Фақат инсоф қилинг! Қозоғистондан Қирғизистонга арзон кўмир келади

Қўшниларнинг ёрдами Қирғизистонда юзага келган ўтин-кўмир инқирози билан боғлиқ муаммоларни  юмшатармикин?

 

Қирғизистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг матбуот хизмати берган хабарга кўра, яқин кунларда Қозоғистондан 247 та кўмир юкланган вагонлар келади. Қўшниларнинг талаби билан Қирғизистон кўмирнинг бир тоннасини 4600 сўмдан ($54 атрофида) ошмайдиган нархда сотиш мажбуриятини олди. Лекин Қозоғистон томон кўмирни неча пулдан бериши ошкор қилинмаган.

Икки давлат ўртасида имзоланган шартномага бундай талабнинг киритилишига сабаб шуки, охирги пайтда Қирғизистонда кўмир асоссиз равишда ҳаддан ошиқча қимматлаб кетган. Натижада шу йилнинг 12 октябрда республика Вазирлар Маҳкамаси кўмир нархини 90 кунга давлат томонидан тартибга солишни жорий қилди. Лекин ёқилғи нархи тобора ошмоқда. Масалан, кўмирнинг ўртача нархи 18 ноябрь кунга келиб тоннаси 5706 сўмни ташкил этгани қайд этилган.

Икки кун аввал, 16 ноябрда президент Садир Жапаровнинг талаби билан пойтахтда тоннаси 3000 сўмлик кўмир сотиш пунктлари ишлай бошлади. Бироқ, улар катта у ерда узун навбатлар пайдо бўлиб, киши бошига кўпи билан икки тоннадан кўмир сотишга қарор қилинган.

Қозоғистоннинг Шабиркўл конидан олиб келинадиган кўмир Бишкекдаги базаларда ҳамда Чуй вилоятининг Шопоқов, Қайинди, Тўқмоқ ва Қант шаҳарларида сотилади.

Қирғизистондаги Тўқтағул сув омборида сув ҳажмининг кескин камайиб кетиши оқибатида расмийлар электр энергиясини фойдаланишда чекловлар киритишга мажбур бўлишмоқда. Жумладан, электр билан иситиладиган ўчоқлар электр манбасидан узилмоқда, йирик корхоналарда ҳам чекловлар киритилиб, аҳолига кўпроқ газ ва қаттиқ ўтиндан фойдаланиш тавсия қилинмоқда.

Миллий статистика қўмитасининг маълум қилишича, кўмир ўтган йилга нисбатан қарийб 20 фоизга қимматлашган. Яқинда ўзларидаги тақчиллик туфайли қўшни Қозоғистон ва Ўзбекистон Қирғизистонга электр қувватини етказиб беришни тўхтатишган.

Бир вақтнинг ўзида ёқилғи тақчиллиги ҳам юзага келиб, бензиннинг нархи рекорд кўрсаткичларга келди ва бир литри 60 сўмга яқинлаб қолди. Яқинда Россия мамлакатга пошлинасиз ёқилғи беришда давом этишини маълум қилди. Қирғизистон 95 фоиз ёқилғини Россиядан олади.

Оқбура, Бишкек.

Сурат интернетдан олинди

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг