Қирғизистонда янги Солиқ кодекси норозиликлар туғдирмоқда

Солиқ тўловчилар янги Солиқ кодекси асосида ишлашга тайёр эмасликларини айтиб чиқишмоқда.

Кўпдан бери муҳокама қилиб келинаётган янги Солиқ кодекси ниҳоят икки кун аввал ваколати аллақачон тугаган, лекин сиёсий вазият туфайли узайтирилиб турган парламент томонидан қабул қилинди. Ҳужжат кўп вақт давомида жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилганига қарамай, унга нисбатан норозиликлар энди пайдо бўлмоқда.

Бугун, 24 декабрь куни Бишкекда жойлашган, Марказий Осиёнинг энг катта улгуржи ва чакана савдо бозори ҳисобланган “Дўрдўй” савдогарлари дўконларида мажбурий равишда назорат-касса машиналари дан (ККМ) фойдаланишга қарши пикет ўтказдилар. Уларнинг таъкидлашича, тадбиркорлар янги ҳужжат нормаларига амал қилишга тайёр эмас.

«Коронавирус пандемияси туфайли биз катта йўқотишларга дуч келдик, савдо-сотиқ барбод бўлди ва бундай даврда ККМни жорий қилиш нотўғри. Эҳтимол, биз касса аппаратларига ўтишимиз керакдир, лекин ҳозир эмас. Маълум бўлишича, янги Солиқ кодексига кўра, инспекторлар ҳар ойда бир марта келишлари мумкин ва бу ўз навбатида коррупция учун имкониятларни очиб беради», деб тушунтиришди намойишчилар ўз норозиликларини.

Яқинда ҳукумат йиллик савдо югуртуви 8 миллион сўмга етмаган ($94 минг атрофида) ишбилармонларни солиқлардан озод қилди. Лекин улар ҳисоб юритиш аниқ бўлиши учун сўзсиз аталган касса аппаратларидан фойдаланишлари керак.

Бундан ташқари давлат патентлар асосида ишлаш тажрибасидан ҳам воз кечган. Бугунгача Қирғизистонда патент тизими жуда яхши йўлга қўйилган бўлиб, патент олиш бор-йўғи 15-20 дақиқани талаб қилар эди. Сўнгги пайтда онлайн шаклда электрон патентлар олиш ҳам йўлга қўйилган эди.

Икки кун аввал, 22 декабрь куни Бишкекдаги “Таатан” бозори савдогарлари ҳам парламент биноси олдида худди шундай талаблар билан митинг ўтказган эди. Норозилик намойишига чиққанлар патент бўйича аввалги иш режимини қайтаришни сўрамоқдалар. Янги қоидалар янги йилнинг 1 январидан ишлай бошлайди, лекин намойишчиларнинг айтишича, Давлат солиқ хизмати инспекторлари ҳозирдан тадбиркорларга назорат-касса машиналари йўқлиги учун жарима солинаётганини айтишди.

Давлат солиқ хизмати берган хабарга кўра, бугунги кунда Қирғизистонда фискал маълумотларни реал вақт режимида узатиш функциясига эга бўлган 29 мингдан ортиқ назорат-касса аппаратлари ишламоқда. Жорий йилнинг сентябрь ойидан янги ККМ моделларидан фойдаланиш бўйича тажриба лойиҳаси йўлга қўйилди. Лойиҳа доирасида аппаратлар тадбиркорларга бепул тақдим этилмоқда.

Ўз навбатида, Иқтисодиёт ва савдо вазирининг ўринбосари Дониёр Амангелдиев назорат-касса машиналарини жорий этиш муддатини кечиктириш юзасидан Вазирлар маҳкамасига мурожаат қилиш мумкинлигини айтди. Бироқ ишбилармонларга назорат-касса машиналари билан ишлашга ҳаракат қилиш ўрнига, унга қарши чиқиш мутлақо тўғри эмаслигини эслатди.

Давлат солиқ хизмати тушунтиришича, кўп йиллардан буён давлат кичик ва ўрта бизнес билан шуғулланаётган фуқароларнинг патент тизими ёрдамида оёққа туриб олиши учун имконият яратиб берди. Бироқ, бугунги шарт-шароит солиққа тортиш тизими ва умуман солиқ сиёсатида жиддий ўзгаришларни талаб қилади, деб ҳисоблайди Давлат солиқ хизмати.

Оқбура, Бишкек

Сурат интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг