Умрага йўл: Ўзбекистондан Арабистонга кунига иккитадан самолёт қатнай бошлади

Бугунги кунда Ўзбекистондан тўрт мингга яқин мусулмон умра зиёратида юргани айтилмоқда.

Ўзбекистондан Умра зиёратига 10 февралдан бошлаб ҳафтасига 16 марта самолёт қатнови амалга оширила бошлади. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг маълум қилишича, Умрага ҳафтанинг ҳар сешанба ва шанба кунлари 3 мартадан, қолган 5 кунида 2 тадан самолёт парвоз қилади.

Эслатиб ўтамиз, 16 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкентдан Саудияга жорий йилнинг 22, 25 ва 28 январь кунлари авиақатнов йўлга қўйилгани тўғрисида хабар берганди. 22 январь куни биринчи гуруҳ умрага жўнаган бўлса, 1 февралдан бошлаб Умра сафарига ҳар куни биттадан авиарейс амалга оширила бошланган.

Дин ишлари бўйича қўмитасининг хабарига кўра, Мадина шаҳридаги «PullMan Zam Zam» меҳмонхонасида зиёратчилар карантин талабларига мувофиқ ҳар бир хонага 2 кишидан жойлаштирилмоқда.

Айни пайтда Маккаи мукаррамада Бухоро, Наманган, Фарғона, Самарқанд, Тошкент, Хоразм, Андижон вилояти ва Тошкент шаҳридан ташриф буюрган 4 мингдан ортиқ зиёратчилар умра амалларини адо этмоқдалар.

Умрага борувчилар коронавирусга қарши Astra-Zeneca, Moderna, Pfizer ёки Jonson & Jonson вакциналари билан тўлиқ эмланиб, сертификатга эга бўлишлари лозимлиги эслатилмоқда.

Бир неча йил аввал Ўзбекистондан ҳаж ва умра сафарларига бориш мушкул бўлганидан ўзбекистонлик мусулмонлар бу буюк зиёратга Қирғизистон орқали, ҳатто сохта Қирғизистон паспорти билан боришга мажбур бўлишарди.

Бугунги кунда Қирғизистондан ҳам умрага бораётганлар сони ортиб бормоқда, бироқ бу ҳақда расмий маълумотлар йўқ.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг