Хитой Қирғизистонга эллик миллион юань ёрдам кўрсатишни ваъда қилди

Шунингдек Хитой экологик тоза маҳсулотлар харид қилиш ва энергетика соҳасида ҳамкорлик қилишга тайёр.

Хитой томон Қирғизистонга коронавирусга қарши қўшимча 5 миллион доза вакцина ва хавфсизлик масалалари учун беғараз ёрдам сифатида 50 миллион юань ($7,9 млн. атрофида) беришга қарор қилган. Бу ҳақда 6 февраль куни Пекинда Хитой раҳбари Си Цзиньпин Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан учрашув чоғида айтди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 25 январь куни Хитой Халқ Республикаси раҳбари Си Цзиньпин Марказий Осиёнинг беш давлати иқтисодиёти ва хавфсизлигини мустаҳкамлаш учун уларга яқин уч йил давомида 500 миллион доллар ёрдам кўрсатишга ваъда берган эди. Бу ҳақда у Хитойнинг Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон давлатлари билан дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишланган «Марказий Осиё-Хитой» онлайн саммитида сўзлаган нутқида айтган.

Си Цзиньпин ажратилган маблағлар «аҳолининг турмуш тарзи билан боғлиқ лойиҳаларга» йўналтирилишини ҳам маълум қилди. Бундан ташқари, Хитой раҳбари 2022 йил давомида аталган беш давлатга COVID-19га қарши 50 миллион доза вакцина етказиб беришга ваъда берган эди.

Икки давлат раҳбарлари сиёсий, савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг долзарб масалалари ва истиқболларини, йирик қўшма лойиҳаларни молиялаштиришни муҳокама қилдилар.

Си Цзиньпин Садир Жапаровнинг Қирғизистон-Хитой ҳамкорлигини ривожлантиришга қўшган ҳиссасини юқори баҳолаб, икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатлари ривожланиб бораётганини таъкидлади. Шунингдек, у Садир Жапаров раҳбарлигида Қирғизистонда катта сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилаётгани, коррупцияга қарши қаттиқ кураш олиб борилаётганини айтиб ўтди.

«Хитой Қирғизистон учун доимо ишончли дўст ва қўшни бўлган ва шундай бўлиб қолади. Умид қиламанки, алоқалар икки халқ манфаати йўлида мустаҳкамланиб бораверади», – деди Си Цзиньпин.

Хитой раҳбари, шунингдек, Қирғизистондан экологик тоза маҳсулотлар харид қилиш ва энергетика соҳасида ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирди. Шунингдек, Хитой раҳбари пандемия билан боғлиқ чекловларни ҳисобга олган ҳолда икки давлат ўртасидаги ҳаво қатновларини босқичма-босқич қайта тиклаш ва юк ташиш ҳажмини ошириш зарурлигини таъкидлади. У “Торугарт” ва “Иркештам” назорат-ўтказиш пунктларининг ўтказиш қобилиятини кенгайтириш ҳақида ҳам айтиб ўтди.

Си Цзиньпин Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлини қуриш ва уч давлат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлигини ҳам таъкидлаб, бу бутун Марказий Осиё учун муҳим лойиҳа эканини айтди.

Ўз навбатида Президент Садир Жапаров Қирғизистон ва Хитой ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги ҳамда икки давлат ўртасида «Яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида шартнома» имзоланганининг 20 йиллигига тўғри келаётган ушбу учрашувнинг ўзига хос хусусиятларини қайд этди.

Президент Қирғизистон томони Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли лойиҳасини амалга оширишдан ҳам манфаатдор эканини айтди.

Шунингдек, Қирғизистон томони Хитой компаниялари билан давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширишдан манфаатдор бўлган қатор лойиҳаларни таклиф қилди. Бу энергетика соҳасида ҳамкорликни фаоллаштириш ҳамда кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш учун 1 млрд. АҚШ доллари капиталига эга бўлган Қирғизистон-Хитой сармоя фондини тузишни таклиф қилди.

Учрашув сўнггида Садир Жапаров Си Цзиньпинга Қирғизистонга давлат ташрифи билан келишни таклиф қилди.

Оқбура, Бишкек.

Манба: centralasian.org.

Сурат интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг