Энди Google ҳам солиқ тўлайди

Қирғизистон президенти ишбилармонларда норозилик туғдирган янги солиқ кодексига имзо чекди.

Қирғизистон президенти матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, 18 январь куни Президент Садир Жапаров Жоғорқу Кенеш томонидан 2021 йилнинг 22 декабрида қабул қилинган Солиқ кодексини имзолади. Шу билан 2009 йил 1 январидан буён амал қилиниб келаётган Солиқ кодекси ўз кучини йўқотди.

Ҳокимият давлат бюджетини янада тўлдиришга хизмат қилади, деб мақтаётган бу ҳужжат бир қатор тадбиркорларнинг норозилигига сабаб бўлган. Асли аввалги парламент томонидан қабул қилинган янги Солиқ кодекси 2022 йил 1 январидан кучга кириши керак эди. Тадбиркорларнинг бир қисми янги кодекснинг жорий этилишига қарши митинглар ўтказишган, уни ҳеч бўлмаса вақтинчалик тўхтатиб туришни илтимос қилиб, президентгача мурожаат қилишганди.
Митинглардан сўнг Вазирлар Маҳкамаси янги солиқ кодексининг жорий қилиниши бўйича ахборот-тушунтириш кампанияси паст савияда олиб борилганини тан олди. Шунга қарамай, расмийларнинг таъкидлашларича, бу ҳужжат яширин иқтисодиёт кўламини қисқартиришга қаратилган бўлиб, янги қоидалар бюджет даромадларини сезиларли даражада оширишга олиб келади.

Ҳужжатдаги асосий янгилик – солиқ солиш тизими оптималлаштирилиб, солиқ тўлаш амаллари имкон қадар рақамлаштирилади. Ишбилармонлик юритиш учун ҳаммага бирдай шароитлар тақдим этилиб, “соядаги” иқтисодият кўлами қисқартирилади. Яъни, солиқ тўлашни очиқлаш, оптималлаштириш орқали солиқдан қочишдан кўра уни вақтида тўлаш фойдалироқ бўлиб қолади.

Жумладан, йиллик товар югуртуви 30 млн. сўмдан кам бўлган ишбилармонлар фақат бир турдаги ягона солиқ тўлашиб, ҳисоботларни ҳар чоракда бир марта топширадилар холос. Электрон савдо билан шуғулланувчилар 2% кўламида солиқ тўлайдилар. Ишлаб чиқарувчилар эса сотувдан тушган даромаднинг 1% кўламида солиқ тўлайдилар, холос. Бу маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга катта рағбат бўлиб хизмат қилиши керак.

Яна бир янгилик, энди Қирғизистонда фаолият юритаётган чет эл компаниялари (Яндекс, Google каби) ҳам қўшимча нарх солиғи тўлашлари лозим бўлади. Фақат улардан солиқ ундириш қандай амалга оширилиши ҳақида ҳали маълум эмас.

Бир қатор соҳаларда, масалан тикувчилик, заргарлик, авиация соҳаси ва электробуслар импорти учун сезиларли имтиёзлар киритилган. Мисол учун, тикувчилик билан шуғулланганлар 5 йил давомида тушган даромаднинг 0,25 фоизи миқдорида солиқ тўлайдилар холос. Заргарлар ва мамлакатга самолёт олиб келганлар 5 йилгача қўшимча нарх солиғидан озод қилинадилар. Мамлакатга электробуслар олиб келаётган ишбилармонлар умуман қўшимча нарх солиғи тўламайдилар ва бу мамлакатда ҳаво булғанишининг камайишига хизмат қилиши керак.

Ишбилармонларнинг норозилигига сабаб бўлган бўлган назорат-касса аппаратларини (НКА) ўрнатиш даромадни яшириш ҳолларига барҳам бериши лозим. Шу вақтнинг ўзида НКА ўрнатиш ишбилармонларнинг бир қисмига фойдали бўлиши айтилмоқда, яъни савдо югуртуви 8 млн. сўмга етмаганлар қўшимча нарх солиғидан озод қилинадилар.

Оқбура, Бишкек

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг