Қирғизистон: Янги йилга янги парламент билан (янгиланди)

Эски парламент сиёсий бошоломонликлар туфайли бир йилдан ортиқ қўшимча ишлади.

Бугун, 29 декабрь куни Қирғизистон Жўғўрқу Кенешининг VII чақириқ депутатлари ўз мандатларини олиб, расмий равишда қасамёд қилдилар. Бир мандатли сайлов округларидан 34 депутат (икки сайлов округида қайта сайловлар ўтказилади), партия рўйхати билан келган 54 халқ вакили ўз ваколатларини амалга оширишга киришди.

Сайлов натижаларига кўра парламентга 6 та партия ўтган. Улар олган овозларига кўра депутатлик ўринларини қуйидагича бўлишиб олдилар: «Ата-Журт Қирғизистон» партиясидан 15 депутат, “Ишеним” партияси – 12, “Интимақ” – 9, «Альянс» – 7, «Бутун Қирғизистон» партиясидан 6 депутат ва “Ийман Нуру” сиёсий бирлашмасидан 5 киши.

Депутатлар турли фракцияларга, ҳатто мустақил гуруҳларга бирлашганларини маълум қилдилар. Биринчи галда улар парламент раисини сайлаб олишлари керак. Унгача парламент йиғилишини қонунга кўра энг ёши катта депутат бошқариб туради.

«Озодлик» радиоси манбаларидан бири спикерликка ягона номзод сифатида аввалги чақириқ парламенти спикери бўлган Талант Мамитовнинг кўрсатилишини айтганди. Лекин бир неча йиллар аввал спикерлик курсисини эгаллаб турган «Бутун Қирғизистон» партиясининг етакчиси Адахан Мадумаров ҳам бу лавозимга ўз номзодини кўрсатиш эҳтимоллигини инкор этмаган.

Кутилганидек, спикерликка бугунги ҳокимиятга яқингина эмас, икки дўст – президент Садир Жапаров ва мамлакатда амалда иккинчи одам бўлиб турган Қамчибек Ташиевларнинг яқин дўсти Талант Мамитов сайланди. Адахан Мадумаров 10 овоз олган бўлса, 14 депутат иккала номзодга ҳам қарши овоз бергани аниқ бўлди.

Қирғизистонда 7-чақириқ Жўғўрқу Кенешга сайлов жорий йилнинг 28 ноябрида бўлиб ўтди. Бу сайловларнинг ўзига хос жиҳати шундаки, сайловчиларнинг нафақат бирор партияга, балки унинг рўйхатидаги аниқ номзодга ҳам овоз бериши мумкин бўлди. Шу йўл билан 90 нафар депутатдан 54 нафари сайланди, қолган 36 нафар халқ вакили бир мандатли сайлов округлардан сайланиши керак эди. Бишкек шаҳридаги икки округда сайловчилар барча номзодларга қарши овоз бериб, бу ерда қайта сайлов ўтказиладиган бўлди. Овоз бериш 27 февралга белгиланди.

Яқин кунларда янгича сайловларнинг натижалари, бугунги парламентга кимлар келгани ҳақидаги мақолани эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Оқбура, Бишкек.

Сурат интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг