Чарчашдими? Депутат сайлови аввалгиларига қараганда суст

Қирғизистонда бугун республика парламенти депутатлигига сайловлар бўлиб ўтмоқда.

Еттинчи чақириқ Жўғўрқу Кенеш депутатлигига сайловлар ўзгартирилган сайлов тизими асосида ўтмоқда. Аввалги 120 депутат ўрнига энди бўлгани 90 халқ вакили сайланиши керак. Улардан 54 нафари партиялар рўйхати асосида, қолган 36 депутат бир мандатли округлардан сайланиб келишади.

Кўрсатилган 90 ўринга бугун 1300дан ортиқ номзод талабгорлик қилмоқда. Улардан 1015 нафари партиялар рўйхати орқали сайловга қатнашаётган бўлса, ,бир мандатли округлардаги 36 ўринга 296 номзод даъвогарлик қиляпти.

Сайловни ўтказиш учун мамлакат ҳудуди ва чет элларда қарийб 2500 сайлов участкаси очилган. Сўнгги маълумотларга кўра, 3 миллион 703 минг 429 сайловчи рўйхатга олинган. Улардан 85 минг нафардан озроғи чет давлатларда.

Журналистлар давлат раҳбари Садир Жапаровнинг келишини кутишмоқда

Сайлов фавқулодда ҳодисаларсиз ўтмаяпти. Бугун эрталаб президент Садир Жапаров овоз бериши керак бўлган участкада овозларни автоматик тарзда ҳисоблайдиган сайлов қутилари ишламай қолди. Уларни созлашгач, давлат раҳбари келиб овоз берди. Кейин у журналистлар орқали сайловчиларга мурожаат қилиб, аҳолини сайловга масъулият билан қарашга, ватан тақдири учун фаол бўлишга чақирди.

Овоз бериб бўлгандан сўнг Жапаров бир неча вазирлар билан бирга расмий ташриф билан Туркманистонга учиб кетди. Бугун у ерда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 15-саммити бўлиб ўтади.

Бу сафар сайлов жараёни аввалгилардан анча суст ўтмоқда. Афтидан одамлар тинимсиз ўтаётган сайловлардан зериккан кўринади. Бунинг устига бу сафар овоз сотиб олишга қарши қаттиқ чоралар кўрилиб, бунга ҳаракат қилган бир неча фуқаро қўлга олинди. Номзодлар ва уларнинг сусткашлигига депутат ўринларининг 30 нафарга қисқаргани ҳам сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Рақобат бир неча бор кучайгани сабаб, номига сайловга қатнашиб қўядиган кўпчилик «абадий номзодлар» сайловда иштирок этишдан бош тортгани ҳам бор.

Замонавий технологиялар қўлланиши натижасида сайлов натижалари сайлов қутилари ёпилгач, бир-бир ярим соат ичида маълум бўлиши айтилмоқда. Бу вақт орасида 99 фоиз сайлов участкаларида овоз бериш якунланиб бўлган бўлади. Соат фарқига кўра кечроқ ёпиладиган участкалардан ҳам тўла маълумот олингач, умумий натижаларнинг дастлабки маълумотлари расман эълон қилинади.

Марказий сайлов комиссияси келиб тушган ариза ва шикоятларни, бошқа пайдо бўлган масалаларни қараб чиқиб, улар юзасидан қарор қабул қилгач, сайлов натижалари узил-кесил эълон қилинади.

Оқбура, Бишкек

Расмлар интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг