2021-йил нимаси билан қирғизистонликларнинг ёдида қолди?

Тарихдан жой олаётган 2021-йил Қирғизистонда конституция ислоҳоти ва сайловлар каби сиёсий воқеаларга бой бўлди.

Ўтиб бораётган йилнинг илк ойида президентлик сайлови ва умумхалқ референдуми ўтказилди. Сайлов ва референдум натижасида Садир Жапаров Қирғизистоннинг навбатдаги президенти этиб сайланди ва сайловчиларнинг 80 фоиздан кўпи давлатда парламент бошқарувидан президентлик бошқарувига ўтишни ёқлаб овоз берди. Бундан ташқари, Бишкек, Ўш ва бир қатор шаҳар ҳамда қишлоқларда маҳаллий кенгашларга сайловлар бўлиб ўтди.

Сурат муаллифи: Д. Насибхонов

Шунингдек, 2021-йилнинг 28 ноябрида парламент сайлови бўлиб ўтди. Сайловда 21 партия иштирок этди.  Бу галги сайловлар Қирғизистон тарихидаги энг қиммат сиёсий тадбир бўлди. Сайлов учун давлат бюджетидан 6 миллион 265 минг евро ажратилди. 28 декабрь куни янги таркибдаги парламент ўз ишини бошлади.

2021-йилда Қирғизистонда яна қандай муҳим воқеалар бўлди? Ўтаётган йилдаги сиёсий-иқтисодий ва шахсий ҳаётдаги аҳамиятли воқеалар ҳақида айтиб беришни сўраб, айрим юртдошларимизга юзландик.

Қирғизистонликлар 2021-йилдаги қайси воқеаларни муҳим деб ҳисоблайди:

Одилжон Дадажонов, “Мозийга қайтиб” китобининг муаллифи:

“2021-йилда Қирғизистон президентлик бошқаруви шаклига ўтди. Мен бошқарувнинг бу шаклини аввалдан қўллаб келганман. Бу йилда расман президентликка сайланган Садир Жапаров яхши иш олиб бормоқда”.

Шохрух Соипов, мустақил журналист:

“Биринчи навбатда, Тожикистон билан юз берган можарони айтмоқчиман. Чегара олди ҳудудларида бўлган қонли тўқнашув натижасида ўнлаб фуқароларнинг ҳалок бўлиши, икки давлатнинг ўзаро муносабатларининг бузилиши 2021-йилнинг муҳим, аммо ёқимсиз воқеаси бўлди. Бунинг ортидан Қирғизистон чегарасини бир томонлама ёпди. Азалдан қўшничилик қилиб келган халқ сиёсий келишмовчиликлар сабаб бир-биридан узиб қўйилди. Бу ҳолат ҳозирги кунгача давом этмоқда”.

Сурат «Азаттиқ» сайтидан олинди

2021 йилнинг баҳорида Қирғизистон-Тожикистон чегараси яқинида  икки давлат чегарасида қуролли тўқнашув бошланиб, ўнлаб одамлар ҳалок бўлган. Иккала давлат ҳам можаро ўнлаб йиллар давомида ҳал этилмаган муаммолардан келиб чиққанини тан олган.

Қирғизистон-Тожикистон чегараларидаги муаммолар ҳалигача тўлиқ ҳал қилинмади. Баҳсли ҳудуд сабабли икки давлат фуқаролари ўртасида турли даражадаги низолар ҳамон давом этмоқда.

Қирғизистоннинг Тожикистон билан сиёсий алоқалари ёмонлашиб, чегаралар ёпилган бир вақтда Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг дўстона алоқалари мустаҳкамланиб борди.

Жумладан, Ўзбекистон Қирғизистоннинг Боткен вилоятида иккита умумтаълим мактабини қуриб берди. Ўшдаги академик ўзбек театрини тўлиқ таъмирлашни ўз бўйнига олди ва таъмирлаш ишлари бошланди. Маданият, санъат ва адабиёт соҳасидаги алоқалар ҳам янги босқичга кўтарилди.

Қирғизистон ва ўзбекистонлик ижодкорлар Тошкентдаги учрашув вақтида.

Қосимжон Раҳмиев, шоир:

2021-йилдаги энг муҳим воқеалардан бири Ўзбекистон ва Қирғизистон президентларининг ташаббуси билан икки давлат ўртасидаги алоқаларнинг яхши томонга ўзгариб, чегараларнинг очилиб, борди-келдиларнинг кучайиши бўлди. Шу билан бирга Қирғизистон ва Ўзбекистон ижодкорлари ўртасидаги ҳамкорлик кўпригининг ўрнатилганини ҳам айтган бўлардим. Бу ижодий ҳамкорликнинг ўрнатилишида ўзбекистонлик олим Зуҳриддин Исомидиновнинг сайъи ҳаракати катта бўлди. Бу ҳаракатлар натижасида бир гуруҳ қирғизистонлик ўзбек ижодкорлари 2021-йилда Тошкентда бўлиб қайтди. У ерда ижодий ҳамкорлик бўйича жуда яхши режалар тузилди. Режаларнинг энг асосийси ўзбек ижодкорларини қирғиз адабиёт мухлисларига таништириш, қирғиз ижодкорларини эса ўзбекистонликларга таржималар орқали танитиш бўлиб ҳисобланади. Бу алоқалар бундан кейин ҳам ривожланишини истайман”.

Улуғбек Каримов, журналист:

“Қирғизистонда иқтисодий инқироз юз берди. Шу сабабли халқ қайси воқеа муҳим эканини ҳам унутди, деб ўйлайман. Ҳа, Қирғизистонда кўплаб сайловлар ўтди. Афсуски, қирғиз-тожик можароси бўлиб ўтди. Лекин буларга ҳам халқ парво қилгани йўқ. Чунки юртда қимматчилик, одамлар шу билан овора».

Абдулҳақ Абдумаликов, шоир:

Абдул Ҳақ

“2021-йил барокатли йил бўлди. Оиламизда ҳам, ташқи дунёда ҳам. Ўзбекистон билан анча вақт узилиб қолган алоқалар яна ҳам мустаҳкамланмоқда.

Шахсий ижодим ҳақида айтсам, яқиндагина Барно Исоқованинг ташаббуси билан янги китоб нашр этилди. Унда Барно Исоқованинг ижодим ҳақидаги фикрлари ва мен ҳақимдаги бошқа адабиётшуносларнинг фикрлари билан бирга менинг ҳам илмий мақолаларим жамланган. Буни 50 ёшга тўлишим муносабати билан совға тариқасида нашр қилишди. Бу шахсан мен учун муҳим бир воқеа бўлди, дея оламан”.

Абдуғани Абдуғофуров, драматург, журналист:

“Менинг эсимда қолгани, коронавирус бошланган даврда унинг бир яхши томонини ҳам излаб кўрдик. Ҳамма ёмон нарсанинг бир яхши томони ҳам бор дегандек, бу даврда одамларнинг бир-бирига меҳр-оқибати сал яхшиланиб қолди. Одамлар бир-биридан хабар оладиган бўлиб қолди. Беморларнинг ҳолидан хабар оладиган бўлиб қолди. Ночор оилаларга ёрдам берувчи саҳоватли инсонлар кўпайди. 2021-йилда ҳам бу анъана давом этди. Одамлар ўртасидаги меҳр-оқибатнинг яхшиланаётгани йилнинг муҳим воқеаси деб ўйлайман”.

 

Абдуғани Абдуғофуров ва Барно Исоқова

 

Барно Исоқова, адабиётшунос:

«Низомий Ганжавийнинг 880 ва Ҳазрати Навоийнинг 580 йиллиги муносабати билан халқаро илмий конференцияда, Боқу ҳамда Навоий шаҳридаги тадбирларда маърузалар ўқиганимдан мамнун бўлдим. Адабий ахборот журналини қатор сонлари нашр қилиниши ҳам, катта янгиликлар сирасига киради. Ижодкорлар Абдул Ҳақ, Элмурод Юсуф ва Аъзам Раҳимнинг 50 ёшга тўлиши муносабати билан учта китоб чиқди».

Дилноза Топволдиева, тадбиркор:

Минг афсус пичоққа соп бўладиган «бир ишлар» қилмадик. Фақат чала сиёсат билан олишдик. Давлат бюджетини кераксиз ишларга кўп сарфладик. Шукрки, спортчиларимиз юзимизни ёруғ қилиб бизни хурсанд қилишди.  Умидимиз 2022 йилдан, яна билмадим”.

Эслатиб ўтамиз, бу йил Токиода ўтган олимпиада ўйинларида бизнинг курашчиларимиз икки кумуш (Айсулуу Тинибекова ва Ақжўл Махмудов) ва бир бронза медалини (Мээрим Жуманазарова) қўлга киритдилар.

Маъмуржон Шокиров, бастакор:

Бобур театрининг таъмири [бошланиши] муҳим воқеалардан бири бўлди. Бу тадбир икки халқнинг янада яқинлашишига туртки бўлади, худо хоҳласа”.

Ўзбекистон томонидан таъмир этилаётган Ўшдаги «Бобур» театри. Сурат: «Озодлик» сайтидан олинди.

Даврон Насибҳонов тайёрлади.

Таҳририятдан: Албатта, йил натижалари ҳақида гапирганда яна кўплаб воқеаларни эслаш, уларни таҳлил қилиш мумкин. Умуман олганда эса, ўтиб бораётган йил ёмон йил бўлмади. Жумладан, бизнинг сайтимиз ҳам янги куч, янги мақсадлар билан ишини жонлантириб, кўплаган долзарб мавзуларни кўтариб чиқди, янги-янги мухлисларга эга бўлди.

Биз барча мухлисларимизни кириб келаётган Янги йил билан табриклаб, янги йилда барчангизга мустаҳкам соғлик, янги ютуқлар, бахт ва омад тилаб қоламиз.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг