Учинчиси. Россияда қўлга олинган яна бир Тожикистон фуқароси озод қилинди
Чегарадаги низода иштирок этишда айбланган Комилжон Жўраев Қирғизистон сўрови билан ҳибсга олинган эди.
Тожикистоннинг Қирғизистон чегарасига яқин Исфара шаҳрида яшаб келган Комилжон Йўлдошев Қирғизистон ҳукумати талаби билан 16 ноябрь куни Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан Москванинг “Домодедово” аэропортида қўлга олинган эди. Полиция ходимлари унга Қирғизистон расмийлари томонидан қидирувда экани сабабли ҳибсга олинганини айтишган.
Кеча, 18 ноябрь куни Йўлдошевнинг яқинларидан бири «Озодлик» радиосига унинг қўйиб юборилганини айтди. Комилжоннинг ўзи ҳам телефон орқали буни тасдиқлаган.
Комилжон Йўлдошевнинг яқинларига кўра, Қирғизистон ҳукумати Комилжонни жорий йилнинг апрель ойида Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги қуролли тўқнашувда қатнашганликда айблаган. Лекин Йўлдошевлар бу айбловнинг асоссиз эканини айтишмоқда.
Комилжон Йўлдошев Қирғизистон илтимоси билан Россияда ҳибсга олинган учинчи Тожикистон фуқароси. Бунгача Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари талаби билан Россияда Диловар Жўраев қўлга олинган бўлиб, у 16 ноябрь куни озодликка чиқди. Жўраев ҳам исфаралик, 52 ёшда. Уни Қирғизистонда «безорилик» ва «миллатлараро адоват қўзғатиш»да айбдор деб ҳисоблашади.
Июль ойида Бошқирдистоннинг Кугарчинский тумани прокуратураси яна бир Тожикистон фуқароси, Фурқат Абдуфаттоевни озод қилган эди. У ҳам Қирғизистон сўрови билан ҳибсга олиниб, беш ойдан сўнг озод қилинган.
Бир неча кун аввал, 13 ноябрда Тожикистон Бош прокуратураси Қирғизистон Бош прокуратурасига Тожикистон фуқароларини давлат чегарасида оммавий тартибсизликлар уюштирганликда айблаб, асоссиз жиноий ишлар қўзғаш амалиётини тўхтатишни сўраб, расмий сўров юборгани маълум бўлди.
Бир неча йиллардан буён Тожикистон-Қирғизистон чегарасида вақти-вақти билан икки давлат фуқаролари ўртасида можаролар бўлиб келади. Бунга чегарадош туманларнинг аниқ чеклари аниқланмаганлиги, икки давлат фуқаролари ўртасида ер, сув ва бошқа ресурслар учун кураш сабаб бўлиб келади. Сўнгги йиллардаги энг йирик қуролли тўқнашув жорий йилнинг апрель ойида содир бўлган эди.
Тўқнашув чоғида Тожикистон томон ҳарбий техника қўллаб, Қирғизистон томонни ўққа тутган. Натижада Қирғизистон томондан 154 киши тан жароҳати олиб, 36 киши ҳалок бўлган, улардан икки нафари ёш болалар бўлган. Тожикистон ҳукумати 19 киши ҳалок бўлгани ва 87 киши яраланганини расман эълон қилган.
Бундан ташқари расмий маълумотларга кўра Қирғизистон бу урушда 1 миллиард 300 миллион сўмдан ($15,3 млн. атрофида) кўпроқ зарар кўрган. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қошидаги минтақавий ривожланиш давлат агентлиги директори Эрмек Бахавидиновнинг маълум қилишича, можаро пайтида 140 хусусий турар-жой ёқиб юборилган, 8 ижтимоий объект ва 76 нафар ишбилармон жиддий талофат кўрган.
Душанба ва Бишкек бу қуролли тўқнашувда бир-бирини айблаб, унинг иштирокчиларига нисбатан жиноий ишлар қўзғай бошлашган эди.
Бугунги кунда икки давлат ўртасидаги чегарани демаркация ва делимитация қилиш борасида ҳукуматлараро музокаралар кетмоқда. Ҳар икки томон жараённинг осон кечмаётганини тан олишмоқда.
Оқбура, Бишкек