Президент Садир Жапаров бомбардир, лекин санъаткорлар кучлироқ экан

Бишкекда давлат раҳбарлари иштирокида Қирғизистон футболининг 100 йиллигига бағишланган турнир ўтди.

Мусобақа натижаларига кўра, бош мукофотни санъат ва маданият вакилларидан тузилган “Онор” (Ҳунар) командаси енгиб олди. Улар финалда мамлакат футболи пешқадами бўлган “Алға” командаси фахрийларини 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратишди. Учинчи ўрин учун бўлган курашда президент маъмурияти командаси ишбилармонлардан иборат “Бизнес” командасини 5:3 ҳисобида енгди.
Қирғизистон футболининг 100 йиллигига бағишланган футзал бўйича бу турнир жорий йилнинг 17 декабрида Бишкекда бўлиб ўтди.
Бундан роппа-роса бир аср аввал 21 мартда Пишпек шаҳрида (ҳозирги Бишкек) Пишпек ва Верний (ҳозирги Алмати) шаҳарлари командалари ўрталарида биринчи футбол мусобақаси бўлиб ўтган. Унда меҳмонлар 3:1 ҳисобида ғалаба қозонган эдилар. Ўша кундан тортиб Қирғизистон футболи ўз тарихини бошлаган ҳисобланади.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров турнирнинг бомбардири сифатида эътироф этилди. Турнир давомида у рақиблар дарвозасига 9 гол уришга муваффақ бўлди. Энг яхши команда капитани номи “Алға” фахрийлари командаси раҳбари Борис Подкоритовга берилса, спорт федерациялари командаси вакили Қанат Шабданбеков энг чиройли гол муаллифи деб тан олинди. Ушбу команданинг яна бир ўйинчиси Қанибек Сейталиев энг яхши ўйинчи номини қўлга киритди.
Бу турнир ўзининг олий даражадаги иштирокчилари билан тарихда қолса керак. Мусобақаларда амалдорлар, санъаткорлар, спорт фахрийлари, турли спорт федерациялари, журналистлар ва бизнес вакилларидан иборат олти команда иштирок этди.
“Президент маъмурияти” командаси таркибига давлат раҳбаридан ташқари унинг яқин дўсти, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев, Ташиевни қўшиб ҳисоблаганда уч нафар вазирлар маҳкамаси раиси ўринбосарлари, олти вазир ва бошқа амалдорлар кирдилар. Вазирлар маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаровнинг ўзи майдонга тушмади.
“Бизнес” командаси таркибига кирганлар орасида мамлакатда ўзининг мустаҳкам ўрнига эга бўлган кучли банкларнинг ва бизнес компанияларнинг раҳбарлари бор. Улардан “М-булақ” молия холдинги бош директори Бабур Тольбаевни айтиб ўтиш кифоя. Бизнесдан ташқари Тольбаев республика ва унинг ташқарисида бизнес тренер ва коуч сифатида ҳам яхши танилган.

Бобур Тольбаев 2030 йилда Қирғизистонда футбол бўйича жаҳон чемпионатини ўтказиш ташаббусини олға суриб келаётгани билан маълум. Яқинда у 2030 йилги жаҳон чемпионатини Марказий Осиё давлатлари биргаликда (Афғонистонни ҳам қўшиб) ўтказиш мақсадга мувофиқроқ бўлишини айтиб чиқди.
Журналистлар командасига давлат телерадиокомпанияси билан бир қаторда ҳокимиятга хайриҳоҳ ва уни кескин танқид қилиб турадиган оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам борлиги диққатга сазовордир.
Турнир ғолиби бўлган, маданият ва санъат дарғаларидан иборат “Онор” командаси таркибида таниқли актёр ва хонандалар, санъат арбоблари, режиссёрлар майдонга тушдилар.
Спорт федерациялари командаси ўйинчиларининг ўн нафари турли спорт федерацияларининг президентлари. Улардан ташқари командада Давлат физкультура ва спорт академияси ректори ҳамда бокс бўйича етти карра жаҳон чемпиони Орзубек Назаров ҳам иштирок этди.
Президент Садир Жапаров учинчи ўрин учун бўлган мусобақада яхши ўйин кўрсатиб, 4 гол урган бўлса, унинг дўсти Қамчибек Ташиев шу ўйинда рақибларнинг очиқ турган дарвозасига гол уролмагани билан билан эсда қолди.
Турнир толибига аталган бир миллион сўмлик ($11 700 атрофида) асосий соврин президент Садир Жапаровнинг таклифи билан Бишкек яқинидаги Тўқмоқ шаҳридаги болалар уйига ёрдам сифатида ўтказиб бериладиган бўлди.
Мусобақалар телеканаллар орқали жонли эфирда намойиш қилиниб турди ва бу ташкилотчилар режасига кўра мамлакатда футболни оммалаштиришга катта туртки бўлиб хизмат қилиши керак. Эслатиб ўтамиз, собиқ СССР даврида мамлакат футболи олий лигасида Ўрта Осиё республикаларидан Туркманистон ва Қирғизистондан бирорта команда иштирок этолмаган эди.

Оқбура, Бишкек.
Расмлар интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг