Ишонганим сен бўлсанг… Қирғизистон божхона хизмати раиси қўлга олинди

Коррупцияда айбланаётган 40 ёшли амалдор бу лавозимга уч ойгина олдин тайинланган эди.

Қирғизистон Давлат божхона хизмати раиси Адилет Қубаничбековнинг коррупцияда гумон қилиниб қўлга олингани ҳақида 17 январь куни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маълум қилди.

Қўмитанинг аниқлашича, божхона хизматидаги йирик коррупцияга оид маълумотлар бу коррупция ишларида тузилма бўлинмалари раҳбарияти ва юқори даражадаги раҳбарлар иштирок этишганини кўрсатган.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг хабар беришича, департамент раҳбарияти товарларни импорт қилувчи хусусий компаниялар манфаатларини қўллаб-қувватлаб, уларга қулай шарт-шароит яратиб, эвазига пора олган ҳолда чет элдан келаётган товарларни божхона бошқармасидан яширган.

«Бундан ташқари, Божхона хизмати раҳбарияти ташқи иқтисодий фаолият субъектлари учун божхона хизматига қарашли корхоналар томонидан кўрсатиладиган божхона хизматлари нархини асоссиз равишда ошириб юбормоқда», – дейилади разведка хизмати хабарида.

Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг 336-моддаси («Коррупция») билан қўзғатилган жиноят иши бўйича Божхона хизмати раиси Адилет Қубаничбеков ушланиб, вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилди.

Бунгача тадбиркорлик билан шуғулланиб келган 40 ёшли Адилет Қубаничбеков бу лавозимга 2021 йилнинг 26 октябрида, яъни давлат раҳбарияти коррупция қарши кескин кураш олиб борилаётганини айтиб келаётган пайтда тайинланган эди.

Адилет – узоқ йиллар прокуратура органларида ишлаб, бош прокурор ўринбосари даражасига кўтарилган Қубаничбек Бакиевнинг ўғли. Бир неча йил аввал яхшигина шоир сифатида ҳам танилган Бакиевга қарши “товламачилик” моддаси билан жиноий иш қўзғалган. У 2015 йилда қўлга олинган, лекин кейинчалик иш ёпилиб кетган эди.

Оқбура, Бишкек.

Сурат интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг