Муҳолафат ютқизди. Қирғизистон парламентига олти партия ўтди
Ютқизган партияларнинг бештаси сайлов натижаларини тан олмай, қайта сайлов ўтказилиши ва ҳукумат истеъфосини талаб қилиб чиқдилар.
Кеча, 28 ноябрь куни бўлиб ўтган сайловларда иштирок этган 21 партиядан олтитаси беш фоизлик зарурий чекдан ўтиб, парламентда ишлаш ҳуқуқини қўлга киритдилар. Энг кўп овозни ҳокимиятдагиларга тегишли деб ҳисобланган “Ата Журт Қирғизистон”, “Ишеним” ва “Интимоқ” партиялари олган бўлса, улардан кейинги ўринларни мўътадил позицияда турган “Альянс”, “Бутун Қирғизистон” ва “Иймон нури” партиялари эгалладилар.
Сайловдан ўтмай қолган ва мухолафатчи ҳисобланган «Ата Мекен», «Реформа», «Социал-демократлар», «Азаттиқ», ва «Улуттар биримдиги» партиялари сайлов натижаларини тан олмасликларини айтиб, қайтадан тоза сайловлар ўтказилишини, ҳукумат истеъфосини талаб қилиб чиқдилар.
Шуни айтиш керакки, бу сафар сайловчилар мисли кўрилмаган пассивликни намоён қилдилар. Сайлов участкаларига бор-йўғи 34 фоиздан кўпроқ сайловчилар келган. Энг кўп овоз олган “Ата Журт Қирғизистон” партияси сайловчиларнинг 16,73 фоизгина овозини олган бўлса, қолганлари 13,3 дан 5,88 фоизгача овоз олишган холос.
Фақат Бишкекдаги иккита бир мандатли сайлов округида сайловчилар фаоллик кўрсатиб, 30 фоиз сайловчилар ҳамма номзодларга қарши овоз берганлар ва бу округларда энди қайтадан сайлов ўтказилади.
Қизиғи, сайловчиларнинг асосий кўпчилигини ўзбеклар ташкил қилган Ўзган шаҳри ва Қорасув туманларидаги сайлов округларида фаолликнинг энг юқори намунаси кўрсатилган. Бунгача ўзбеклар сиёсатдан олис бўлиб, давлат ишларида иштирок этиш, депутатликка сайлаш ва сайланиш ҳуқуқидан фойдаланиш масалаларида доим пассив бўлиб келишган.
Масалан, Ўзгандаги ғолиб, собиқ бош прокурор Эльмурза Сатибалдиевга сайловчиларнинг қарийб 72 фоизи овоз берган бўлса, Қорасувда собиқ божхона раҳбари ўринбосари, коррупцияда айбланиб судланган, давлат ғазнасига 3 млрд. сўм товон тўлаб берган Раимбек Матраимовнинг акаси Искендер Матраимов 62,38 фоиз овоз олган. Бир мандатли округлардан ўтган қолган депутатларнинг энг ками 16-20 фоиз сайловчиларнинг овозларини олишган.
Бу маълумотлар 96 фоиздан ортиқроқ сайлов участкаларидан олинган натижалар бўлиб, ҳали якуний ҳисобланмайди. Якуний натижалар барча участкалардан маълумотлар олиниб, бюллетенлар қўлда санаб чиқилгачгина расмий эълон қилинади.
Сайлов натижаларига нисбатан шубҳа уйғотувчи омиллар ҳам етарлича топилади. Улардан асосийси – бюллетенларни автоматик тарзда ўзи ҳисоблайдиган сайлов қутиларининг кўпи яхши ишламай қолди. Бунга совуқ ҳаво сабаб бўлгани айтилди. Бундан ташқари 9 фоиз бюллетенлар яроқсиз деб топилган.
Тез кунларда сайлов якунлари бўйича аниқ маълумотлар берилади, лекин натижаларнинг кескин турда ўзгариши мумкинлигига ишонч йўқ. Лекин ютқазган партиялар бунга нима жавоб қила олишлари ҳали ноъмалум. Кунлар совуқ, одамлар сиёсатдан чарчагани сабаб, улар оммавий митинглар ўтказишга умид қилмасалар ҳам бўлади.
Президент Садир Жапаров агар Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини ноқонуний тарзда ўзгартиргани аниқланса, такилот бунинг учун “боши билан” жавоб беришини айтди. Нима бўлганда ҳам кутиб турамиз.
Оқбура, Бишкек.
Сурат интернетдан олинди