Қирғизистонда Муҳаммад ва Солиҳаларнинг сафи кенгаймоқда

Мамлакатда гўдакларни машҳур спортчилар номи билан аташ ҳам русум бўлгани қайд этилди.

Қирғизистонда ўтиб бораётган йилда туғилган болаларга шу йилнинг августида Токиода ўтган Олимпиада ўйинлари совриндорларининг исмлари кўпроқ қўйила бошлади. Бу ҳақда Қирғизистон рақамли ривожланиш вазирлиги маълум қилди.

Вазирлик берган маълумотга кўра, 414 гўдакка ота-оналари Ақжўл деб исм қўйишган бўлса, 323 нафар қизалоққа Айсулуу, 374 нафарига Мээрим ва 279 нафар гўдакка Айпери деган номларни беришган. Эгиз туғилган уч қизалоққа эса Айсулуу, Мээрим ва Айпери деб исм қўйишган.

Эслатиб ўтамиз, Олимпиадада қирғизистонлик курашчилар Ақжўл Махмудов ва Айсулуу Тинибековалар кумуш, Мээрим Жуманазарова эса бронза медалини қўлга киритишган. Айпери Медетбекова олтинчи ўринни эгаллаган.

Ўтиб бораётган йил бўйича ҳисоблаганда Қирғизистонда энг кенг тарқалган исмлар Муҳаммад ва Солиҳа экани маълум бўлди. Бунгача ўтган олти йил давомида энг кенг тарқалган исмлар Умар ва Раяна бўлиб келаётган эди.

Умуман олганда мамлакатда исломий исмлар қўйиш одат тусига кирган. Ўғил болаларга энг кўп қўйиладиган исмлар сарасига Умар, Али, Амир, Билол, Алихан, Алинур, Нурислам, Эмир ва Усмонлар кирса, қизларга кўпроқ Солиҳа, Амина, Фотима, Хадича, Айлин, Алия, Аруузат, Сафия ва Арууке каби исмларни беришади.

Оқбура, Бишкек.

Сурат интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг