Охирати обод бўлсин. Бахтиёр Ихтиёров оламдан ўтди

Миллионлаб мухлислар ардоғидаги иқтидорли актёр шу йилнинг мартида 81 ёшга тўлган эди.

Бу ҳақда бугун, 21 ноябрь куни Ўзбекистон маданият вазирлиги маълум қилди.

“Севимли санъаткоримиз, Ўзбек киносининг чинакам афсонаси, бетакрор роллари орқали халқимиз қалбидан чуқур жой эгаллаган актёр, Ўзбекистон халқ артисти, «Меҳнат шуҳрати», «Эл-юрт ҳурмати» орденлари ҳамда “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳиби Бахтиёр Ихтиёров 81 ёшида бу ёруғ оламни тарк этди”, дейилади вазирлик тарқатган таъзияномада.

Машҳур театр саҳнаси устаси Бахтиёр Ихтиёров кино санъатига «Ёр-ёр» фильми орқали кириб келди ва шу роли орқали телетомошабинлар орасида шуҳрат қозонди.

Ўзининг сермаҳсул ижоди давомида у «Ажойиб ҳаёлпараст», «Ўтган кунлар», «Нодирабегим»,  «Еттинчи жин», «Абу Райҳон Беруний», «Еттинчи ўқ», «Шум бола» каби жуда кўплаб фильмларда ажойиб ролларни ижро этди. Шу билан бир қаторда ўзбек театр санъати ривожига ҳам муносиб ҳисса қўшди.

Истеъдодли санъаткор 1956 йилдан то 2009 йилга қадар Бухоро  мусиқали  театри, Тошкентдаги Муқимий номидаги мусиқали театри, “Ёш гвардия” театри  ҳамда Сатира театри саҳналарида юздан ортиқ образларни гавдалантирди, режиссёр сифатида халққа манзур спектакллар саҳналаштирди ва кўплаб шогирдлар етиштирди.

Оқбура, Бишкек

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг