Чемпион ва мард ўғлонга икки хонали квартира берилди

Ўзбекистонлик ўн етти ёшли гроссмейстер шахмат бўйича жаҳон чемпиони бўлди.

Президент Шавкат Мирзиёев ёш шахматчи Нодирбек Абдусатторовни «Мард ўғлон» давлат мукофоти билан тақдирлади. Бунга қўшимча давлат раҳбари номидан унга Тошкент шаҳридан икки хонали квартира берилади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

Эслатиб ўтмамиз, 17 ёшли Нодирбек Абдусатторов 28 декабрь куни Варшавада бўлиб ўтган тезкор шахмат (рапид) бўйича жаҳон чемпионатида ғалаба қозониб, турнир тарихидаги энг ёш чемпион номига сазовор бўлганди.

Абдусатторов 2012 йилда 8 ёшгача бўлган болалар ўртасида ўтказилган шахмат чемпионатида ғолиб бўлган. 2014 йили эса 9 ёшли Нодирбек Тошкентда ўзбекистонлик машхур шахматчи Георгий Агзамов хотирасига бағишланган турнирда икки гроссмейстерни, Андрей Жигалко ва Рустам Хуснутдиновларни доғда қолдирган. Тўрт йилдан сўнг, 2017 йилда у 13 ёшида гроссмейстер номини олган.

Ўзбекистон Шахмат федерацияси матбуот хизмати берган маълумотга қараганда, 28 декабрь куни Варшавада бўлиб ўтган мусобақанинг 13-босқичи якунларига кўра тўрт шахматчи – Нодирбек Абдусатторов, россиялик Ян Непомняшчий, норвегиялик Магнус Карлсен ва америкалик Фабиано Каруана 9,5 очкодан жамғаришган. Улар орасида чемпионлик учун қўшимча кўрсаткичлари энг яхши бўлган Н.Абдусатторов ва Ян Непомняшчийлар беллашишган ва Нодирбек рақибини мағлубиятга учратиб, чемпионлик унвонини қўлга киритган. Ян Непомняшчий 31 ёшда, икки карра Россия чемпиони, 2010 йилда Европа чемпиони бўлган.

Ундан аввалроқ Абдусатторов 31 ёшдаги беш карра жаҳон чемпиони, норвегиялик Магнус Карлсен устидан ғалаба қозонган эди. Чемпионат қоидаларига кўра, ғолибга 60 минг АҚШ доллари миқдорида мукофот берилиши айтилган.

Магнус бу ўйинлардан кейин норози бўлиб, бир хил очко олган 4 кишидан фақат икки нафарининг беллашиши ҳақидаги қоидани “телбанамо” деб атаган. Халқаро шахмат федерацияси вакили Давид Льяда бунга жавобан Федерация “айрим ўйинчиларнинг кайфиятлари йўқлигини тушунишини” ва лекин Магнуснинг бошқа сўзни ишлатса маъқулроқ бўлишини айтган.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадов ўз Телеграм-канали орқали МДҲнинг норасмий саммити бўлиб ўтган Санкт-Петербургдан Тошкентга қайтаётган самолётда президент Шавкат Мирзиёев ва бутун делегация аъзолари тезкор шахмат бўйича жаҳон чемпионатида Нодирбек Абдусатторовнинг ўйинларини катта қизиқиш билан онлайн кузатиб борганини маълум қилган эди.

Оқбура, Бишкек.

Сурат интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг