НИМА ҚИЛМОҚ КЕРАК? Ёҳуд Қозоғистон сабоқлари

Ақл эгалари учун ҳар бир ишда бир ҳикмат бўлгани каби Қозоғистон воқеаларидан ҳам кўп нарса аён бўлди.

Биринчи сабоқ

Куни кеча, бутун жаҳон аҳли Қозоғистонда бўлаётган авввал тинч, кейин эса қонли воқеаларга айланиб кетган воқеаларни кузатиб, муҳокама қилаётган бир манзарада ижтимоий тармоқларда икки (балки кўпроқдир, аммо мен уларнинг иккитасини кўрдим холос) видео тарқалди. Уларнинг бири Қирғизистондан, иккинчиси эса Чеченистондан. Қирғизистондан тарқалган хабарга: “Қирғизистонда шундай қассобхоналар бор экан”, деган таг сўз ёзиб қўйилибди. Унда шинам бир қассобхонага гўшт нимталари осиб қўйилган ва ёнига ушбу ёзув катта қилиб ёзилган: “АЗИЗ БИРОДАРИМ! Агар пулинг бўлмаса, асло хижолат бўлма. Оилангни егуликсиз қолдирма. Марҳамат, фарзандларинг учун қанча эҳтиёжинг бўлса, ўшанча олавер. Зеро, менинг ризқим ҳам, сенинг ризқинг ҳам АЛЛОҲНИНГ ЗИММАСИДА”.

Чеченистондан тарқалган видеода эса Махачқалъалик бир ҳайдовчининг фаолияти ҳақида гап боради. Унда шаҳарлик маршрут ҳайдовчиси Абдулмажид аканинг машинада тушаётган йўловчиларга қарата айтган сўзлари келтирилган: “Йўлкира эртага, бугун эса эҳсон”, деб эълон қилади Абдумажид ака. Ўша куни эса муқаддас жума куни эди. Бу сўзни у рус тилида айтяпти. Чунки, йўловчилар турли миллат вакилларидан иборат кишилар. Уларнинг аксарияти – қари чол-кампирлар. Мана уч йилдан буён у бу ишни, яъни жума кунлари йўловчиларни текин ташишни қоидага айлантириб олган. “Бу ишни Оллоҳ йўлида қиляпман. У менинг ризқимни беряпти ва мен буни бажаряпман. Оллоҳ мени турли бало-қазолардан асраяпти. Икки марта инсульт бўлдим. Оллоҳга шукр, мени асраб қолди”.

Энг қизиғи, шаҳар аҳли Абдумажид аканинг орзусидан хабар топибди. Унинг орзуи ҳаж фарзини адо этиш эди. Жамоатчи фаолнинг айтишига кўра, бунинг учун маблағ етишмаётган экан. Ҳамшаҳарлар дарров уюша қолишди. Улар Абдумажид акага ҳаж ибодатини бажариб келиши учун 2700 доллар йиғишибди. Қаранг, худо йўлида қилинган яхшилик эътиборсиз қолмас экан!

Хўш, бу воқеалар билан Қозоғистонда кечаётган қонли ҳодисалар ўртасида қандай боғликлик бор? Боғлиқлик шундаки, уларни муҳим бир занжир боғлайди. Бу занжир кейинги ўттиз йилда Марказий Осиё республикалари, жумладан Қозоғистондаги ўзига хон, ўзига бек бўлиб кетган янги бойлар, давлат амалдорларининг аксари халқнинг турмуш шароитини яхшилаш, нарх-навони тушириш, етимлар, тулларга, қарияларга бериладиган нафақаларнинг миқдорини ошириш, хайрия тадбирларини кўпайтириш ўрнига улар фақат ўз бойликлари миқдорини оширдилар. Чет элларда, хусусан, Европа, Америка ва бошқа мамлакатларда катта-катта виллалар, боғ-роғли ҳовлилар сотиб олиб, маишатга берилдилар. Уларнинг тасарруфларидаги корхоналар фақат ўзларига хизмат қилмоқда. Агар бугунги амалдорларнинг бойликлари, мол-мулкларининг “касаллик тарихи”ни ўрганиб чиқсангиз, уларнинг 90 фоизи “ноқонуний ўзлаштириш”, “амалдан фойдаланиш”, “қариндош-уруғчилик”, “таниш-билишчилик” каби юқумли касалликлар туфайли барпо бўлганини кўрасиз.

