ҚИРҒИЗИСТОНДА ДАВЛАТ ТИЛИГА МУНОСАБАТ ЖИДДИЙ ЎЗГАРИШИ КЕРАК

Йўқса яна ўттиз йил уни ривожлантириш ҳақидаги қуруқ гаплар билан овора бўламиз.

Йил охирида республика парламентига Давлат тили ҳақидаги қонунга ўзгартишлар киритиш таклифи берилди. Лекин ҳаёт давлат тилининг ривожи ва турмушда кенг қўлланиши қонунга эмас, биринчи галда давлат раҳбарлари ва аҳолининг унга муносабатида эканини кўрсатди. Шубҳасиз, қонун керак, бироқ у чуқур илмий тадқиқотга асосланган ва узоқни кўра билган мутахассислар томонидан ёзилиши лозим.

Мустақилликка эришганимизга ўттиз йил бўлибдики, ҳалиям давлат тили масаласида натижали, аниқ бир сиёсатга эга бўлмадик. Таклиф қилинган лойиҳадан кўриниб турибдики, бу аҳвол ҳали-бери ўзгарадиган эмас…

Менинг миллатим ўзбек, қирғиз тилини иккинчи она тилим деб билганим сабаб бу масалада фикрларим билан ўртоқлашишни лозим кўрдим. Улар кимгадир қаттиқ тегиши мумкин. Мақолам узун бўлиб кетгани учун кечирим сўрайман. Гап аввали қонун ҳақида.

Қонунга ҳам меҳр керак

Қонун – доимий ўзгариб туришга, жиддий эътиборга муҳтож, тирик жон. Қонуннинг ҳам руҳи бўлади. Тил ҳақидаги қонунга эса, ўзгача меҳр ва эҳтиром ҳам керак. Чунки тил, айниқса давлат тили – миллатнинг борлигини, келажагини белгиловчи омил.

Менимча, қонуннинг преамбуласида қирғиз тилининг фақат қирғизларники қилиб кўрсатилгани нотўғри. Бу ерда унинг давлатимиз мустақиллигининг энг муҳим белгиларидан бири экани, унинг давлат бутунлиги ва фуқароларнинг бирдамлигини таъминлашдаги ўрни, бу қадимий тилнинг мамлакатда яшаб турган барча миллатларнинг маънавий мулки экани, ёки шундай бўлиб қолиши лозимлиги ҳақидаги ғоя акс этиши керак.

Преамбулада қонун фуқароларнинг давлат тилидан фойдаланиш ҳуқуқини таъминлайди, дейилган эса-да, ҳужжатнинг ўзи фуқароларни шу тилда гапиришга мажбур қилишга қаратилган. Ҳуқуқни таъминлаш деганда биринчи галда давлатнинг фуқаролар учун шарт-шароитларни яратиш бўйича мажбуриятлари тушунилади. Давлатимиз эса ҳалигача тил ўқитишнинг самарали услублари, замонавий дастурларни яратиб бера олмади.

“Ўзга”ларни, жумладан, она тилини билмаган қирғизларни давлат тилида гапиришга мажбур қилиш – бошқаларни зўрлик билан ўзингни севишга мажбур қилишдек гап. Меҳр-муҳаббат зўрликдан туғилмайди. Зўрликдан норозилик, қаршилик, жуда бўлмаса – қўрқув туғилади. Бу уч туйғунинг бирортаси тараққиётга, яратувчиликка хизмат қилмайди. Яратувчилик фақат меҳр, муроса, ўзаро тушуниш ва ҳурматдан бинога келади.

Хулоса қилиб айтганда, қонуннинг концепциясини тубдан ўзгартириш керак. Янги қонун, унинг руҳи асрлар мобайнида фавқулодда софлигини, ажойиб сеҳрини сақлаб келаётган, инсоният маънавий мулкининг таркибий қисмини ташкил қилган қирғиз тилига муҳаббат уйғотишга, унинг жозибадорлигини ошириш ва фуқароларнинг кундалик, маънавий ҳаётида шу тилга эҳтиёжини кучайтиришга ва ўша эҳтиёжларни қондиришга қаратилган бўлиши лозим.

Эҳтиёж қандай пайдо қилинади?

Бугун шаҳарлардагина эмас, қишлоқ жойларда ҳам болалар, миллатидан қатъи назар, 3-4 ёшдан бошлаб рус тилида гапира бошлаяпти. Нега? Чунки улар севган мультфильм ёки телефондаги ўйинлар рус тилида. Қирғиз тилида йўқ ҳисоби. Борлари ҳам сифатсиз. Мактабгача, мактаб ёшидаги болаларга мўлжалланган китоблар-чи? Бишкекдаги китоб дўконларида русча, инглизча аъло безакли, ранго-ранг китобларнинг минг турини топасиз. Қирғиз тилида-чи? Кинофильмлар ҳақида айтмай қўяқолайлик. Яхшиямки, исломий китоблар қирғиз тилида чоп этила бошлади.

Қиёс учун айтсам, мен совет даврида жаҳон классик адабиёти вакилларининг, жумладан Чингиз Айтматовнинг китобларини она тилимда ўқиб катта бўлганман. Бугунги кунда ҳам жаҳонда энг оммабоп саналган китоблар ўзбек тилига кенг кўламда ва сифати аъло даражада таржима қилинмоқда. Чингиз Айтматовнинг китоблари қирғиз тилидан кўра ўзбек тилида кўпроқ чоп этиляпти десам, хато бўлмаса керак. Жаҳон киноэкранларидан тушмай келаётган энг машҳур кинофильмлар, сериаллар ёки мультфильмлар дейсизми? Марҳамат, ўзбек тилида ҳаммаси топилади. Қирғиз тилида-чи?

Интернетни айтмасак ҳам бўлади. у ердан бирор маълумот топиш учун рус ёки инглиз тилини билиш керак. Қирғиз тилида маълумот излаш эҳтиёжи бор, лекин маълумотнинг ўзи йўқ. Яъни, қирғиз тилидаги маълумот майдони кенгайиб, бу тил одамларнинг турли эҳтиёжларига жавоб бермас экан, уни ўрганишга рағбат, эҳтиёж етарли даражада бўлмайди.

Эҳтиёжсиз рағбат ҳам йўқ

Бизда, давлат тилини билмасанг давлат ишида ишламайсан, деган гап кўп айтилади. Бу рағбатлантиришнинг одамни бездирувчи, бесамар йўли. Биринчидан, 6,5 миллионлик аҳолининг ҳаммаси давлат ишига жойлаша олмайди. Ўзбекларимиз ҳақида айтсак, уларда, айрим истисноларни ҳисобга олмаганда, умуман давлат ишида ишлашга, депутатликка қизиқиш йўқ. Уларни ишбилармонлик, савдо-сотиқ, хизмат кўрсатиш соҳалари кўпроқ ўзига тортиши сир эмас. Иккинчидан, ҳозир “тепа”да қўлловчинг бўлмаса, ҳатто бозорга даллол бўлишинг ҳам гумон. Шу сабаб, бошқа миллатлар у ёқда турсин, қанчалаган истеъдодли қирғиз ёшлари ҳам давлат бошқарувига қатнаша олмай чет элларда юришибди.

Демак, одамларнинг иқтисодий-молиявий, ҳеч бўлмаганда маънавий эҳтиёжларини қондиришга хизмат қилмаса, уларни тил ўрганишга мажбур қилиш амри маҳол.

Нега ёшларимиз инглиз, турк ва ҳатто хитой тилини яхшигина пул тўлаб ўрганишяпти? Сабаби, бу тилларни билсанг, чет элларда ўқиш, ишлаш имконига эга бўласан. Лўнда қилиб айтганда – нонинг бутун. Одамларнинг маънавий ўсишга, иймонларини камолга етказишга эҳтиёжлари бор экан, ҳозир каттаю-кичик араб тилини ўрганмоқда.

Нега бугун қирғизлар ҳам, ўзбеклар ҳам яна фарзандларига рус тилини ўргатишга ҳаракат қилишяпти? Сабаби, улар болаларининг келажагини Россияда, ватанидан ташқарида кўриб қолишди. Афсуски, тил сиёсатидаги жиддий хатолар туфайли бугун ёшларимиз на рус тилини яхши билишади, на она тилларини. Қирғизистонни аҳолиси энг саводли давлатлар қаторига қўшишда, кучли таълим тизимини, саноат, илм ва маданиятни барпо қилишда беқиёс рол ўйнаган рус тилини ҳам деярли йўқотдик. Янги авлод уч  тилни билиши керак деб қонунлар ёзиб юриб, она тилимизни ҳам тузукроқ ўрганмадик.

Демак, қонун мамлакатдаги иқтисодий-ижтимоий аҳволни ҳам ҳисобга олиши зарур. Қонун бақувват, соғлом организмдай ишлайдиган бўлиши ва муҳими, яратувчиликка хизмат қиладиган бўлиши керак.

Энди давлат кафолат бермайдими?

Амалдаги қонунда давлат барча миллатларга ўз она тилини сақлаб қолишини кафолатлаши айтилган эди. Таклиф қилинаётган лойиҳада эса бу қоида олиб ташланган. Унда турли этник гуруҳларнинг она тилларини сақлаш, ўрганиш ва ривожлантириш учун шароитлар тузиш ҳуқуқи кафолатланади, дейилган. Яъни шароитни ўзинг тузиб олавер, дейилган. Бу қоида Конституциянинг 13-моддаси, 3-бандига мос келтирилган. Бошқа тилларнинг сақланиши ва ривожланишининг давлат томонидан кафолатланиши ҳақидаги қоида, афсуски,  Конституциядан 2010 йилда олиб ташланган.

Лекин ҳаракатдаги Конституциянинг 1-моддаси, 5-бандига мувофиқ мамлакат халқини унда яшаётган барча миллатлар ташкил қилади. Унда нега уларга она тилини сақлаш, ўрганиш ва ривожлантиришга давлат шароит тузиб бермайди? Ахир, давлат бюджетини шакллантирувчи солиқлар ва бошқа тўловларни барча миллат вакиллари бирдай тўлашади-ку? Ёки она тили уларга керак эмасми?

Қонун муаллифлари ўз она тилларини қанчалик севсалар, республикада яшаётган ҳар бир миллат вакили ҳам ўз она тилини шундай севади, уни асрашни, авлоддан авлодга ўтказиб беришни истайди. Хўп, ўша миллатлар она тилларини йўқотиб, давлат тилини ўргансинлар дейлик. Лекин она тилини, демак, ўз элини севмаган одам бошқа тилни ҳурмат қиладими, ўзи яшаган давлатга садоқатли бўладими?

Қонун лойиҳасида “Давлат тили ёки расмий тилни билмаслик сабабли фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари бузилишига йўл қўйилмайди”, деган қоида ҳам тушириб қолдирилган. Буни қандай тушунса бўлади? Бу таклифлар бугунги ҳокимиятга қарши қилинган ҳаракатлар эмасми? Ахир бу ўзгартишлар қабул қилинса мамлакатдаги миллатлараро муносабатларга путур етказиши ойдай равшан-ку?!

Халқаро муносабатлар ва мамлакатнинг халқаро обрўсичи? Мана, Россия элчихонаси зудлик билан бу қонун лойиҳаси юзасидан хавотирда эканини билдирди.

Қонун лойиҳасига кўра, қирғиз адабий тилининг алфавити, орфоэпия ва орфографияси республика парламентида тасдиқланиши керак. Бу тўғри, лекин… Янги парламентга ҳам асосан ишбилармонлар, собиқ амалдорлар ёки уларнинг болалари келишди. Уларнинг тил борасидаги билим ва уқувлари қай даражадаки, бутун бошли давлат тилининг тақдири уларга топшириб қўйилса?! Парламент раиси бош бўлиб, аралаш тилда гапирса, оддий сўзларни талаффуз қилишда ҳам ёш боладек чайналиб, шарманда бўлишса…

Ўлганнинг устига тепган…

Қонун лойиҳасига кўра, телерадиокомпаниялар маҳсулотининг камида 65 фоизи ва ўзлари тайёрлаган маҳсулотнинг энг камида 70 фоизи давлат тилида бўлиши керак. Хўш, бу ҳолатда ўша оммавий ахборот воситаларини ўзбек, корейс ёки рус тилидаги телерадиокомпания деб аташ мумкинми? Мантиқ қаерда?

Амалдаги қонунга кўра, телерадиокомпанияларнинг давлат тилидаги кўрсатув ва эшиттиришларининг улуши 50 фоиздан кам бўлмаслиги керак. Ахир мана шу талабни ҳам телерадиокомпаниялар бажара олмаяптилар-ку? Чунки бу катта маблағ, қўшимча мутахассислар, вақт талаб қилади. Иқтисодиёти ночор, рекламачилар базаси қашшоқ давлатда компаниялар маблағни қаердан олсин? Айрим компаниялар қонуннинг янги талаблари туфайли ёпилишга маҳкум бўлишларини айтиб чиқишди.

Бу фикрларим учун мени айримлар давлат тилига қарши эканликда айблашлари мумкин. Лекин масалага чуқурроқ қаралса-чи?

Биринчидан, Конституциямизнинг 1-моддасида Қирғиз Республикаси халқи суверенитет эгаси ва давлат ҳокимиятининг ягона манбаи экани ҳамда барча миллатлар Қирғизистон халқини ташкил қилиши айтилган. Демак, ҳуқуқ ва бурчлар масаласида ҳамма тенг. Шундай бўлгач, нега турли миллат вакилларига тўлалигича бўлмаса ҳам, 70 фоиз она тилида ишлайдиган телерадиокомпаниялар очишга рухсат берилмайди?

Бу чекловлар қабул қилинса, республикада рус, ўзбек ва бошқа тиллардаги телерадиокомпанияларни очишга йўл тўсилади. Борлари эса йўқ бўлиб кетиши аниқ. Аммо бу давлат тилининг нуфузини оширишга, унинг янада оммалашиб, давлат тили сифатидаги функцияларини тўлароқ бажаришига ёрдам берадими? Менимча, йўқ. Аксинча, бу билан биз турли миллий гуруҳларнинг она тилидаги ахборотларни излаб, бошқа давлатларнинг ахборот майдонида тентираб қолишига, ундан ҳам хавфлироғи – интернет тармоғидаги мазмун ва моҳияти нотайин манбалар таъсирига тушиб қолишига кенг йўл очиб берамиз.

Қолаверса, интернет ТВ каналлари оммалашиб бораётган даврда бундай чекловлар киритишда мантиқ борми?

Ҳақиқат шундаки, бугун Қирғизистон шимолида яшайдиган русийзабон миллатлар ҳамда қирғизларнинг катта бир қисми Россия ва Қозоғистон телеканалларини томоша қилишса, мамлакат жануби аҳолиси асосан қўшни Ўзбекистон телеканаллари билан яшайдилар. Нафақат ўзбеклар ва ўзбек тилида сўзлашувчи бошқа миллатлар, балки қирғизларнинг кўпчилиги ҳам ўзбекча телеканалларни севиб томоша қилишади. Яхшиямки, бу давлатлар бизга нисбатан зарарли сиёсат юритишмайди. Ўзбекистоннинг ўнлаб телеканаллари сутка давомида қизиқарли шоулардан ташқари дунёга машҳур энг сара фильмларни, мультфильмлар, сериаллар, спорт ва бошқа мавзудаги оммабоп кўрсатувларни оператив тарзда ўзбек тилига таржима қилиб кўрсатишади. Биздачи?

Ушбу мавзуни мен роса 20 йил аввал “Слово Киргизстана” номли ҳукумат газетасида чоп этилган “Телеэкспансия?” номли мақоламда кўтаргандим. Ўшандан бери аҳвол деярли ўзгаргани йўқ. Бизнинг телеканалларимиз ҳанузгача Россия, Қозоғистон ёки Ўзбекистон телеканаллари рақобатига дош бера олмаяптилар. Мана, масала қаерда…

Давлатимиз турли тиллардаги телерадиоканаллар ишини чеклаши керак эмас, аксинча уларнинг очилишига, униб-ўсишига ёрдам бериши керак. Чунки улар рус, ўзбек ва бошқа тилдаги ватандошларимизга ўз она тилларида юртимизда бўлаётган воқеа-ҳодисаларни давлат сиёсати ва идеологияси доирасида ёритиб, давлатимиз бутунлигини, унинг ягона ахборот майдонини шакллантириш ва мустаҳкамлашда ёрдам беришади-ку? Бу эса, ёшларимизнинг Қирғизистон фуқароси сифатида шаклланишига, уларда бир ватан аҳолиси сифатида якдиллик, бирдамлик, дўстлик ва демакки, ватанпарварлик ҳиссини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Асосий қонунимизнинг 24-модда, 1-бандида, “Ҳеч ким жинси, ирқи, тили, инвалидлиги, миллий келиб чиқиши, дини, ёши… ва бошқа ҳолатларига кўра дискриминация қилиниши мумкин эмас”, дейилган. Конституциямизнинг 56-моддасида эса аниқ-тиниқ қилиб: “Қирғиз Республикасида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини бекор қилувчи ёки камситувчи қонунлар қабул қилинмаслиги керак”, дейилган.

Унинг 63-моддасида оммавий ахборот воситаларига тегишли талаблар янада аниқроқ кўрсатилган: “Сўз, матбуот ва оммавий ахборот воситалари эркинлигини чекловчи қонунлар қабул қилиниши таъқиқланади”.

Биз бошқа тилларнинг имкониятларини чеклаб келаётган бир пайтда Америка, Россия, Англия, Хитой каби буюк давлатлар ана шу тилларда маълумот тарқатишни кучайтирмоқдалар. Нега? Наҳотки улар бизнинг она тилларимиз ҳақида шунчалик қайғуришса? Бу – геосиёсат дейилади.

Қонун лойиҳасини чуқурроқ таҳлил қилсак, уларнинг талаблари Конституциямизга зид эканига яна кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Лекин биз бу зиддиятлар сабаблигина эмас, балки қонун талабларининг давлат хавфсизлиги ва бутунлиги, турли миллатлардан иборат бўлган ёш авлодни ватанпарварлик ғояси, ягона қадриятлар ва мақсадлар йўлида бирлаштиришдек вазифаларга қарама-қарши келаётгани учун улардан воз кечишимиз зарур.

Зарар фақат пул билан ўлчанмайди

Лойиҳа муаллифлари, қонунга киритилаётган ўзгаришлар молия сарфлашни талаб қилмайди ва ишбилармонлик фаолиятига дахли йўқ деб кўрсатишган. Дахл қилганда қандоқ!

Биринчидан, қонун матнини аҳолига, давлат органларига етказиш учун уни етарли миқдорда босиб чиқариш керак. Қонун кучга киргач, барча тегишли норматив актлар қайта қараб чиқилиши лозим. Бу эса минглаб давлат хизматчиларининг бебаҳо вақти, маоши. Ёки бизда вақт пул ҳисобланмайдими?

Иккинчидан, қонунда кўп йиллардан бери беҳуда баҳсларга, минглаб ишбилармонларнинг ортиқча чиқимга учрашига олиб келаётган сабаб бартараф қилинмаган. Амалдаги қонунда ҳам, таклиф қилинаётган лойиҳада ҳам фирма, ошхона ва бошқа объектлар номларининг қирғизча варианти чап ёки уст томонда, русча варианти эса ўнг ёки паст томонида ёзилиши шарт экани айтилган. Оқибатда бу ёзувлар “кафеси Манас кафе” кўринишини оляпти. Бу эса на давлат тилининг ва на рус тилининг грамматик қоидаларига тўғри келади. Қонун давлат ва расмий тилларнинг грамматикаси ҳам ҳисобга олинишига имкон берганда, кўрсатилган мисолдаги ёзув “кафе Манас кафеси” кўринишида, ҳар икки тилда ҳам хатосиз бўлиб, бундан биров зарар кўрмасди. Бир қараганда, бу арзимас нарсадек. Лекин айрим қонун ижрочиларининг маданиятсизлиги, ўзбошимчалиги туфайли қанчадан-қанча ёзувлар огоҳлантиришсиз олиб ташланди, ишбилармонларнинг шаънига ҳунук гаплар айтилди. Бу зарар кўрган ишбилармонларда, охир-оқибатда эса – бутун жамиятда тил сиёсатига нисбатан норозилик уйғотди.

Яна бир ҳақиқат шундаки, давлатдаги сиёсий бошоломонликлар, иқтисодий инқироз ва ижтимоий муаммолар кучайиб турган пайтда чуқур таҳлил қилинмаган қарорларнинг қабул қилиниши аҳоли кайфиятига жуда салбий таъсир қилиши мумкин. Давлат энди тўғри йўлни танлаб, қонунчилик ва ҳалолликка асосланган иқтисодий ривожланиш йўлига тушганда халқни ана шу мақсадлар йўлида бириктириш ўрнига унинг фикрини чалғитиб, бўлмағур мунозараларга тортиш кимга керак?

Хулоса қилиб айтганда, давлат тилини ривожлантириш, уни давлатнинг иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий турмушидаги ўрни, роли ва нуфузини ошириш учун бу масалага янгича ёндошиб, иш услуби ва йўналишини жиддий ўзгартириш лозим.

Давлат тили – иккинчи она тилим

Русийзабон муҳитда ишлашимга қарамай, айнан қирғиз тилини иккинчи она тилим деб биламан. Бу тилни қўлланишдаги соддалиги, дангаллиги, жарангдорлиги ва маълум даражада лўнда ва оҳангдор экани учун яхши кўраман. Бу тилни яхши билишимдан фахрланаман. Шу ўринда “тилимиз қўпол, қашшоқ…”, дейдиган айрим қирғизларни тушунмайман. Менимча, улар она тилининг ўзига хос жозибадорлигини кўра олмаган, унинг имкониятлари ва руҳини танимаган, уни севмаган одамлар.

Мен аҳолиси қарийб юз фоиз ўзбеклардан иборат қишлоқда, туман марказида катта бўлганман. Қишлоғимизда учта ўзбек тилида, битта рус ва қирғиз тилларида аралаш ўқитиладиган мактаб бўлар эди. Қирғиз тилида ўқийдиган болалар чекка қишлоқлардан келишарди. Тошкентда ўқидим. То 1996 йилда Депутатлар туман Кенгашига ишга келгунимга қадар қирғиз тилида гаплашиб кўрмаганман.

Ишга олишда Кенгаш раиси ўринбосари давлат тилини ўрганишимни қўполроқ тарзда талаб қилди. Бундай муомаладан кейин “каттакон” бўлишдан ҳафсалам совиди. Қолаверса, мактабдаги ишимни жуда яхши кўрар ва уруғимиздан амалдор чиқмагани учун давлат ишига қизиқмасдим. Жон деб, мактабга қайтмоқчи бўлганимда Кенгаш раиси чақирди. У туман аҳолисининг миллий таркибини ҳисобга олиб, мени ўзбек бўлганим учун ишга олмоқчи эканини айтди. Давлат тилини ўрганиш зарурлигини эслатиб, уни уялтириб қўймаслигимга ишонч билдирди. Шу сабаб у ерда ишлаб қолдим.

Ёшим ўттизда бўлишига қарамай, 6 ойда қирғиз тилини яхшигина ўзлаштириб олдим. Қирғиз ҳамкасбларимдан у ёки бу сўзнинг маъносини сўрайвериб, уларни безор қилгандим ўшанда. Қарангки, кўп сўзларни уларнинг ўзлариям билмас экан! Икки йил ўтгач, туман депутатлари бир овоздан Туман Кенгаши масъул котиби лавозимига сайлашди. Яна уч йил ўтгач, менинг давлат тилида тайёрлаган иш қоғозларим парламент комиссияси томонидан республикада энг яхши деб топилди.

Шундай қилиб мен давлат тилини бировдан қўрққаним учун ёки катта лавозимга “кўтарилиш” учун эмас, менга инсонча муносабатда бўлган одамнинг юзини ерга қаратмаслик учун ўрганганман. Кейин бу тилни чинакамига яхши кўриб қолиб, кўплаган натижаларга эришдим. Қирғиз дўстларим, ҳамкасбларим орасида меҳр қозондим, маънавий дунёимни янада бойитдим.

Ўз уйида ўгай бўлганлар

Қирғиз миллати вакилларининг катта қисми хануз она тилини яхши ёки умуман билмайди. Бунинг учун уларга кўп тош отилади, уларни халқ душмани даражасига “кўтарган” ҳоллар ҳам бор. Лекин айб фақат улардами? СССР даврида республика пойтахти Фрунзеда битта қирғиз ва битта ўзбек мактаби бўлиб, қолганлари рус тилида эди. Қўшни республикалардан фарқли ўлароқ ўшанда Қирғизистон раҳбарлари қирғиз тилининг тақдирига унчалик куйишмаган.

Давлат мустақилликка эришгач, пойтахтда қирғиз мактабларининг сони кўпайди. Лекин кўп ўтмай ота-оналарнинг талаби билан бу мактабларнинг бир қисми қайтадан рус тилига ўтказилди. Сабаби, турли сабабларга кўра болаларнинг билим даражаси кескин пасайиб кетган эди. Совет давридаги раҳбарларни танқид қилганлар кўп. Лекин ўтган ўттиз йил аҳволни ўнглаш учун бизга камлик қилдими?

Энг катта муаммолардан яна бири шуки, тил жонкуярлари айбдорларни ташқаридан излашади. Ҳозиргача, “тилимизни ҳурмат қилишмайди, ўрганишни исташмайди”, деган айбловларни эшитамиз. Ваҳоланки, Ўш ва Жалолобод томонларда қирғиз тилида гапирмаган ўзбек деярли қолмади. Кўплаган ўзбек ёшлари қирғиз филологияси факультетида ўқишяпти, айримлари ўқишни битириб, мактабларда қирғиз тили ва адабиётидан дарс беришяпти. Гапнинг очиғи, яқин орада кўпчилик ўзбеклар давлат тилини қирғизлардан яхшироқ билиб қолишса, мен сира ажабланмайман.

Бугунги кунда ватанимизда қирғиз тилини кўпчилик қирғизларга қараганда яхши биладиган бошқа миллат вакиллари жуда кўп. Ишончим комилки, уларнинг ҳеч бири тилни қонундан ёки бошқа бировдан қўрқиб ўрганган эмас.

Яна бир гап. Биз ўзбек, рус ва бошқа миллат вакилларини тилга ҳурматсизликда айблаш баробарида, бир неча ойда қирғиз тилида гапира бошлаган Америка, Европа давлатлари вакилларини осмонларга кўтарамиз. Чинданам уларнинг айримлари услуб йўқ, китоб йўқ демай, тилни тез ўрганиб олишади. Лекин уларнинг тил ўрганишдан мақсадлари нима? Буни таҳлил қилиб кўрган одам борми? Мен ўша меҳмонларнинг ҳаммасидан шубҳа қилишдан йироқман, лекин бир мисол.

Жалолободда ишлаб юрганимда ғарбдан келган бир гуруҳни билардим. Қирғиз тилини яхши билишади, ўзларига қирғизча исмлар ҳам қўйиб олишган. Қирғизистон, қирғизлар деса, оғизларидан бол томади. Қисқа вақт ичида улар маҳаллий аҳолининг меҳрини қозонишди. Кейин… ўнлаган қирғиз ёшларини ўзларининг динларига тортиб кетишди. Бугун ўзимиздан дьяконлар, роҳиблар чиқиб қолди. Балки, тиллар каби динларнинг хилма-хиллиги ҳам жамият учун яхшидир, буни ҳар ким ўзи ҳал қилсин. Менинг билганим шуки, аталган ҳолат оилаларда, диндошлар орасида низолар чиқишига сабаб бўлган ва бўлиб келмоқда.

Тилга эътиборсиз – элга эътиборсиз

Тилнинг ривожланишига тўсқинлик қилаётган яна бир омил – бизда ҳамон рус тилини билган одамнинг “грамотний” ҳисобланиши. Юқорида айтганимдек, рус тили – Қирғизистоннинг ҳар томонлама ривожланишида тарихий рол ўйнаган восита. Уни жаҳон тилларидан бири сифатида ҳам ўрганиш жуда муҳим. Лекин қандай буюк тил бўлмасин, уни она тилимиздан, давлат тилидан юқори қўйиш мумкинми?

Бирорта қирғиз йўқки, гап орасида, “рус тилида бундай деб қўяди”, деб қирғизча сўзларнинг русчасини ишлатмаса. Русча аралаштириб гапириш иллати бизда бирорта рус яшамайдиган олис қишлоқ ҳукумати бошлиғидан тортиб президентгача бирдай тегишли. Миллатимизда тилнинг тозалиги учун кураш деган тушунча йўқ. Ёки аксинча, меъёридан ошириб, “ёқмаса бу ердан кет”, деб юборамиз. Бу масалада инглизлардан ўрнак олиш керак – дунёнинг ярмидан кўпи уларнинг тилида гапиришига қарамай, бирор сўзни нотўғри талаффуз қилсангиз, улар сизни хушмуомалалик билан дарҳол тузатиб қўйишади.

Менимча, тил масаласига жиддий психологик муаммо сифатида ҳам қараш керак. Ҳозиргача исталган идорага қўнғироқ қилиб, қирғизча гапирсангиз, сизга лоқайдроқ жавоб беришади. Рус тилида айтилган гап эса анча ўктам эшитилади шекилли, ишингиз тезроқ битади. Жамоат жойларида ҳам аҳвол шу. Чамаси, совет даврида кенг тарқалган “мен сенга рус тилида айтяпман!” деган ибора онгимизга жуда чуқур сингиб кетган кўринади.

Қирғизлар орасида она тилида гапиргани уяладиганларни ҳозир ҳам учратиш мумкин. Бунинг ягона сабаби – шу кунгача давлат раҳбарлари, тилшунослар, адабиётчилар, давлат органларидаги мутасадди одамлар қирғиз тилининг жозибадорлигини чинакам намоён қилиб, унинг руҳини жонлантириб беришдек вазифани адо эта олмадилар.

Бинобарин, тилнинг ривожланишида, унга нисбатан ҳурмат, меҳр туйғусини шакллантиришда мамлакат элитасининг роли беқиёс. Афсуски, бизда на депутатлар, на вазир, ва на давлат бошлиқлари тилга жиддий эътибор қилишмайди. Туркий халқларнинг буюк бобокалони Алишер Навоийнинг “тилга эътиборсиз – элга эътиборсиз”, деган сўзлари бизда яққол исботини топгандай. Бу ҳақда улуғ қирғиз оқини Байдилда Сарноғоев ҳам, “Эне тилин сүйбөгөн, элин сүйүп жарытпайт”, деб жуда яхши айтиб кетган.

Давлат тилини сиёсий қурол қилманг!

Янглишмасам, Қирғизистон президентлари ичида Асқар Ақаев бу масалада ҳаммага намуна бўла олди. Узоқ йиллар Россияда, русийзабон муҳитда яшаб, рус тилида илмий ишлар қилиб юрган бўлишига қарамай, президент бўлиб сайлагач, тез орада она тилини қайта тиклаб, унда эркин ва тоза гапира бошлаган эди.

Қурманбек Бакиевнинг президентлик даврида давлат тилига эътибор бироз кучайгандай бўлди, лекин кўринарли натижа чиқмади. Сабаб тил сиёсати ўлда-жўлда қолаверди. Шу ўринда биринчи канал орқали кўрсатилган икки сюжетни эслаш ўринли. Биринчисида Бакиев рус миллатига мансуб бош вазир Игорь Чудиновни қабул қилиб, унга қирғиз тилида гапирган. Бу давлат тилига бўлган эътиборнинг кучайиши ҳақида берилган жиддий белгидек кўринган эди. Лекин… Орадан икки-уч кун ўтиб, президент тоза қирғиз ўғлони бўлган Бишкек шаҳрининг мэри Нариман Тулеевни қабул қилиб, у билан рус тилида суҳбатлашган.

Ўша йиллари қирғиз тилида тоза гапирадиган русийзабон инсонлар тез-тез телеэкран ва оммавий тадбирларда пайдо бўла бошлади. Бу зўр янгилик эди. Лекин ҳар иш ҳам меъёрида бўлса экан. Масалан, телеканаллар машхур эстрада юлдузи Юрий Бобковнинг қирғиз тилида гапириб, куйлаётганини қайта-қайта кўрсатавериб, роса зериктиришганди. Албатта, бу – мен ҳурмат қилган Бобковнинг айби эмас.

Эндиликда мамлакат сиёсий элитасининг отахонларидан бирига айланиб қолган Адахан Мадумаров мухолифатда юрганда давлат тили ҳақида кўп куюниб гапирган. Айниқса, давлат гимнидаги айрим сўзларни қаттиқ танқид остига олиб, уни ўзгартиришни талаб қилган эди. Лекин давлат котиби, парламент раиси бўлиб турганда бу масалаларни кўтармади, уларни ҳал қилишга интилмади. Кўп йиллик уринишлардан кейин яқинда унинг партияси ниҳоят парламентга келяпти. Умид қиламизки, энди у бой тажрибаси ва билимини тил масалаларини холислик билан ҳал қилишга қаратади.

“Темир Феликс” номини олган русийзабон генерал Қуловни Ақаев даврида қамоққа ташлашганда у руҳини чўктирмасдан, “қамоқда она тилимни ўрганишга вақтим бўлади”, деганди. Лекин ўрганмади. Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Хуллас, иш сиёсий элитанинг давлат тилининг қадимийлиги, унинг бошқа тиллардан афзаллиги ҳақидаги баландпарвоз гапларидан, популизмдан нари ўтмаяпти. Қизиғи, тил масаласидаги популизм фуқаролик жамияти фаолларидаям бор экан.

Бундан 8 йил аввал «Egalitee» низоларни ҳал қилиш агентлиги раҳбари Татьяна Виговская “Азаттиқ” радиоси билан суҳбатда кўплаб миллий низоларга тил масаласи сабаб бўлаётганини эътироф этар экан, Қирғизистонда одамларга давлат тилини мажбурлаб ўргатиш вақти келди, деганди. Бунинг учун кимдир уни ёмон кўрди, кимдир кўкларга кўтариб мақтади. Лекин ўшанда давлат тилини ўрганяпман, деган бу хоним кўп ўтмай чет элга кўчиб кетди.

Яна тилга муносабат ҳақида

Қўлни юракка қўйиб туриб тан олсак, Қирғизистонда давлат тили йилда бир, бу ҳақда қонун қабул қилинган куни эсланади. Турли тадбирлар ўтказилади. Тадбирлар туйшуги эса гўёки фақат қирғиз тили ўқитувчиларигагина керакдек, асосан ўшаларга юкланади. Кейин тил масаласи яна бир йилга унутилади.

Эсимда, Жалолободда давлат тилининг ўн йиллиги муносабати билан оммавий ахборот воситалари ўртасида танлов ўтказилганди. Мен ишлаган, вилоятда ўзбек тилида чиқувчи “Жалолобод тонги” газетасида шунча кўп қизиқарли мақолалар эълон қилиндики, биздан яхшиси бўлмади. Мана давлат тилига муносабат! Натижада танлов комиссияси биринчи ўринни ҳеч кимга раво кўрмай, вилоят телерадиокомпанияси билан бизнинг газетага иккинчи ўринни берган эди.

Марказий сайлов комиссиясида (МСК) ишлаган пайтимда (2010-2011 йиллар) комиссия аъзоларининг асосий қисми қирғиз бўлишига қарамай, журналистлар билан қирғиз тилида мулоқот қилгани одам топилмасди. Мен қирғиз ва рус тилларида эркин гапирганим учун журналистлар кўпроқ менга мурожаат қилишарди.

Бир куни биринчи миллий телеканал журналистларига интервью беришдан олдин айрим ибораларнинг қирғизчасини сайлов кодексидан қараб олишга изн сўрадим. Бунга журналист қиз хотиржамгина, иборанинг русчасини айтиб кетаверишим мумкинлигини айтди. Мен унга аксинча, интервью олаётганлардан соф қирғиз тилида гапиришни талаб қилиш лозимлигини айтдим. Қиз уялиб, ишда уларга бу ҳақда сира айтилмаганини тан олди.

Бунинг оқибатини телеканалларимизда ҳар кун эртадан кечгача кўриш мумкин. Телестудияга келган сиёсатчи ёки маданият ходимими, журналистнинг саволига жавоб бераётган оддий йўловчими, деярли барчаси русча ва қирғизчани аралаштириб гапиришади. Парламент ёки ҳукумат йиғилишларида ҳам аҳвол шу. Буни кўриб кулгинг келса, давлат гимнидан икки қатор айтиб беролмаган депутатларни кўриб, йиғлагинг келади. Улар орасида миллат ва тил жонкуяри ҳисобланган ёш депутатларнинг борлигичи?

Бугунги кунда республикадаги илмий ишларнинг 95 фоизи расмий тил, яъни рус тилида ёзилади ва ҳимоя қилинади. Парламентда ва ҳукуматда ҳам қонун лойиҳалари аввал расмий тилда ёзилиб, кейин заруратга яраша давлат тилига ўгирилади. Таржимадаги муаммолар ҳақида айтмай қўяқолай…

Жалолобод томонларда, қирғиз танишларимнинг хонадонларида меҳмон бўлганимда уларнинг Ўзбекистон телеканалларини кўриб ўтиришганига кўп гувоҳ бўламан. Шу сабабли қирғиз болаларининг ўзбеклар ҳам кам фойдаланадиган ўзбекча адабий сўзларни ишлатганини кўриб хайрон бўлмайман. Қирғиз ёшларининг кўпчилиги эса ўзбекистонлик ёш хонанда ва актёрларни менга қараганда яхшироқ танишади. Биз эса нега мамлакатнинг шимоли ва жанубидаги аҳолининг менталитети турлича деб хайрон бўламиз.

Абадий савол: нима қилмоқ керак?

Энди вазиятни ўнглаш бўйича фикрларимни ўртага ташласам. Биринчи галда давлат тили ҳақидаги қонунни тубдан қайта кўриб чиқиш керак. Қонуннинг руҳи давлат тилини бошқаларга мажбуран ўргатишга эмас, тилнинг нуфузини юксалтиришга, унинг фуқаролар ҳаётидаги эҳтиёжини ошириш ва ўша эҳтиёжларни қондиришга йўналтирилиши керак.

Шундан сўнг, менинг фикри ожизимча:

  1. Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар самарасиз ишлаётган комиссиялар ва зерикарли тадбирларга эмас, қуйидаги амалий ишларга сарф қилиниши керак.
  2. Кучли моддий-техника базасига эга бўлган Қирғиз тили ва адабиёти институтини ташкил қилиш керак. Айнан институт, номи улуғ университет ёки академия эмас. Бу муассаса давлат тили стандартларини аниқлаб, уни ўқитиш, ривожлантириш ва қўлланиши билан боғлиқ барча академик, илмий-амалий ва тадқиқот ишларига бош бўлиш баробарида ўқитувчи кадрларни тайёрлашга масъул бўлиши лозим.
  3. Аталган институт қошида тиббиёт, молия, техника ва бошқа соҳалардаги сўз ва ибораларни қирғиз тили қоидаларига мослаштириб, таржима қилиш билан шуғулланадиган Атамашунослик давлат қўмитасини тузиш керак. Шу қўмита кучи билан қирғиз тилига чет тиллардан кирган сўзлар луғатини ишлаб чиқиш керак.
  4. Барча қирғиззабон телерадиокомпанияларда давлат тилининг талабларига қаттиқ риоя қилинишини қонун даражасида белгилаб қўйиш керак. Бу тилда тоза гапира олмайдиган амалдор ва депутатларни эфирга яқин йўлатмаслик керак, ёки улар нутқини тартибга солиб олгунларига қадар сюжетни қайта-қайта ёзишга журналистларни мажбур қилиш керак.
  5. Давлат буюртмаси сифатида энг сара кинофильмлар, мультфильмлар, илмий-оммабоп кўрсатувларни, эл севиб кўрадиган спорт дастурлари ва сифатли сериалларни доимий равишда таржима қилиб бориш лозим. Бу иш давлат томонидан молиялаштирилиб, тайёр маҳсулот барча теле ва радиоканалларга бепул тақдим этилишини таъминлаш лозим.
  6. Давлат буюртмаси қатори адабий, илмий-оммабоп ва бошқа талаб кучли бўлган сара китобларни таржима қилишни йўлга қўйиш керак. Бу китобларни қисман сотувга чиқариб, асосий қисмини мактабларга, туман, вилоят ва республика кутубхоналарига тарқатиш лозим.
  7. Давлат буюртмаси сифатида интернет майдонини қирғиз тилига ўтказиш, умуман ахборот технологияларини қирғизлаштириш бўйича техник масалаларни амалга ошириш керак. (5-7 бандларда кўрсатилган ишларни бажарадиган компанияларни жамоатчилик иштирокидаги тендер орқали танлаб олиш зарур).
  8. Қирғиз тилида ўқитиладиган мактаб ва боғчаларда таълим сифатини кескин кўтариб, қирғиз тили ва адабиёти ўқитувчиларининг маоши ҳамда мақомини кўтариш зарур.
  9. Давлат тилини яхши билган ва ўз фаолиятида кенг қўллаётган турли миллат вакилларини доимий равишда моддий ва маънавий томондан рағбатлантириб туриш керак.
  10. Санъат ва маданият соҳаси вакилларига давлат тилини тарғиб қилиш вазифасини қўйиб, уларни бу тилга муносабат масаласида бошқаларга намуна бўлишга ўргатиш лозим.
  11. Бошқа тиллардаги телерадиокомпанияларга давлат тили бўйича қўйилган чекловчи талабларни олиб ташлаш вақти етди. Жуда бўлмаса, уларда давлат тилидаги кўрсатув ва эшиттиришлар ҳажмини минимал даражага, масалан, 30 фоизга тушириш ва давлат тилидаги кўрсатувларни ишлаб чиқаришда уларга ёрдам кўрсатиш керак.
  12. Бу тадбирларни амалга ошириш учун етарли даражада маблағ бўлиши учун давлат бюджетининг маълум қисмини фоиз ўлчамида ажратиб қўйиш керак. Токи, бюджет кўлами ошган сайин бу мақсадга йўналтирилган маблағ кўлами ҳам ортиб борсин. Шунинг баробарида бюджетдан ташқари молиялаштириш имкониятларини ҳам излаш керак.

…Бир вақтлар “пролетариат доҳийси” Владимир Ленин “Буюк ва қудратли рус тили уни кимдир таёқ остида ўрганишига муҳтож эмас”, деган эди. Пухта ўйлаб, фуқароларнинг манфаатлари ва иқтисодий, маънавий эҳтиёжларини ҳисобга олиб иш олиб борилса, 5-10 йил ичида Қирғизистонда давлат тилини ҳам шундай даражага олиб чиқиш мумкин. Аксинча, тилни мажбуран муомалага киритамиз десак, охирги 30 йилда эришган “ютуқларимизни” яна такрорлаб ўтираверишимиз тайин. Лекин бунинг зарарли оқибати энди янада жиддийроқ бўлиши мумкин.

Сўнгида асосий гап. Токи қирғиз миллатига мансуб юртдошларимиз, биринчи галда – зиёлилар, давлат раҳбарлари, депутатлар ва бошқа амалдорлар давлат тилига ҳурмат ва муҳаббат масаласида, уни кундалик ҳаётга татбиқ қилиш борасида намуна бўлмагунларича бошқалардан буни талаб қилиш самара бермайди.

Мана шуниси – энг муҳим масала.

Абдумўмин Мамараимов, Бишкек шаҳри.

Суратлар интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг