Буюк аждодларимизнинг Афғонистондаги мақбаралари ободонлаштирилади
Бу ҳақда Афғонистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари вакилларининг Қобулда ўтган учрашувида келишилди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган маълумотга кўра, Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олган Толибон муваққат ҳукумати ободонлаштириш ишларини Ўзбекистон билан биргаликда амалга оширади. Эришилган битимга биноан, икки мамлакат халқларининг буюк аждодлари – Алишер Навоийнинг Ҳирот шаҳридаги, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг Қобулдаги, Абу Райҳон Берунийнинг Ғазна шаҳридаги ва Бобораҳим Машрабнинг Таҳор шаҳарчасидаги қабрлари ва мақбараларида ободонлаштириш ишлари амалга оширилади.
Бундан ташқари, Толибон вакиллари Афғонистон мактаблари ва олий ўқув юртларида ўзбек тилини ўрганишга ҳам алоҳида эътибор қаратишга ваъда бердилар.
Қобулда ўтган учрашувларда Афғонистондаги мавжуд вазият, Ўзбекистон томонидан афғон халқига инсонпарварлик ва бошқа ёрдам кўрсатилиши ҳамда энергетика ва транспорт соҳаларида йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинган.
Ўзбекистоннинг Афғонистонга электр энергиясини узлуксиз етказиб туриши, Ўзбекистон-Афғонистон давлат чегара постлари ишини давом этдириш, Мозори Шариф халқаро аэропорти фаолиятини тиклашга кўмаклашиш ва инсонпарварлик ёрдамларини кўрсатиш борасидаги чора-тадбирларига Афғонистон томон юқори баҳо берган. Бунинг учун Ўзбекистонга ва унинг президенти Шавкат Мирзиёевга чуқур миннатдорчилик билдирилгани айтилади.
Толибон томон Ўзбекистон ташаббуси билан бошланган Сурхон-Пули-Хумри электр узатиш линияси ва Мозори Шариф – Кобул – Пешовар темир йўли қурилиши каби инфратузилмага алоқадор лойиҳаларни амалга оширишни имкон қадар тезроқ бошлашга тайёр эканини тасдиқлаган. Бу лойиҳалар минтақа давлатлари ўртасидаги иқтисодий ва бошқа алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Томонлар икки давлатнинг ўзаро манфаатли алоқалари ва минтақадаги тинчлик ҳамда барқарорлик масалаларида изчиллик билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини маълум қилишган. Ўзбекистон делегациясига мамлакат президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев раҳбарлик қилган.
Оқбура, Бишкек.
Расм интернетдан олинди