Сал нарироқ юр! Хитойга коинотда ҳам жой торлик қиляпти

Хитой ҳукумати миллиардер Илон Маск устидан Бирлашган Миллатлар ташкилотига арз қилди.

Хитойнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антонио Гутерриш номига йўллаган аризасида айтилишича, машхур миллиардер Илон Маскнинг “SpaceX” ширкатига қарашли сунъий йўлдошлар унинг Ерга яқин орбитада учиб юрувчи станциясига икки бора хавф туғдирган.

Хитойнинг таъкидлашича, унинг коинотдаги станцияси шу йилнинг июль ва октябрь ойларида тартибсиз ҳаракатланаётган “Starlink” сунъий йўлдошлари билан тўқнашиб кетишдан қочиб, икки марта манёвр қилишга мажбур бўлган.

Пекин, 1967 йилда имзоланган коинот тўғрисидаги шартномага мувофиқ, давлатлар ўз ҳудудида жойлашган давлатга тегишли ёки хусусий ширкатларнинг коинотдаги ҳатти-ҳаракатлари учун жавобгар эканини эслатган. “SpaceX” ширкати АҚШда жойлашган.

Хитойнинг норозилигига мутлақо бошқа нарса сабаб бўлган бўлиши ҳам мумкин. Биринчидан, сўнгги пайтларда Америка Хитойга қарши бир неча бор иқтисодий санкциялар киритган. Бу санкцияларга бир қатор Европа давлатлари ҳам қўшилгач, хитойлик компаниялар анча мушкул аҳволга тушиб қолишмоқда.

Иккинчидан, бунгача Илон Маск матбуотдаги чиқишларида бутун дунёни юқори тезликдаги бепул интернет билан таъминлаш мақсади бор эканини айтиб келади. Хитой эса сиёсий мақсадларда интернет тармоғини қаттиқ назорат қиладиган давлатлар сарасига киради. Ширкат Хитойнинг бу норозилиги юзасидан изоҳ берганича йўқ.

Илон Маск АҚШ расмийларидан космосга 12 минг дона сунъий йўлдош учириш учун рухсатнома олган. Ҳозирда коинотда “Starlink” ширкатига қарашли 1800 чоғли йўлдош учиб юргани маълум. Улар қарийб йигирма мамлакатни юқори тезликдаги интернет билан таъминламоқда.

Илон Маскнинг айтишича, унинг сайёранинг исталган нуқтасидан интернетга чиқиш имконини яратиш бўйича режасини амалга ошириш учун “SpaceX” ширкатига жами 30 мингга яқин сунъий йўлдош керак бўлади.

Жаҳонга машхур “Тесла” электромобилларини ишлаб чиқариш билан машхур бўлган Илон Маскнинг аталган ширкати жорий йилдан тортиб космосга юк ташувчи ракеталарни ишлаб чиқаряпти. АҚШ ҳукумати унинг хизматларидан фойдалана бошлади. «Тесла» компанияси ҳозирда 1 триллион долларга баҳоланмоқда.

Жорий йилнинг июнида 50 ёшга тўлган Илон Маск бойлиги “Тесла” туфайли яқинда 300 млрд. долларга етди. Бунгача ҳеч қайси бой бу даражада кўп маблағ тўплай олмаган эди. Эндиликда Илон Маск дунёнинг энг бой одамлари рўйхатида биринчи ўринда турибди.

Оқбура, Бишкек.

Сурат интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг