Суиқасднинг олди олинди. Ўшлик ёш аёл тўққизинчи қаватдан сакрашга уринган

Вақтида етиб келган Фавқулодда ҳодисалар вазирлиги ходимлари уни қутқариб, тез ёрдам хизматига ўтказиб бердилар.

Шу вақтнинг ўзида Ўш шаҳар милицияси тарқатган маълумотда аёлни милиция ходимлари қутқариб қолишгани айтилади. Яъни, шошилинч хабарга жавобан етиб борган милиция ходимларидан бири аёлни чалғитиб турганда бошқа ходимлар уни орқасидан келиб ушлаб қолган. Бу улуғ иш кимга тегишли бўлмасин, муҳими, олти боланинг онаси омон қолди.

Маълум бўлишича, аёл эри билан ажрашиб, бир фарзанди билан отасиникида яшаб турган. Қолган болалар дадаси билан қолган. Бу ҳақда суднинг қарори борлиги айтилади. Таҳмин қилинишича, аёлнинг бундай фожиавий қадамга боришига унинг оилавий муаммолари сабаб бўлган. Буларни суриштириб, тегишли қарор қабул қилиш энди милиция ва давлат ижтимоий хизмати ташкилотлари зиммасида.

Сўнгги пайтларда ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ҳақида кўплаб хабарлар берилмоқда. Бунга, албатта, турмуш оғирликлари сабаб бўлаётгани аниқ. Лекин кўп ҳолларда, айниқса ёшлар орасидаги суиқасдга арзимаган ҳолатлар – гаплашган йигити ташлаб кетгани, ёки ота-онаси фарзанди яхши кўрган айфонни олиб беришмагани кабилар сабаб бўлгани ҳам айтилмоқда.

Бир неча кун аввал Бишкекда 22 ёшли йигит кўп қаватли уйнинг 8 қаватидан ўзини ташлаб ҳалок бўлган. Суиқасд сабаби ҳали аниқлангани йўқ. Уни қутқариш уун борган ходимлар бир неча соат давомида уни бу ишдан қайтаришга уринишган, лекин…

Марҳумнинг яқинлари милиция ва Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги ходимларининг етарли даражада иш олиб бормагани ва боланинг ҳаётини сақлаб қола олишмагани ҳақида айтиб, тегишли жойларга арз қилишган. Йигитнинг ўлими сабаблари бўйича ва ариза асосида текшириш ишлари давом этмоқда.

Тўғри, ходимларга балки психологик билим ва тажриба, ёки яна нимадир етишмагандир. Лекин ўн гулидан бир гули очилмаган йигитнинг бундай руҳий ҳолатга етишига нима ёки ким сабаб бўлган? Нега ота-оналари унинг юриш-туришини кузатиб, у билан суҳбатлашишмаган ва ёш қалбни изтиробга солаётган масалаларни ҳал қилишмаган? Бу ахир биринчи галда уларнинг муаммоси ва ота-оналик фарзлари эмасми?

Бирлашган миллатлар ташкилотининг тегишли бўлимлари берган маълумотга кўра, дунёда йилига 46 минг нафар ўсмир ўз жонига қасд қилиб, ҳалок бўлади. 2020 йилда Қирғизистонда 98 ана шундай ҳолат қайд этилган бўлса, 2019 йилда 48 ўсмир ўз ихтиёри билан бу дунёни тарк этган эди.

Мутахассислар Ковид-19 ва карантин билан боғлиқ муаммолар болалар ва ўсмирлар руҳиятига ўта жиддий салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини айтиб, ота-оналарга ниҳоятда хушёр бўлиш лозимлигини эслатишмоқда.

Оқбура, Бишкек

Расм интернетдан олинди.

боғлиқ хабарлар

Изоҳ қолдиринг