Ҳозир Қозоғистонда қариийб 20 миллион одам яшайди. Лекин Credit Suisse Research Institute маълумотларига кўра, давлат бойлигининг ярми 200 нафарга ҳам етмайдиган одам қўлида тўпланган.

Хўш, бу масалада Ўзбекистонда, Қирғизистонда, Тожикистонда, Туркманистонда аҳвол қандай? Бу мамлакатларда халқнинг бойлиги неча фоиз кишининг қўлида? Улар ҳечйўғи қирғизистонлик қассоб, чеченистонлик такси ҳайдовчиси каби ўз халқига мурувват кўрсатяптими? Невлай, билганимиз шуки, бу мамлакатлардаги кўпгина амалдорлар бирон-бир хайрия ташкилоти ёки мактаб, касалхона, болалар боғчаси қурса, бюджет ёки бюджетга кирмайдиган халқ пулидан қуришади. Аммо “фалончи қурган” бўлади. Бу дунёда “фалончи” деган ном қолдириш учун инсоннинг ўзи тоза бўлиши кераклигини Марказий Осиё давлатларининг кейинги ўттиз йиллик ҳаёт тажрибалари аниқ-тиниқ кўрсатди. Улардаги менман деган “фалончилар”нинг дарди мол-дунё экани кундай равшан… Мана, Қозоғистондаги аҳволни кўриб турибсиз. Шундай экан, халққа мен ризқ беряпман деб наҳ ураётган эй валламатлару вали неъматлар, эй амалдорлар, эй вазирлар, эй ҳокимлар, довруғ таратган эй бой-бадавлатлар, Искандарни эсланглар: у ўлишидан олдин “Қўлимни тобутдан чиқариб қўйинглар”, дея васият қилган эди. Искандарки у дунёга қуруқ қўл билан кетди. Сиз билан биз олиб кетармидик?!

Иккинчи сабоқ

Бир ҳафтадан буён қардош қозоқ халқи кўчада. Айниқса ёшлар ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун жон олиб, жон бермоқда. Сўнгги маълумотларга кўра турли тўқнашувларда 44 киши ҳалок бўлган. Уларнинг 26 нафари ўз талабларини ҳимоя қилиб, митингга чиққан тинч аҳоли вакиллари. Кеча митингчиларга қарата огоҳлантиришсиз ўт очиш хусусида қуролли кучларга буйруқ берилгани айтилмоқда. Президент Тўқаев намойишчиларни аввал, “фитначилар”, эртаси куни эса “бандитлар” деб атади. Бугун Қозоғистонда бўлиб ўтаётган воқеалар қайси бир жиҳатлари билан Андижон воқеаларини эслатмаяптими? Ўшанда ҳам намойишга чиққан тинч аҳоли ўққа тутилган, уларни ҳам бир тўп ғаламисларга қўшиб террористлар, деб аташган эди. Халққа бу айбларни Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги раҳбари И.Каримов эълон қилган эди. Бугун жаноб Тўқаев ҳам намойишга чиққан ўз халқини “бандит”, “террорист” деб айтяпти. Тўғри, Андижонда бўлганидек, қозоғистонлик намойишчилар орасида ҳам вазиятдан фойдаланиб қолувчи ҳуқуқбузарлар, экстремистлар, жосуслар йўқлигига ҳеч ким кафолат бермайди. Аммо бутун халқ бандит ё террорчи бўлиши мумкин эмас.

Айрим таҳлилчиларнинг назарида жаноб Тўқаев Москвадан туриб бошқарилмоқда. Эътибор берган бўлсангиз, Андижон воқеаларидаги қирғин Европа, АҚШ томонидан қораланган бир пайтда Россия олқишламаса-да, аммо юқори доирада И.Каримов қабул қилиниб, рағбатлантирилган эди. Қозоғистондаги бугунги ҳолат айни ўша, бундан яқин йигирма йил олдин Ўзбекистонда кечган воқеаларни эсга солмоқда. Худога шукрки, ўшанда Ўзбекистон Россиядан мадад сўрамаган эди. Акс ҳолда Россия мамлакатни яна қайта истило қилган бўларди. Бугун Қозоғистонга КХШТнинг 2500 нафардан ортиқ ҳарбийлари келиб жойлашди. Гарчи бу қўшин номига КХШТга қарашли бўлса-да, аммо Россиянинг кўрсатмаси билан ҳаракат қилади. “Ёрдамчи”лар қачон чиқиб кетиши ҳақида эса ҳеч қандай гап сўз йўқ. Эскиларнинг “тирқиш очиб олай, эгаллаш қочмайди”, деган гаплари рўёбга чиқмаса бўлди…

Сиёсий таҳлилчиларга кўра, Қозоғистонда юз берган воқеалар Россиянинг Марказий Осиёда ўз қудратини қайта кучайтириш, минтақани ўз сиёсий доирасига янада кучлироқ тортиш пайида бўлишига замин яратган. Шу боис ҳам Кремль ўйлаган гапларни тилга чиқарувчи унинг “мутахассис”лари бирданига сайраб қолишди. Жумладан, Russia Today канали бош муҳаррири Маргарита Симоньян 5 январ куни ўз телеграм каналида “оммавий норозилик намойишларини тарқатишда ҳарбий ёрдам бериш эвазига Қозоғистондаги режим олтита “шарт”ни бажаришини эълон қилди”, де ёзади Би-би-си ахборот агентлиги ўз саҳифасида. “Бу шартлар Қримни тан олиш, Россияга хайрихоҳ бўлмаган ноҳукумат ташкилотларни Россиядан қувиш ва мамлакатда рус тилини янада оммалаштиришни талаб қилган бандлардан иборат”. Мақола давомида ўша Симоньяннинг бир қур айтганларини ўқир эканман, юрагимни ғам босди. Уларда қозоқ халқига нисбатан нафрат туйғулари шундоқ сезилиб турса-да, аммо ҳақиқат ҳам йўқ эмасди. Мана Симоньян хонимнинг айтганлари: ”Мустақиллик. Тош билан қуролланган бир-икки минг бетайинлар армияни ҳайдаб, аэропорт ва арсеналларни эгаллаб олганида, мамлакатни бир кунда шундай тартибсизликка айлантирганида, мамлакат ўзи мустақил бўлиб чиққан давлатидан ҳарбий аралашувни сўраб мурожаат қилган бўлса, бу жуда кулгули мустақиллик. Бу қолган ўн тўрттасига ҳам у ёки бу тарзда тегишли”. Қолган ўн тўртта деб эса Симоньян хоним собиқ Иттифоқ мамлакатларига ишора қилади.

Муҳтарама хоним! 1991 йил август ойида Москвада бўлиб ўтган воқеалар ёдингиздами? Ўшанда Москвада КПССни сақлаб қолиш, Мустақил Давлатлар Иттифоқини барпо этишга қаршилик кўрсатиш учун фитна уюштирилган эди. Фитна нафақат КПССни йўқотиш, Мустақил Давлатлар Иттифоқининг барпо этилишига қаршилик кўрсата олмади, балки мустабид Совет Иттифоқининг қулашига сабаб бўлди. Фитначилар намойишчиларни куч билан тарқатиш учун кўчаларга танклар, бронетехника ва бошқа қурол аслаҳалар билан қуролланган армияни чиқарди. Аммо ўша армия СССРнинг ичдан чириб битганини яхши билгани учун, намойишчиларга битта ҳам ўқ узмади. Чунки ўша намойишчилар бирининг акаси, бирининг укаси, охир-оқибат, миллатдошлари эди. Сиз айтган “қўлида тош кўтарган ўша бетайинлар” қозоқ армиясининг, қозоқ милициясининг ака-укалари эмасми? Ҳар қандай армия четдан келган хавфни бартараф этишга қаратилмаганми? Қайси бир мамлакатнинг армияси ўз халқига қарши қурол кўтарар экан, бу яхшилик аломати эмас. Нега халқ ўз Президентларини элбоши, юртбоши, сардор дея алқайди? Чунки, уларга ишонади. Нега қозоқ халқининг эл бошиси ёки Президенти ўша Жангиўзанда митинг бошланган куниёқ халқ олдига чиқиб, унинг дардини эшитмади? Аминмизки, агар элбоши ёки Президент халқ олдига чиқиб унинг дардини тинглаганда эди, воқеалар бу даражада газак олиб, Тўқаев айтгандай писиб ётган ”бандитлар”, “террористлар”га қўл келмасди. Одамнинг юзи иссиқ. Халқ билан телевизор экранидан эмас, юзма-юз туриб гаплашиш керак. Бундай учрашувга эса ҳар ким қодир бўлолмайди. Чунки ундайлар халқдан аллақачонлар узилиб кетган бўлади. Сиз эса, муҳтарама хоним, бетайинлар дея, қозоқ халқини камситмоқдасиз. Йўқ, улар инсон. Инсондай муомалани исташади. Бугун нафақат Қозоғистонда, шунингдек, бошқа жойларда ҳам ўша инсоний муомала ўта танқисдир.

Учинчи ва энг муҳим сабоқ

Совет Иттифоқи қулаб, Марказий Осиё республикалари мустақил бўлганига 30 йилдан ошяпти. Аммо натижа шу бўлдики, бугунга келиб Симоньян каби кремлчиларнинг кулгуларига қолиб ўтирибмиз. Шундай бўлмаслиги мумкинмиди? Албатта мумкин эди! Ахир ўттиз йилда Хитой давлати қолоқ бир мамлакатдан ривожланган давлатга айланди. Бугунга келиб дунёдаги энг бой давлатлардан бири ҳисобланади. Қизиқ бир ҳол. Бугун интернет саҳифаларини варақласангиз ҳар икки мақоланинг ёки видеонинг бири диний мавзуда эканига гувоҳ бўласиз. Уларнинг жуда кўпларида бир дўстимиз таъкидлаганидек, 33 донали тасбеҳни ўгирган маъқулми ёки 99 талигиними, каби масалалар муҳокама қилинади. Шунга ўхшаш, Марказий Осиё мамлакатлари ҳам ўтган 30 йилда Туркистонда қайси миллат қадимий, ким бошига нима кияди, қайси миллатнинг ерлари катта-ю, қайсинисики кичкина, манов булоқ менга қарашли, ановиси сенга, Қирғизистон қирғизларники, Тожикистон тожикларники, Қозоғистон қозоқники, Ўзбекистон ўзбекники каби меники-сеники билан кунни, йилларни бой бердик. Аммо бу республикаларнинг ўзаро бирлашиб, бир ёқадан бош чиқариб давлат юритиши ҳақида ўйлаб ҳам кўрмадик. Ўйлаганларнинг мияларини қоқиб қўлига бердик, бу ҳақда гапирганларнинг оғизларига қулф солдик. Зотан, туркий халқларнинг зиёлилари Туркистон халқлари бирлашмагунча озод бўлмасликлари ҳақида кўплаб ёзишган ва айтишган. Қозоғистонда бўлиб ўтган қонли воқеалар, бу ерга КХШТнинг ҳарбий кучлари кириб келиши шусиз ҳам омонатгина бўлиб осилиб турган Туркистон ғоясининг амалга ошувини яна ўн йилларга кечикувига сабаб бўлмаса эди. Шу ҳақда ўйларканман, “Оқбура” сайтида яқинда Туркистоний имзоси билан эълон қилинган бир мақоладан парчани келтиришни лозим топдим.

“Мустақил Ўзбекистоннинг Бош қомуси қабул қилинган кунда ўша мустабид давлат – СССР ичида 70 йил мажбуран ушлаб келинган Марказий Осиё республикалари – туркий халқлар тақдири ҳақида ўйладим. Агар ўша кунларда бўлиб ўтаётган воқелар ривожига разм солсангиз, Марказий Осиё республикалари учун СССР таркибидан нафақат алоҳида-алоҳида чиқиш, айни пайтда ўзаро Туркистон федерациясини тузиш шароити ҳам мавжуд бўлганига ишонч ҳосил қиласиз. Биз истаймизми-йўқми, айтишга истиҳола, андиша қиламизми-йўқми, 1991 йил 8 декабрь куни Россия, Украина, Белоруссия славян тилли давлатлар сифатида бирлашдилар (ҳа, ҳозирга келиб уларга ҳавас қилиб бўлмайди. Аммо ўшанда улардан улги олиш керак эди). Марказий Осиёликлар эса наинки кузатишди, бизларни ҳам ҳамдўстликка қўшиб олинглар, деб уларга ўзлари боришди. Ҳамон кузатишмоқда… Ҳамон…

Куни кеча ижтимоий тармоқларда мамлакатда газ қазиб олиш юзасидан “Лукойл” компанияси билан Ўзбекистон ўртасидаги шартнома очиқлангани хусусида хабар тарқалди. Маълум бўлишича, Россиянинг мазкур компанияси Ўзбекистондан қазиб олган газнинг атиги 10 фоизини мамлакатда қолдирар экан. Ҳатто қазиб олинган газ компания томонидан Ўзбекистоннинг ўзига жаҳон бозори нархларида қайта сотилар экан. Ёдингизда бўлса, қардош Қирғизистон билан “Қумтўр голд компани” тузган шартномага кўра, компания акцияларининг 2/3 қисми Қирғизистонга, 1/3 қисми “Камеко”га тегишли эди, аммо Қирғизистон бу шартномани бекор қилишга эришди. Ўзбекистонлик амалдор эса Лукойл билан шартномани бузиш бебурдлик бўлишини айтди. Халқ таппи ёқса ёқсин, аммо амалдорлар бебурд бўлмасин экан.

Йўқ, мавзудан чалғимадик. Агар Марказий Осиё давлатларининг МДҲ тузилган пайтдаги собиқ раҳбарлари Туркистон федерациясини тузишга эришганларида эди, бугунги авлод Евроосиё иттифоқининг ипларига ўралиб, аллақандай лукойлларнинг қўлига қараб қолмаган, Россия ва бошқа қудратли давлатларнинг кўзига мўлтираб турмаган бўларди. 70 миллиондан ортиқ аҳолига эга бир мусулмон Иттифоқнинг эса қўлидан кўп иш келарди. Бундай Иттифоқ кимларгадир хомхаёл бўлиб туюлар. Аммо ўша “хомхаёл”сиз Марказий Осиёнинг келажаги йўқ!”

Марказий Осиё давлатлари ўтган ўттиз йил мобайнида бир ёқадан бош чиқарганларида эди, Туркистоний домла айтган ўша хомхаёл воқеликка айланиб, бугун яна Россия ва бошқа ҳукмдор давлатларнинг кўзларига мўлтираб ўтирмас эдик. Бу Қозоғистон воқеаларидан чиқарадиган сўнгги ва энг оғриқли сабоқдир.

ХОЛИС НАЗАР.

                                                                                    Суратлар интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг