Қўшнинг нотинч бўлса…

Қирғизистон беихтиёр Қозоғистондаги воқеаларга «аралашиб» қолган фуқароларини ҳимоя қилмоқда.

Сўнгги расмий маълумотларга қараганда, Қозоғистонда январь ойининг бошларида бўлиб ўтган қонли воқеаларга дахли бор деган шубҳа билан 5 нафар Қирғизистон фуқароси ҳибсга олинган. Икки киши оммавий тартибсизликлар пайтида ҳалок бўлган. Лекин вақт ўтиши билан бу кўрсаткичлар ўзгариши кутилмоқда.

Қирғизистон ташқи ишлар вазири Руслан Қазақбаев кеча ўтган Турк давлатлари ташкилотига аъзо мамлакатларнинг ташқи ишлар вазирларининг учрашувида Қозоғистондан у ерда қўлга олинган ҳар бир қирғизистон фуқароси ҳақида зудлик билан маълумот бериб туришни сўради. Умуман олганда Қирғизистон шу кунларда чет элларда юрган фуқароларининг тақдирига бефарқ эмаслигини намойиш қила олди.

Икки давлат ўртасида олиб борилган узоқ музокаралардан сўнг ҳалок бўлганлардан бири Азиз Мусаевнинг жасадини Қирғизистонга, қариндошларига ўтказиб бериш масаласи ҳал бўлди. Бунгача Қозоғистон томон жасадни беришдан бош тортиб, ҳатто Мусаевнинг онасини Қозоғистонга киритмаётган эди. Маълум бўлдики, 31 ёшли спортчи Азиз Мусаев Қозоғистонда 2015 йилдан яшаб келаётган экан. Алматидаги нуфузли фитнес клубларнинг бирида тренер бўлиб ишлаган. Ўтган йили бодибилдинг бўйича Қозоғистонда иккинчи ўринни эгаллаган. Ичмас ҳам, чекмас ҳам эди. Дастлабки маълумотларга кўра, Азиз 6 январь куни синглисиникидан қайтаётиб, Алматидаги майдонда, бир ярадорга кўмак кўрсатмоқчи бўлган пайтда отиб ўлдирилган.

Иккинчи қурбон, Бахтияр Базарбаевнинг ўлими билан боғлиқ ҳолатлар ҳали аниқланмаган. Қирғизстоннинг Қозоғистондаги элчиси Назарали Ариповнинг айтишича, барча маълумотлар текширилиб чиқилгач, марҳумнинг жасади яқинларига берилади.

Консул шахсан беш нафар қирғизистонлик билан ҳибсхоналарда учрашган. Улардан бири, таниқли мусиқачи Викрам Рузахунов озод қилиниб, ўз ватанига қайтиб келди. Қизиғи, Викрамни Қозоғистон телеканалларида тартибсизликлар иштирокчиси сифатида кўрсатишган. У кўзи зарбадан кўкарган ҳолда, “200 доллар эвазига митингда қатнашиш учун Қирғизистондан келганини бўйнига олиб” гапирган.

Сюжетни кўрган қирғизистонлик фаоллар унинг туҳмат эканини, Викрамнинг беозор бир мусиқачи эканини айтиб, зудлик билан уни қутқариш талаби билан ҳокимият органларига мурожаат қилишган. Узоқ музокаралардан сўнг Викрамни озод қилишга эришилди. Уйига қайтгач, у жонини сақлаш мақсадида ўзига ўзи туҳмат қилишга мажбур бўлганини айтган.

Назарали Ариповнинг сўзларига кўра, Қозоғистон томон тегишли текширувлардан сўнг қолган қирғизистонликларни ҳам қўйиб юборишни ваъда берган. Ҳозиргача аниқ бўлгани шуки, Алмати шаҳрида 31 ёшли Закир Юбуров, 30 ёшли А.Хуров, 34 ёшли И.Мачо ва 20 ёшдаги А.Жиншанло ҳибсда сақланмоқда.

Аталган тўрт йигитдан ташқари ижтимоий тармоқларда Жипаргул Турдуғулова ўзининг жияни Баяли Тўрўгелдиевнинг қўлга олинганини ёзган. Унинг айтишича, икки фарзанднинг отаси, 25 ёшдаги Баяли Чимкентда бозорда савдо билан шуғулланиб келаётган эди.

Машъум воқеалар рўй берган тунда куч тизими ходимлари унинг қўлларини қайириб, оёқ кийимини кийиб олишига ҳам қўймасдан уйидан олиб чиқиб кетишган. Жипаргул Турдуғулова зудлик билан Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигига, Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига ва Омбудсменга мурожаат қилган. Баялини тунги соат иккиларда озод қилишган, лекин эртасига яна келишини айтиб, ҳужжатларини олиб қолишган.

Жипаргул Турдуғулова Қирғизистоннинг тегишли идоралари зудлик билан ёрдамга келишганини, унга қўнғироқ қилиб, аҳволни суриштиришганини айтиб, уларга миннатдорчилик билдиради.

“Бир пайтлар бизда лоқайдлик жуда кучли деб койир эдик, ҳозир бу муаммо йўқ, биз уни енгибмиз…”, деб ёзган Фейсбукдаги варақчасида Турдуғулова.

Алматидаги бош консуллик Алмати, Жамбул, Қизилўрда ва Туркистон вилоятларини ўзига олган ҳудудда фаол иш олиб бормоқда. Ҳозирча қолган вилоятлардаги аҳволга доир маълумотлар йўқ.

Эслатиб ўтамиз, янги йилнинг биринчи кунлари Қозоғистоннинг бир-икки шаҳрида суюлтирилган газ нархининг икки баравар ошиб кетганига қарши оммавий норозилик акциялари билан бошланди. Сўнгра 2-3 кун ичида мамлакатнинг деярли бутун ҳудудини оммавий тартибсизликлар қоплади. Президент Қасим-Жўўмарт Тўқаев ҳукуматни истеъфога жўнатиб, Давлат хавфсизлик кенгаши раислигини ўз қўлига олди. Бунгача бу лавозимда собиқ президент Нурсултан Назарбоев ўтирар ва амалда давлатни бошқаришда давом этаётган эди.

Тўқаев бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилиб, комендантлик соати жорий қилди. Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига (КХШТ) мурожаат қилиб, Қозоғистонни ташқи кучлар ҳужумидан ҳимоя қилишда ёрдам беришини сўради. Зудлик билан киритилган махсус бўлинмалар кучи билан ғалаён бостирилиб, Тўқаев ўз лавозимини сақлаб қолди. Лекин айрим экспертларнинг фикрича, энди давлатнинг Россияга қарамлиги ортади. Назарбоев нафақат ўзи, балки болалари ва яқин дўстларини халқ ҳисобидан бойитиб келаётган, лекин Россиянинг Қозоғистоннинг ички ишларига аралашувига йўл бермай келаётган эди.

Назарбоевнинг ҳайкали қулатилиб, пойтахтнинг эски номини (Астана) қйтари талаблари янграмоқда. Собиқ элбасининг ҳозир қаерда экани, бундан кейинги тақдири ҳозирча ноъмалум. Шу нарса маълумки, қудратли Назарбоевларнинг даври ҳам тугади.

Оқбура, Бишкек.

Сурат интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг