Электроавтобуслар хариди: Депутатлар 3 миллион долларлик маслаҳатга қарши

Қирғизистон парламентининг Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси 13 декабрь кунги йиғилишида ҳокимлик ва Молия вазирлиги вакиллари Осиё тараққиёт банки билан келишув лойиҳасини тақдим этди.

Лойиҳага кўра 120 та электробус харид қилиш режалаштирилган.

Молия вазири ўринбосари Руслан Татиковнинг айтишича, Қирғизистон 32 йил муддатга 1,5 фоиз ставка билан 25 миллион доллар кредит олади, биринчи 8 йил имтиёзли яъни 1 фоизни ташкил этади.

Шунингдек, грант сифатида 25 миллион доллар ажратилса, Қирғизистон ҳукумати ҳиссаси 9 миллион долларни ташкил этади. Лойиҳанинг умумий қиймати 59 миллион долларни ташкил этади. Лойиҳа 3 йилга мўлжалланган ва 2024 йилда якунланиши керак.

Ҳокимлик вакиллари Бишкекдаги 5 та йўналишда 120 та электробус қатновини таъминлаш, лойиҳа доирасида шунингдек, инфратузилмани тайёрлаш, автобазаларни модернизация қилиш, янги транспортлар учун ёпиқ тўхташ жойлари ва подстанциялар қуриш, айрим чорраҳаларни қайта лойиҳалаш режалаштирилган.

Шунингдек, электробуслар қаердан сотиб олиниши ҳозирча маълум эмаслиги қайд этилди. ОТБ шартларига кўра, тендерда 99 давлат иштирок этиши мумкин, ишлаб чиқарувчи мамлакат унинг натижаларига кўра аниқланади.

Депутатлар келишувнинг айрим бандларидан хавотир билдирди. Ирина Карамушкина лойиҳа доирасидаги нархи жуда юқори, деган фикрни билдирди. Жумладан, лойиҳа доирасида кенгаш берувчи мутахассисларга ҳақ сифатида 3 млн. доллар тўлаб бериш қаралган. Муҳокамадан сўнг депутатлар Молия вазирлигига консалтинг хизматлари нархини пасайтириш масаласини қайта қараб чиқишни топширдилар.

Аввалроқ 2020 йилнинг февралида Осиё тараққиёт банки Қирғизистонга 2020 йил охиригача 350 та электробус сотиб олиш учун кредит бериши мумкинлиги хабар қилинган эди. Лойиҳа 50 миллион долларга баҳоланган.

Манба: www.centralasian.org

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг