Душанбада элчи алмашади. Бу чегарадаги вазиятга таъсир қиладими?

Қирғизистоннинг Тожикистондаги элчиси кўпдан бери танқид остига олиб келинаётган эди.

Республика президентининг матбуот хизмати Қирғизистоннинг Тожикистондаги элчиси Жаниш Рустенбековнинг эгаллаган лавозимидан озод этилганини маълум қилди.

Хабарда айтилишича, тегишли қарор президент Садир Жапаров томонидан имзоланган. Жаниш Рустенбеков Қирғизистоннинг Тожикистондаги элчиси лавозимида 2018 йилнинг декабридан бери ишлаб келаётган эди. Ўтган йилнинг кузида унинг хизмат ваколатлари муддати ниҳоясига етаётгани ҳақида айтилган.

Ўтган йилнинг апрели ва янги йилнинг январида икки давлат чегарасида юз берган қуролли тўқнашувлардан сўнг ижтимоий тармоқларда элчининг номига жуда қаттиқ танқид айтилган эди. Норози бўлган қирғизистонликларнинг фикрича, Рустенбеков чегарадаги аҳволни ўнглаш бўйича ҳеч қандай амалий иш олиб бормаган. Лекин элчининг фаолияти ҳақида бирор жойда расмий маълумотлар эълон қилинмаган.

Элчининг ишдан бўшатилиши мана шу норозиликлар билан боғлиқми, ёки йўқ экани номаълум. Матбуот хизмати бу ҳақда ҳеч қандай фикр ёки маълумот бермаган.

Бунгача, 2021 йилнинг сентябрида парламентнинг Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси ушбу лавозимга собиқ депутат Қубаничбек Нурматовнинг номзодини кўриб чиқиб, маъқуллаган эди. Бироқ кўп ўтмай, 20 сентябрь куни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Нурматовнинг кўплаб ўта йирик миқдордаги фирибгарлик ҳолатлари бўйича судгача тергов ҳаракатлари доирасида ҳибсга олинганини эълон қилди.

Элчи сифатида энди Душанбага ким бориши ҳозирча ноъмалум. Лекин чегарани аниқлаш борасида икки давлат ўртасидаги жиддий келишмовчиликларни давлат ҳукуматлари даражасида ҳам ҳал қилиш мушкул бўлиб турган вазиятда элчининг бу жараёнга қанчалик таъсир қилиши мумкинлиги ҳақида бирор нарса дейиш қийин.

Оқбура, Бишкек.

Сурат интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг