Россияда юрган меҳнат муҳожирларининг қисмати енгиллашади

Яқинда Россия давлат хизматлари порталида меҳнат муҳожирларига аталган янги сервис ишлай бошлайди.

Россия ҳукумати раиси ўринбосари Дмитрий Чернишенконинг журналистларга берган маълумотига кўра, давлат хизматлари портали олти турдаги янги сервислар билан бойитилади. Улар орасида “Онлайн меҳнат миграцияси” деб номланган хизмат тури ҳам бўлиб, у четдан келиб ишлаётган ва ишлашни истаган меҳнат муҳожирларига хизмат қилади.

Бу хизмат тури орқали муҳожирлар ишга боришдан олдин, яъни ўз давлатларида туриб, иш берувчилар ёки зарур давлат муассасалари билан боғланишиб, борадиган жойи ва қилажак иши, оладиган ҳаққи, тўланадиган солиқлар ва бошқалар ҳақида тўла маълумот олишлари мумкин бўлади. Иш берувчилар ҳам ўз навбатида бўлажак ишчи ва ходимларнинг ким экани, уларнинг касб тайёргарлиги ва бошқа маълумотларни олиб, улар билан ишлаш ҳақидаги шартномаларни аввалдан туза олишади.

Бунинг учун Россияга бориб ишлаш истагида бўлган чет элликлар, жумладан Марказий Осиё давлатлари фуқаролари аталган порталда рўйхатдан ўтишлари лозим бўлади. Рўйхатдан ўтишда уларга шахсий ҳисобининг суғурта рақами, солиқ тўловчининг шахсий рақами ва зарур ҳолларда патент берилади. Евроосиё Иқтисодий Иттифоқига (ЕИИ, яъни ЕвразЭС) кирган давлатларнинг фуқаролари патент олишлари шарт эмас. Меҳнат муҳожири ишга жойлашганини шу портал орқали тасдиқлагач, бу маълумот муҳожирларни ҳисобга олиш тизимига кириб қолади. Яъни, Россияга бориб, югур-югур билан рўйхатдан ўтишга ҳожат қолмайди.

Россия оммавий ахборот воситалари берган хабарларга кўра, порталда иш излаш тизими ҳам ишга туширилиб, Россияга бориб ишлашни истаганлар ўзининг дипломи ва иш тажрибаси ҳақида маълумотларни киритиб, мутахиссислиги бўйича иш излаб топиш имконига ҳам эга бўладилар. Бу маълумотларни фуқаролар ўз ватанида юрган вақтида олишлари мумкин бўлади.

Меҳнат муҳожирлари ушбу порталда ўз шахсий кабинетларини очишлари, ўзига маъқул келган лавозим ёки ишни топишлари ва меҳнат шартномаларини онлайн тузишлари мумкин бўлади.

Бу имкониятларнинг техник тафсилотлари ҳали батафсил ошкор қилингани йўқ. Аталган хизмат турлари ишга тушгач, бу ҳақда кенг маълумот кампанияси юритилиши кутилмоқда.

Шу вақтнинг ўзида 2022 йилдан тортиб, меҳнат муҳожирларини ишга жойлаштириш, уларнинг шарт-шароитлари ва бошқа маълумотларни кузатиб бориш тизими ҳам яратилади. Яъни, муҳожирлар қонуний асосда солиқларни тўлаб, бемалол яшаб, ишлашлари мумкин бўлади. Бу эса, виждонсиз иш берувчиларнинг одамларни ўғринча ишлатиб, иш ҳақини бермай қўйиши каби ишларига барҳам беради.

Россия оммавий ахборот воситаларининг мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига таяниб берган хабарларига кўра, бугунги кунда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари сон жиҳатидан Россияда биринчи ўринга чиқдилар. Жорий йилнинг 9 ойида бу ерга 3 миллиондан ортиқ одам иш излаб келган. Иккинчи ўринда тожикистонлик меҳнат муҳожирлари бўлиб, аталган даврда бу республикадан Россияга 1,6 млн. киши келгани айтилади.

Учинчи ўринда бораётган қирғизистонлик муҳожирлар сони бу давр орасида 600 минг нафардан ошган. Арманистонга 300 минг, Озарбайжонга 200 минг киши тўғри келади. Беларусдан келган 80 мингдан ортиқ ва Қозоғистондан 70 минг атрофида меҳнат муҳожири рўйхатга олинган.

Бундан ташқари, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг ҳар биридан 60 мингдан ёшлар Россия олий ўқув юртларида таълим олиш истагида келганлар.

Ўрни келганда эслатиб ўтамизки, Россияга Қирғизистондан бориб ишлаётган меҳнат муҳожирларига кўмак кўрсатиш учун Ташқи ишлар вазирлигининг консуллик хизмати ишламоқда. Кутилмаган ва зудлик билан ҳал қилиш лозим бўлиб қолган ҳолларда қирғизистонликлар +996 551 312 000 (WhatsApp) рақами орқали консуллик хизматига мурожаат қилишлари мумкин.

Шунингдек Қирғизистон фуқаролари консуллик хизматига ёзма равишда қуйидаги манзилга: Бишкек шаҳри, Тўғўлўқ Мўлдў кўчаси, 10-уй, – мурожаат қилишлари, ёки +996 312 660 811 (қўшимча рақамлар 108 ёки 119) рақами орқали қўнғироқ қилишлари ҳам мумкин.

Оқбура, Бишкек.

Сурат интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг