Нотинч қўшни: Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида яна ўқ узилди

Тожикистон чегарачилари ўз ҳудудида қурилиш қилаётган қирғизистонликларга пўписа қилишди.

Кеча, 16 декабрь куни Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида яна бир жанжалли вазият юзага келиб, унда қурол қўлланди. Яхшики, ўқ фақат ҳавога қараб отилди.

Қирғизистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара хизматининг хабар беришича, воқеа Қирғизистон фуқаролари қурилиш ишлари олиб бораётган Боткен вилоятининг Боткен туманидаги Кўчў-Бўю қишлоғи ҳудудида содир бўлган.

Тожикистон чегарачилари бу ерга келиб, қурилишни тўхтатишни талаб қила бошлашган. Оғзаки айтишув жанжалга айланиб кетиб, қўшни давлат ҳарбийларидан бири «Макаров» тўппончасидан ҳавога тўрт марта ўқ узган.

Қирғизистон ва Тожикистон чегара хизматлари вакиллари дарҳол учрашиб, воқеани муҳокама қилишди. Томонлар тергов ўтказиб, хулоса қилиш учун яна учрашишга келишиб олдилар.

Қирғизистон Республикаси Чегара хизмати таъкидлаганидек, Тожикистон томон қурол қўллаш ноқонуний бўлганини тан олди. Чунки Қирғизистон фуқаролари қурилиш ишларини чегара чизиғи яқинида эмас, ўз қишлоқлари ичида олиб бораётган эдилар.

«Тожикистон чегара вакили можарога йўл қўйган ҳарбий хизматчиларга нисбатан чора кўрилишини маълум қилди», – дейилади Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси берган хабарда.

Тожикистон томон бу воқеа юзасидан ҳозирча сукут сақламоқда. Умуман олганда, бугун Қирғизистон давлат чегарасининг қирғиз-тожик участкасида вазият барқарор деб баҳоланмоқда.

Икки давлат ўртасидаги чегаранинг умумий узунлиги 970 километр бўлиб, унинг атиги 519 километри аниқланган. Ўтган ой охирида расмийлар яна 40 км чегара бўйича муросага эришилганини маълум қилишган.
Эслатиб ўтамиз, чегара ҳудудида яшаган икки давлат фуқароларининг жорий йилнинг 28 апрелидан 1 майигача чўзилган сўнгги можаросида Қирғизистон томондан 36 фуқаро ҳалок бўлган. Уларнинг икки нафари болалар бўлган. 180 дан ортиқ киши жароҳатланган.

Можаро пайтида талаб, ўт қўйилган уй… 2021 йил, апрель

Тожикистон томон 19 киши ҳалок бўлганини, 87 киши турли даражада тан жароҳати олганини маълум қилган.

Оқбура, Бишкек.

Сурат интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг