Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳам денгизга йўлларига чиқишади

Қирғизистон ва Хитой ўртасида тегишли ҳужжатлар имзолангач, ниҳоят 20 йилдан буён айтилиб келаётган темир йўл қурилиши бошланиши мумкин.

Қирғизистон Вазирлар маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаров 27 октябрь куни парламент йиғилишида Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилишига доир ҳужжатлар тайёрланиб бўлганини маълум қилди.

Жапаровнинг айтишича, бу борада Ўзбекистон томон билан музокаралар якунланди. Тегишли вазирлар вертолётда йўл қурилиши режалаштирилаётган ҳудудни айланиб чиқишди ва зарур ҳужжатларни тайёрлашди. Энди гап Хитой билан бўладиган музокараларда қолди.

Яна бир лойиҳага кўра, темирйўл Қирғизистоннинг Жалолобод шаҳридан ўтиши керак эди

“Биз президент Садир Жапаровнинг Хитойга расмий ташрифини кутяпмиз, аммо коронавирус муносабати билан Пекин ҳозирча ёпиқ”, – деди Вазирлар маҳкамаси раиси. – “Чегара очилгандан сўнг, президент ташрифи чоғида лойиҳа тақдири ҳал этилишини кутяпмиз”.

Ақилбек Жапаров магистралнинг Қирғизистон орқали ўтадиган йўналишлари белгиланиб бўлганини, унга кўра, темирйўлнинг 280 километрлик қисми Қирғизистон ҳудудидан ўтишини маълум қилди. Унинг 57 километри туннеллардан иборат бўлиши режалаштирилган.

У ҳозирда лойиҳани молиялаштиришнинг турли моделлари ишлаб чиқилаётганини қўшимча қилган. Дастлабки келишувларга асосан молиялаштириш масаласини асосан Хитой ва бир қисмини Ўзбекистон ҳал қилиши керак. Бу темирйўл магистрали Буюк ипак йўлининг замонавий моделларидан бири бўлиб, Қирғизистон ва Ўзбекистонга Хитойнинг Қашғар ҳудуди орқали энг арзон ҳисобланган денгиз йўлларига чиқиш имконини беради. Бу эса Ғарб давлатлари билан савдо-сотиқни ривожлантиришга кенг йўл очади.

Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлини қуриш ташаббуси 2000-йиллар бошларида эълон қилинган, аммо ўшандан бери амалга ошмай қолмоқда. 2002 йилда Пекин лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини аниқлаштириб, йўналишни белгилаган.

Хитойнинг таклифига кўра, йўл Тўруғарт довони орқали Арпа яйлови бўйлаб ўтиши, кейин эса Ўзган тумани орқали Қорасув шаҳрига етиб, у ердан Ўзбекистон томонга тортилиши керак эди. Шунда темирйўл магистралининг умумий узунлиги 500 чақирим бўлиб, унинг 268 километри Қирғизистон ҳудудидан ўтиши керак эди.

2017 йилда Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлини қуриш бўйича уч томонлама ишчи гуруҳ тузилган, шунингдек лойиҳани амалга оширишнинг уч хил варианти кўриб чиқилаётгани ҳақида маълум қилинган. Чамаси, бу сафар ғишт қолипдан кўчишига оз қолди ва уч давлат ўртасида битимга қўл қўйилади.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг