни ривожлантириш, энергия комплекси, инфратузилмани ривожлантириш, туризмни ривожлантириш каби мақсадлар учун сармоялар олиш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 2021-йилнинг мартида Тошкентда Ўзбекистон ҳамда Қирғизистон президентларининг учрашуви бўлиб ўтган. Унда икки давлат ўртасида иқтисодий ва савдо алоқаларини ривожлантириш, жумладан, икки давлат тадбиркорлари ўртасидаги алоқаларни кучайтириш масаласи муҳокама қилинган.
Икки халқнинг тарихи ва маданияти бир-бири билан узвий боғлиқ бўлиб, бу омил бугунги кунда ҳам қардошлик муносабатлари, самимий дўстлик ва яхши қўшничиликка мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.
Умида Мирзабаева, Оқбура, Ўш.