Ўшдаги Сулаймон тоғи устига қурилган ҳужра кимга тегишли?

Тарихий англашилмовчилик туфайли ҳалигача кўпчилик бу ҳужрани Бобур қурган деб ҳисоблайди.

Ҳар йили 14 февралда буюк шоир, тарихчи, географ, истеъдодли саркарда ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг таваллуд куни дунёнинг турли бурчакларида, жумладан мамлакатимизда ҳам, нишонланиб келинади. Бу йил ҳам шоир таваллудининг 539 йиллигига бағишлаб Ўш ва Жалолобод вилоятларида турли тадбирлар ўтказилди. Мактабларда шоир ижодидан намуналар янграб, ўқувчилар томонидан ажойиб саҳна кўринишлари намойиш этилди.

Ўш шаҳридаги М.Собиров номли 65-мактаб ўқувчиларининг чиқишлари

Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзбек мумтоз адабиётининг йирик намояндаларидан биридир. У қолдирган улкан адабий ва тарихий мерос адабиёт, санъат ва тарихимизни ўрганишда муҳим манба бўлиб хизмат қилмоқда.

Айниқса унинг “Бобурнома” тарихий асари авлодларга унинг ҳаёти бир текисда ўтмаганини, жанглар, саргардонликларга тўла бўлганидан сўзлайди. Унинг босиб ўтган йўллари, шаҳар ва давлатлар таърифи келтирилади. Бобур меросига яна бир назар ташлар эканмиз, Ўшдаги Сулаймон тоғида ҳамманинг диққатини тортиб, халқ орасида “Оқ уй” (оқ ғиштдан қурилгани сабаб) номи билан машҳур бўлган “Бобур  ҳужраси” ҳақида тўхталмоқчимиз.

Ҳужранинг аввалги кўриниши. У 1963 йили бузиб ташланган.

Хўш, бу ҳужра чиндан ҳам Бобур ҳужрасими?

Маълумки, “Бобурнома” асарида қадимий шаҳримиз бўлган Ўш ҳақида ҳам ноёб маълумотлар берилган. Асарда тоғ устида қад кўтарган иншоот ҳақида ҳам ёзилган.

“…Яна бири Ўш шаҳарчасидир. Андижоннинг шарққа мойилроқ шарқи жанубий тарафида. Андижондан тўрт йиғочлик йўлдир. Ҳавоси яхши, оқар суви мўл. Баҳори жуда яхши бўлади. Ўшнинг фазилати ҳақида кўп овозалар бор…”, деган сатрларни ўқиймиз машҳур номада.

Ўш ҳақидаги тасвирларни ўқир эканмиз, бир савол пайдо бўла бошлайди: “…Қўрғоннинг шарқи жанубида бир кўркам тоғ қад ростлаган, Барокўҳ деб номланади. Бу тоғнинг чўққисида Султон Маҳмудхон бир ҳужра солган. У ҳужрадан қуйироқда, ушбу тоғнинг тумшуғида тўққиз юз иккинчи йили (милодий 1497 йилга тўғри келади. – Муаллиф.) мен бир айвонли ҳужра солдирдим”.

Шунда Сулаймон тоғининг чўққисида қад ростлаган ва бугунги кунда “Бобур  ҳужраси” ёки “Оқ уй” деб ном олган иншоот кимга тааллуқли? Шоҳ ва шоир, тарихчи, географ, истеъдодли саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобургами ёки унинг амакиси Султон Махмудхонгами?

Навоийшунос олим, юртдошимиз Зуҳриддин Исомиддиновнинг “Она юртим- Қирғизистон, Ўш…” деб номланган китобида бу ҳақда жуда қизиқарли маълумотлар келтирилган.

“Бобурнома” ўзбек тилида 1948-1949 йилларда илк бор нашр этилгач, халқ ичида жуда машҳур бўлиб кетди. Ўшанга қадар ким томонидан бино қилингани мавҳум бўлиб келган тоғ устидаги “Оқ уй” деган бир хонадан иборат бино “Бобурнома”да берилган маълумотни тўғри тушунмаслик натижасида, ХХ асрнинг иккинчи яримларидан бошлаб, “Бобур қурдирган уй” номи билан эл ичида янгича эъзоз топди”, деб ёзади Исомиддинов.

Яъни, ҳозирда эл олам, Мирзо Бобур қурдирган уй деб кўниб қолган бу иморатни аслида Бобур қурдирган эмас. Бу бино Бобурнинг ўзи эслатиб ўтганидек, унинг амакиваччаси, Тошкент ҳокими бўлган Султон Махмудхон солган “ҳужра”дир.

Бунинг далили шуки, мазкур уйдан баландроқда бошқа ҳужра солиш мумкин бўлган бирон текис жой, умуман, йўқ – тоғнинг энг қир учи, холос. Иккинчидан, Бобур ўз иморатини “айвонлик ҳужра” деб айтади. Оқ уйнинг бутун архитектоникасида эса айвон билан пайваста бўларли ўрин йўқ – тўртала томони ҳам ташқи девор сифатида шакллантирилган. Бузиб ташланган асл “Оқ уй” ҳам айнан шундай эди: кейин қурилган ҳозирги иморатнинг тарҳи аввалги ҳужранинг фоторасмларига қараб тайёрланган.

Бобур эса ўзи ёзганидек, ундан анча қуйида – “тоғнинг тумшуғида” бир “айвонлик ҳужра” солган. Хўш, Бобур қурдирган “айвонли ҳужра” қаерда? Афсуски, Марказий Осиёда Бобур бино этган бирдан-бир бу иморат кейин бузилиб кетган, ундан ном-нишон ҳам қолмаган ва ҳатто унинг айнан тоғнинг қаерида бўлганини ҳам ҳозир биров билмайди…” дейилган Исомиддиновнинг асарида.

Лекин бу борада фикрлар якдил эмас. Масалан, тарихчи ва этнограф Шавкат Отахонов ҳозирги “Оқ уй” деб аталувчи ҳужрани айнан Бобур қурдирган, деган фикрни олға суради. Унинг сўзларига кўра, Бобур “тоғнинг шарқий тумшуғига бир ҳужра солдирдик” деган. Султон Махмудхоннинг ҳужраси эса “тоғнинг чўққисида” дейилган.

“Сулаймон тоғи худди чўкиб турган туяга ўхшайди. Айнан Бобур таърифлаган ҳужра ҳам унинг “тумшуғига” қурилган ва пастда бутун маҳаллот кафтдек кўриниб туради, дея таърифлаган”, – дейди Отахонов.

Бироқ афсуски, Султон Махмудхон қурдирган тоғ чўққисидаги ҳужра айнан қаерга бино этилгани ҳақида тўлиқ изланишлар олиб борилмаган. Бунданам ачинарлиси, Бобурники деб аталаётган ҳужра ҳам Собиқ совет даврида, аниқроғи 1963 йилда атеистик идеология оқибатида бузиб ташланган ва кўп йиллар вайрон ҳолда турган.

Компартия таназзулга юз тутиб, унинг таъсири анча камайган 1988-1989 йилларда ўшликлар ҳужрани қайта тиклаш ишлари олиб боришади. Унда ўзбекона умумхалқ ҳашар йўли билан, ўша вақтдаги шаҳар ижроия қўмитаси бошчилигида ҳамда шаҳар фаоллари кўмагида қайта қурилиш ишлари юритилиб, бино бугунги кўринишида қад кўтарган.

Ҳужранинг бугунги кўриниши. 1988-89 йилларда қайта тикланган

Филология фанлари номзоди, доцент Равшан Турсуновнинг таъкидлашича, ўшанда олийгоҳ талабалари, ишчилар, ўқитувчилар, фаоллар тоққа қатор тизилиб, ғиштларни қўлма-қўл узатишиб, қурилиш ишларига кўмак кўрсатишган.

“Ҳали ҳамон эсимда, ғишт ташиганимиз. Қўлма-қўл ташишнинг боиси, биринчидан ғиштни кўтариб, тоғни юқори қисмига олиб чиқиш қийин бўлса, иккинчидан бу усулда ғиштни четлари синмай, сифати йўқолмай тепага етказиб берилиши мумкин бўлган”, –  дейди Турсунов ўз хотираларига таяниб.

Тоғ этагидаги “Сулаймон тоғ” археологик музей мажмуасининг Тоғ табиатини, тарихий-маданий ёдгорликларини ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи Шайиргул Абдужапарованинг сўзларига кўра, аталган тарихий обида очиқ осмон остида бўлса ҳам бугунгача ўз салобатини йўқотмай келмоқда. Унинг аввалги меъморий шакли, нақшлари сақланиб қолган фотосуратларига қараб қайта тикланган.

“Бобур ҳужраси” сифатида машҳур бўлган бу иншоот бугунги кунда Ўш шаҳри аҳолиси ва меҳмонлари учун зиёратгоҳ масканига айланган. Сулаймон тоғига чиққан киши уни зиёрат қилмасдан қўймайди ва албатта Қуръон тиловат қилиб, уйча эгасига ва ўтганлар руҳига бахшида этади.

Умида Мирзабаева, Оқбура, Ўш

Тарихий расмлар интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг