Анъанавий кураш. Қирғизистонда “инқилобчилик ҳаракати” ёшаряптими?

 

Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ҳокимиятни куч билан босиб олишни режалаштирган гуруҳни қамади.

Парламент сайловларига икки кун қолганда Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси мамлакатда ҳокимиятни куч билан эгаллаб олишни режалаштирган жиноий гуруҳ аъзоларини аниқлаб, уларнинг 15 нафарини ҳибсга олганини маълум қилди.

Қўмита берган маълумотга кўра, давлат тўнтариши режалаштирилаётгани ҳақида тезкор маълумотлар тўплангач, бу ҳолат юзасидан Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси “Ҳокимиятни куч билан эгаллаб олишга тайёргарлик кўриш” моддаси бўйича судгача суриштирув ишларини бошлаган. Бу мақсадда Бош прокуратура қошида идоралараро тергов гуруҳи тузилди.

Тергов маълумотларига кўра, асосан ёшлардан иборат «бузғунчи сиёсий кучлар»га Жўғўрқу Кенеш депутатлари ва собиқ амалдорлар етакчилик қилган. Бу гуруҳ аъзоларининг жиноий фаолияти юзасидан «инкор этиб бўлмайдиган далиллар» борлиги айтилмоқда.

Мана бир неча йилдирки, Қирғизистонда бирин-кетин, айниқса парламент сайловлари даврида давлат тўнтаришини амалга оширишга уринган ёки тайёргарлик кўрган гуруҳлар фош этилиб, бу айблов билан таниқли сиёсатчилар қамалиб келади. Бу жиноий ишларнинг аксарияти охирига етказилмайди. Бу сафарги исёнчиларнинг олдингиларидан фарқи, расмий маълумотларга кўра уларнинг сафида жуда кўп ёшлар бўлган.

Бунгача, 2005, 2010 ва 2020 йилларда давлат ҳокимияти куч ишлатиш йўли билан алмашган. Натижада икки собиқ президентлар Асқар Ақаев ва Қурманбек Бакиевлар Россия ва Беларусда қочиб юришга мажбур бўлишаётган бўлса, яна бир собиқ президент Алмазбек Атамбаев қамоқхонада ётибди.

Махфий хизмат ходимининг маълум қилишича, 28 ноябрда ўтадиган парламент сайловлари натижалари эълон қилингач, бу гуруҳ айрим сиёсий кучлар, жумладан, сайловда мағлуб бўлганлар кўмагига таянган ҳолда, Бишкек шаҳрида оммавий норозилик намойишлари уюштиришни режалаштирган. Вазиятни кескинлаштириш ва ҳуқуқ-тартибот кучлари билан тўқнашувларни уюштириб, куч билан ҳокимиятни олишни олишни режалаштирган.

Шу мақсадда аъзоларининг номи тилга олинмаётган гуруҳ мингга яқин тажовузкор ёшларни ўз сафига қўшиб, улар орасида ҳозирги ҳокимиятга қарши йиғилишлар ўтказган ва улар билан оммавий тартибсизликлар келтириб чиқариш режаларини муҳокама қилган.

Кеча, 26 ноябрь куни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ва милиция ходимлари гуруҳ иштирокчилари деб гумон қилинган шахсларнинг яшаш жойлари ва улар ижарага олиб турган идорада тинтув ўтказган. Тинтув давомида жиноятга тайёргарлик кўрилганлигини тасдиқловчи материаллар ва ўқотар қуроллар, ўқ-дорилар ва гиёҳванд моддалар топилган. Бу ҳақда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси хабар тарқатган.

Тезкор амаллар натижасида аталган гуруҳнинг 15 нафардан ортиқ фаол аъзолари қўлга олинган. Ҳозирча ҳибсга олинганларнинг кимлиги ошкор қилинмаяпти.

Эртага, 28 ноябрь куни Қирғизистонда парламент депутатлигига сайловлар бўлиб ўтади. Янгиланган қонунга кўра, сайланажак 90 депутатдан 54 нафари партиялар рўйхати орқали, 36 нафари эса бир мандатли округлардан келиши керак. Кўплаган шикоятлар рўйхатга олинаётганига қарамай, сайлов жараёни бир қарашда тинч ўтмоқда. Лекин аҳоли орасида энергетика инқирози ва нархларнинг ошиши бўйича норозилик ортиб боряпти.

Оқбура, Бишкек.

Расм интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг