Ўзбекистон ва Қирғизистон диний уламолари Тошкентда дийдорлашдилар
Ташриф давомида қирғизистонлик уламолар Ўзбекистоннинг муқаддас жойларини зиёрат қилдилар.
Икки томонлама учрашувлар доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ва Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Замир ҳожи Ракиевлар алоҳида учрашдилар. Томонлар бу ташрифнинг тарихий аҳамиятга эга эканини, ҳар икки давлат мусулмонларига рағбат ва барака беришини айтиб, Яратганга ҳамдлар айтдилар.
Расмий қабул маросимида Қирғизистон Республикаси Дин ишлари бўйича давлат комиссияси раиси Тойғанбай Абдиқаров ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоевлар ҳам иштирок этдилар.
Учрашув чоғида ҳар икки давлатнинг диний идоралари раҳбарлари бир-бирларини лавозимлари билан қутлаб, ишларига муваффақият ва барака тиладилар. Эслатиб ўтамиз, Замир ҳожи Ракиев шу йилнинг июнь ойида Қирғизистон муфтийси этиб сайланган бўлса, Ўзбекистон муфтийси Нуриддин домла Ҳолиқназаров шу йилнинг октябрь ойида бу лавозимга сайланган.
Учрашув чоғида сўнгги йилларда икки давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари билан ўзаро алоқалар кенгайиб бораётгани, жумладан, диний-маърифий соҳадаги ҳамкорлик муносабатлари ҳам янги босқичга кўтарилгани, икки мамлакат уламолари турли анжуманларда, маърифий тадбирларда бирга иштирок этаётганлари ва бошқалар алоҳида қайд этди.
Қирғизистонлик меҳмонлар сафар чоғида диний-тарихий қадамжоларни зиёрат қилишди, сўнгги йилларда қурилган масжидларга бориб ибодат қилдилар. Улар Ўзбекистондаги тарихий шаҳарларни зиёрат қилиш катта бахт экани, ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш ҳар икки томон учун ҳам манфаатли бўлиши, айниқса малакали диний соҳа ходимлари тайёрлашда Ўзбекистондаги мадрасалар салоҳиятидан фойдаланиш, қадим-қадимдан Ўзбекистон заминидан Ўрта Осиё ва бутун дунёга илму маърифат таралгани, Имом Бухорий, Имом Термизий каби мўътабар зотларнинг файзу баракоти сабабидан бу диёр мана шундай равнақ топаётгани кабиларга алоҳида урғу бердилар.
Ўзбекистон муфтийси Нуриддин домла Холиқназаров икки давлат уламолари минтақада Ислом динини кенг ёйиш, мўмин-мусулмонлар бирдамлигини таъминлаш ва икки қардош халқ орасидаги дўстликни мустаҳкамлаш, диний идоралар ўртасидаги ҳамкорликни равнақ топтиришда жуда ҳам катта ишлар амалга оширилаётганини айтиб ўтди.
Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси Замир ҳожи Ракиев Ўзбекистондаги табаррук қадамжолар зиёратидан беҳад мамнун экани, Ҳазрати Усмон Мусҳафи ушбу юртга файз бағишлаб тургани, бу юрт заминида Имом Бухорий, Имом Термизий каби улуғ инсонлар яна етишиб чиқиши ва икки мамлакат дўстлигини янада мустаҳкамлаш зарурлиги тўғрисидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
Совет Иттифоқи даврида минтақада Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси бўлиб, у Тошкентда жойлашган эди. Бошқарманинг охирги раҳбари марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф бўлган. Совет Иттифоқи тарқаб кетгач, минтақа мусулмонлари идораси ҳам тугатилиб, ҳар бир давлат ўз диний идорасини ташкил қилган.
Қирғизистон Ислом университети ректори, таниқли уламо Абдишукур Нарматов Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг худди аввал бўлгани каби минтақада мусулмонлар ҳамжиҳатлигини ошириш, маҳаллий уламолар маърифат тарқатишда катта салоҳиятга эга эканини айтиб, бугунги таҳликали ва мураккаб даврда халқлар, айниқса, ёшларни тўғри йўлга бошлаш жуда ҳам зарурлиги кабиларга урғу берди.
Хайрлашув чоғида Абдишукур ҳожи Нарматов дуога қўл очиб, икки давлат халқининг дўстлиги бундан буён ҳам мустаҳкамланиб, ҳар икки юртга Аллоҳнинг баракаси ёғилиб туришини сўраб дуо қилди.
Қирғизистон ҳудудидан ҳам бунгача улуғ маърифатпарвар, дин ва давлат арбоби Алихонтўра Соғуний, Қуръони карим маъноларининг замонавий ўзбек тилидаги биринчи таржимаси муаллифи шайх Алоуддин Мансур, Қирғизистоннинг собиқ муфтийси, таниқли уламо Чубақ ҳожи Жалилов ва бошқалар каби уламолар чиққан ва чиқиб келмоқда.
Бугунги кунда ҳар икки давлат ҳудудида ёшлар орасидан иқтидорли олимлар чиқиб, ўзларининг диний маърузалари ва чиқишлари билан минглаб, миллионлаб мусулмонларга маърифат тарқатишда баҳоли қудрат хизмат қилиб келмоқдалар.
Икки давлат диний уламолари алоқалари тобора юксалиб, бу ҳамкорлик руҳи ва амалий ишлари бутун минтақага тарқалган кунларда шубҳасиз, бу улкан ҳудудга ва унинг атрофидаги давлатларга ҳам Аллоҳнинг баракаси ёғилиб, тинчлик-ҳотиржамлик, иқтисодий, сиёсий барқарорлик ўрнаб, минтақа аҳолиси юксак мақомларга эришса ажаб эмас.
Ташриф чоғида томонлар бир-бирларига эсдалик совғаларини тақдим этиб, икки миллатнинг ўхшаш одатларига биноан бир-бирларига чопон ва бош кийимларини кийдирдилар.
Оқбура, Бишкек.
Суратлар интернетдан олинди