ТАШАККУРЛАР АЙТАМИЗ

Жорий йилда Қирғизистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганига 28 йил бўлди.

Ушбу давр мобайнида икки давлат муносабатлари турли ривожланиш босқичларидан ўтиб, сайқалланиб, сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилган ҳолда, аниқ амалий мазмун билан бойиди.

Ўзбекистон Республикаси билан яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари тамойилларига асосланган конструктив, серқирра ҳамда ўзаро манфаатли мулоқот Қирғизистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Ҳозирги вақтда қирғиз-ўзбек ҳамкорлиги салмоқли шартномавий-ҳуқуқий асосга эга бўлиб, у 180 дан зиёд келишув ва битимлардан иборат. Ушбу ҳужжатлар савдо, иқтисодиёт, илм-фан, туризм, транспорт, маъданият ва бошқа йўналишларни қамраб олади.

Шу жумладан, “Қирғизистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида абадий дўстлик тўғрисида” шартнома, “Қирғизистон Республикаси билан Ўзбекистон Республикаси ўртасида стратегик шериклик, дўстлик, аҳил қўшничилик ҳамда ишончни мустаҳкамлаш тўғрисида” декларация каби муҳим ҳужжатлар икки томонлама муносабатларни юксак даражада ривожланиши учун норматив-ҳуқуқий шароит яратмоқда.

Умумий саъй-ҳаракатлар ва давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли олий ва юқори даражадаги учрашувлар, алоқалар ҳар томонлама ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини мамнуният билан таъкидлаш зарур.

Буларнинг барчаси икки давлат орасида дўстона ҳамда ўзаро манфаатли давлатлараро муносабатларини ривожлантириш бўйича қатъий сиёсий хоҳиш-ироданинг натижаси, икки қардош халқнинг тинч-тотув яшашга бўлган истак ва хоҳишларининг амалдаги ижроси ҳамдир.

2021 йилнинг 13 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан Бобур номли Ўш Давлат академик ўзбек мусиқали драма театрининг биноси тўла реконструкция қилиш ишлари бошланди. Театр реконструкцияси икки томонлама ижтимоий-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасида эришилган келишувларга биноан амалга оширилмоқда.

Театримиз биносининг капитал таъмирланиб янги, кўркам, муҳташам кўринишга эга бўлаётгани ижодий жамоани ва барча қирғизистонликларни қувонтирди.

Театрда қайта қуриш ишлари, режага мувофиқ, кейинги йил бошларида якунланиши кутиляпти. Умумий қиймати 5 миллион АҚШ долларга баҳоланаётган реконструкциядан кейин, тақдим этилган лойиҳага кўра, театр биносининг ташқи ва ички кўриниши тўла ўзгаради.

Эслатиб ўтиш жоизки, Ўш ўзбек театри Марказий Осиёда Тошкентдаги Миллий театрдан (Ҳамза театри) кейин ташкил этилган энг кекса маданият даргоҳи ҳисобланади. Ўш театрига 1918 йили (баъзи манбаларга кўра, 1914 йилда) асос солинган, бу маданият масканига 2004 йилда “академик театр” мақоми берилган. Ҳозирда реконструкция қилинаётган театр биноси 1979 йилда барпо этилган.

Қирғизистон ватанимиз осмони мусаффо, тинчлик-осойишта бу ҳаётимизни шукрини қилиш шу азиз юртда яшаётган ҳар бир фуқаронинг ҳам қарзи ҳам фарзи бўлиши даркор. Ҳа, ўзини, оиласини, яқинларини, бутун инсониятни ва келажак авлодларни ўйлаган ҳар бир шахс бу ҳақиқатни теран англайди. Бу ишда ҳар ким қўлидан келган ҳиссасини қўшмоғи матлубдир. Билиб туриб бепарво бўлишга ҳеч ҳаққимиз йўқ.

Одилжон Дадажонов, Оқбура, Ўш

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг