Эх, чегара, чегара! Тожикистонда 39 нафар Қирғизистон фуқароси судланган

Уларнинг аксарияти давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтишда айбланиб, қўлга олинган эди.

Тожикистоннинг Сўғд вилояти судининг раиси Бахтиёр Оқилзоданинг маълум қилишича, 2021 йилда Қирғизистоннинг 39 фуқароси чегарани ноқонуний кесиб ўтаётганда қўлга олинган ва судланишган. Бу ҳақда суд раиси 15 февраль куни Хўжандда бўлиб ўтган матбуот анжуманида айтган.

Уларга нисбатан Тожикистон Жиноят кодексининг 335-моддаси бўйича «Тожикистон Республикаси давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш» деган айб қўйилиб, турли муддатларга қамоқ жазосига ҳукм қилинганлар.

Бахтиёр Оқилзоданинг айтишича, бугунгача чегарадаги можароларда қатнашгани учун бирорта ҳам қирғизистонлик судланмаган.

Қирғизистонда эса ўтган йили икки тожикистонлик фуқаро чегарадаги можароларда қатнашишда айбланиб судланишган. 2021 йилнинг сентябрида Боткен тумани суди Тожикистон фуқаролари Асқар Юнусов ва Абдурозиқ Абдуқаҳҳоровларни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилган. Кейинчалик Боткен вилояти суди бу жазони 20 йиллик қамоқ жазосига алмаштирган.

Афсуски, Тожикистон ва Қирғизистон чегарасидаги жанжаллар ўнлаб йиллар давомида қайталаниб келмоқда. Бунга икки давлат чегарасининг ҳамон аниқланмагани, бунинг оқибатида чегара ҳудудида пайдо бўлайтган сув, йўл ва ер муаммолари сабаб бўлмоқда.

Чегара ҳудудида икки давлат фуқаролари ўртасидаги 2021 йилнинг 28-30 апрелида юз берган қуролли можаро оқибатида Қирғизистон томондан 154 киши тан жароҳати олиб, 36 киши, жумладан, икки ёш бола ҳалок бўлган. Тожикистон ҳукумати эса улар томондан 19 кишининг ҳалок бўлгани ва 87 кишининг яраланганини эълон қилган.

Бундан ташқари Тожикистон томоннинг оғир ҳарбий техника қўллаши оқибатида Боткен вилоятида 140 та уй, мактаб ва чегара постлари ёқиб юборилган ёки вайрон қилинган, 58 мингга яқин киши ўз яшаш жойини тарк этиб, хавфсиз жойга кўчишга мажбур бўлган. Тожикистоннинг Сўғд вилоятида эса бутунлай вайрон бўлган 14 уй, ярим вайрон бўлган 2 уй ва битта бино рўйхатга олинган. Тожикистон расмийлари қуролли тўқнашув юз берган ҳудуддан 15 мингга яқин фуқарони вақтинча кўчиришган.

Шунга ўхшаш, лекин оқибатлари бирмунча енгил бўлган тўқнашув шу йилнинг январида ҳам юз берган. Икки давлат расмийлари чегарада учрашиб, чегара масаласини ҳал қилишни тезлатиш ҳақида келишиб олишди. Бугунги кунда икки давлат тузган махсус комиссия иши жадаллашгани ҳақида хабарлар бор.

Оқбура, Бишкек.

Сурат интернетдан олинди.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг