Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой темир йўли қурилишига фатво берилиши мумкин

Уч давлат раҳбарларининг Хитойдаги учрашувлари чоғида бу масалада аниқ қарорларга келиниши кутилмоқда.

Расмий ташриф билан Хитойда юрган Қирғизистон президенти Садир Жапаров яқин орада Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши бошланишига ишонч билдирди. Хитойнинг CGTN медиа корпорациясига берган интервьюсида Жапаров ҳозирда лойиҳанинг мувофиқлаштириш босқичида эканини маълум қилган. Шунингдек президент ушбу йўлнинг қурилиши нафақат Қирғизистон ва Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё минтақасининг транспорт ва транзит салоҳиятини оширишини айтиб ўтди.

“Ушбу лойиҳа икки томонлама муносабатларнинг кун тартибидан ҳамиша жой олиб келган, унинг мазмун-моҳияти ва мақсадга мувофиқлиги борасида ҳеч қандай сиёсий келишмовчиликлар йўқ, – деди Жапаров журналистларга. – Лойиҳанинг техник ва молиявий қисми билан боғлиқ масалалар бор, улар ҳозирда уч давлат мутахассислари томонидан ишлаб чиқилмоқда».

Аввалроқ хабар берганимиздек, Қирғизистон Вазирлар маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаров 27 октябрь куни парламент йиғилишида Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилишига доир ҳужжатлар тайёрланиб бўлганини маълум қилган эди. Унинг айтишича, бу борада Ўзбекистон томон билан музокаралар якунланган. Тегишли вазирлар вертолётда йўл қурилиши режалаштирилаётган ҳудудни айланиб чиқишган ва зарур ҳужжатларни тайёрлаб бўлишган.

“Энди гап Хитой билан бўладиган музокараларда қолди”, – деган эди Вазирлар маҳкамаси раиси.

Садир Жапаровнинг Олимпиада ўйинлари муносабати билан Пекинга қиладиган ташрифи чоғида муҳокама қилинадиган асосий масалалардан бири Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон халқаро темир йўл линиясини қуриш истиқболи бўлиши бунгача хабар қилинган эди.

Ақилбек Жапаров магистралнинг Қирғизистон орқали ўтадиган йўналишлари белгиланиб бўлганини, унга кўра, темирйўлнинг 280 километрлик қисми Қирғизистон ҳудудидан ўтишини маълум қилди. Унинг 57 километри туннеллардан иборат бўлиши режалаштирилган.

Ақилбек Жапаров дастлабки келишувларга асосан лойиҳани молиялаштириш масаласини асосан Хитой ва бир қисмини Ўзбекистон ҳал қилиши керак. Бу темирйўл магистрали Буюк ипак йўлининг замонавий моделларидан бири бўлиб, Қирғизистон ва Ўзбекистонга Хитойнинг Қашғар ҳудуди орқали энг арзон ҳисобланган денгиз йўлларига чиқиш имконини беради. Бу эса Ғарб давлатлари билан савдо-сотиқни ривожлантиришга кенг йўл очади.

Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлини қуриш ташаббуси 2000-йиллар бошларида эълон қилинган, аммо ўшандан бери амалга ошмай қолмоқда. 2002 йилда Пекин лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини аниқлаштириб, йўналишни белгилаган.

Хитойнинг таклифига кўра, йўл Тўруғарт довони орқали Арпа яйлови бўйлаб ўтиши, кейин эса Ўзган тумани орқали Қорасув шаҳрига етиб, у ердан Ўзбекистон томонга тортилиши керак эди. Шунда темирйўл магистралининг умумий узунлиги 500 чақирим бўлиб, унинг 268 километри Қирғизистон ҳудудидан ўтиши керак эди.

2017 йилда Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлини қуриш бўйича уч томонлама ишчи гуруҳ тузилган, шунингдек лойиҳани амалга оширишнинг уч хил варианти кўриб чиқилаётгани ҳақида маълум қилинган.

Шу кунларда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёв ҳам Хитойда экани, унинг ҳам Хитой раҳбари билан учрашуви режалаштирилганини ҳисобга олсак, бу сафар ғишт қолипдан кўчиши ва бу масалада уч давлат ўртасида битимга қўл қўйилиши мумкинлигини тахмин қилиш мумкин.

Оқбура, Бишкек

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг