Журналистга осон тутманг! Бу касб эгалари доимий хавф остида

Сўнгги олти йилда рекорд даражада кўп журналистлар турли давлатлар қамоқхоналарига ташланганлар.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) берган маълумотларга кўра, жорий йилнинг 1 декабридаги ҳолат бўйича турли давлатлар қамоқхоналарида сақланаётган журналистлар сони 293 кишини ташкил этган. Шундай қилиб, дунё қамоқхоналарида сақланаётган журналистлар сони бу йил рекорд кўрсаткичга етган.

Қўмитанинг таъкидлашича, Хитой ҳамон журналистлар учун энг катта қамоқхона бўлиб қолмоқда. Яъни бугунги кунда мамлакатдаги темир панжаралар ортида камида 50 нафар журналист бор.

Иккинчи ўринда февралдаги ҳарбий тўнтаришдан кейин бир неча ўнлаб журналистлар ҳибсга олинган Мьянма (26 киши) давлати, учинчи ўринда Миср (25), тўртинчи ўринда Вьетнам (23) турибди. Дастлабки бешликка собиқ СССР давлатлари ичидан Беларусь ҳам кирган бўлиб, мамлакат қамоқхоналарида ҳозирда 19 нафар журналист бор. Бу 1992 йилдан бери Беларусда қайд қилинган энг юқори кўрсаткич.

Россия 14 нафар россиялик журналистни панжара ортига ташлаб, бу рўйхатда саккизинчи ўринни эгаллади. CPJ маълумотларига кўра, Россия «раҳбарлари мухолифатни бостириш учун мунтазам равишда технология ва хавфсизлик қонунларидан фойдаланадиган» давлатлар қаторига киради.

Бундан ташқари, журналистларнинг ҳаётига касб фаолияти туфайли қасд қилиш ҳолатлари ҳам давом этмоқда. CPJнинг хабар беришича, бу йил дунё бўйлаб 42 нафар ҳалок бўлган. Уларнинг 24 нафари ёзган мақолалари туфайли ўлдирилган бўлса, қолганлари номаълум шароитларда вафот этган ва булар касбий фаолият учун қасддан содир этилган қотилликми ёки йўқлигини аниқлашнинг иложи бўлмаган.

Аксарият журналистлар Мексика, Ҳиндистон ва Афғонистонда ҳалок бўлишган.

Бир вақтлар Марказий Осиёда “Демократия оролчаси” номини олган Қирғизистонда ҳозир қамалган журналистлар йўқ, бироқ кейинги йилларда бир неча журналист ўз хавфсизлигини ўйлаб бошқа давлатларга кетиб қолишга мажбур бўлишган.

Таниқли журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров 2010 йилда сохта айбловлар билан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиниб, ўтган йили қамоқхонада хасталикдан вафот этган.

Азимжон Асқаров

Бундан аввал, 2007 йилнинг октябрида журналист Алишер Соипов отиб ўлдирилган. Ҳар икки қурбоннинг ўлими уларнинг касб фаолияти билан боғлиқ экани аниқланган бўлсада, айбдорлар ҳамон топилгани йўқ ва жазоларини олишмаган.

Алишер Соипов

Оқбура, Бишкек.

Суратлар интернетдан олинди

 

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг