Интернет борку! Президентлар Ҳиндистонга бормайди

Марказий Осиё давлатлари ва Ҳиндистон раҳбарлари саммити онлайн форматда ўтадиган бўлди.

ТАСС ахборот агентлигининг Ҳиндистон ташқи ишлар вазирлигига таяниб маълум қилишича, «Ҳиндистон – Марказий Осиё» биринчи саммити 27 январь куни видео форматида бўлиб ўтади.

Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги давлат Бош вазири Нарендра Модининг 2022 йилнинг 27 январида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон президентлари иштирокидаги биринчи саммитини виртуал форматда ўтказиши ҳақида хабар тарқатган.

Хабарда қайд этилишча, саммит чоғида олти давлат раҳбарлари бу мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни янги босқичга кўтариш бўйича қадамларни муҳокама қиладилар. Минтақавий ва халқаро муаммолар, айниқса, минтақавий хавфсизлик масалалари бўйича фикр алмашадилар.

Бунгача ушбу саммитнинг бўлиб ўтиши ҳақида хабарлар берилиб, режага кўра 26 январь Ҳиндистонда нишонланадиган Республика куни муносабати билан ўтказиладиган ҳарбий парадда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг у ерда фахрий меҳмон бўлиши керак эди. Ҳиндистон ҳукумати Марказий Осиё давлатлари раҳбарларига таклифномалар ҳам юборган, бироқ коронавирус билан боғлиқ вазият ёмонлашгани сабабли ушбу режа бекор қилинган.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг 12-13 январида Самарқанд шаҳрида аталган давлатлар ташқи ишлар вазирларининг учрашуви бўлиб ўтган эди. Бу учрашувда Афғонистон ташқи ишлар вазири ҳам иштирок этган бўлиб, вазирлар ўз давлатларининг икки ва кўп томонлама ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишган.

Бугунги Ҳиндистон дунёда энг тез ривожланаётган давлатлар қаторига кириб, Осиё минтақасидаги энг қудратли давлатлардан бири ҳисобланади. Аҳолиси сони жиҳатидан дунёда Хитойдан (1,4 млрд.) кейин иккинчи (1,38 млрд.) ўринда туради, бу дунё аҳолисининг олтидан бир қисмини ташқил қилади. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Ҳиндистон яқин орада аҳоли сони қисқара бошлаган Хитойдан олдинга ўтиб кетиши кутилмоқда.

Ҳарбий мақсадларга энг кўп маблағ сарфлаш борасида АҚШ ва Хитойдан кейин учинчи ўринда (72,9 триллион доллар) туради. Ядро қуролига эга.

Ҳиндистонда 16 асрда Заҳириддин Муҳаммад Бобур асос солган Бобурийлар сулоласи давлатнинг катта қисмини 200 йилдан ортиқроқ бошқарган. Кейинроқ, 1857 йилдан тортиб Ҳиндистон Англия колониясига айланган. 1915 йили мустақилликка эришган. 1947 йилда эса аҳолиси мусулмонлардан иборат Покистон давлати тузилиб, Ҳиндистондан (аҳолиси 221,2 млн. киши) ажралиб чиққан.

Оқбура, Бишкек.

Сурат интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг