Америка Марказий Осиёда савдо-сотиқни ривожлантириш учун пул беради

Беш йиллик дастурда минтақада божхона ва чегара назоратини ҳамда экспорт салоҳиятини яхшилаш кўзда тутилган.

АҚШнинг Қирғизистондаги элчихонаси тарқатган хабарга кўра, Америка Қўшма Штатлари Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Марказий Осиё минтақасида янги дастурни ишга туширди. Бюджети 19 миллион доллар бўлган беш йиллик дастур Марказий Осиё давлатларининг ташқи савдо-сотиқ соҳасидаги салоҳиятини ошириш орқали уларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.

Дастур асосида Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон давлатлари ўртасидаги божхона ва чегара назорати тартибларини уйғунлаштириш, давлат ва хусусий секторнинг сармоялар, ва савдо-сотиқ борасидаги муносабатларини яхшилаш, ўзаро экспорт хизматларини кенгайтириш каби вазифаларни ҳал қилиш режалаштирилган.

Дастур доирасида экспорт хизматларини кенгайтириш мақсадида маҳсулотларни сертификатлаш, транспорт, логистика масалаларини яхшилаш ҳамда хорижий компаниялар вакилларининг ушбу давлатларга ташриф буюришиб, тажриба алмашуви ҳам кўзда тутилган. Охир оқибатда дастур минтақа давлатларидаги компанияларнинг чет эл харидорлари талаб ва эҳтиёжларини чуқурроқ ўрганиб, янги бозорларни очишга тайёргарлигини оширишга хизмат қилиши керак.

Қирғизистонда ушбу дастур Иқтисодиёт ва савдо ҳамда Транспорт ва коммуникациялар вазирликлари, Давлат божхона хизмати ва Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Оқбура, Бишкек.

Сурат интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг